Аллоҳнинг валийларини дўст тутиш
14.7.2015 4620

 

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللهَ قَالَ: مَنْ عَادَى لِي وَلِيًا فَقَدْ آذَنْتُهُ بِالْحَرْبِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло айтади: Кимки Менинг бир дўстимга душманлик қилса, Мен унга уруш эълон қиламан” (Имом Бухорий ривояти).

 

Бу  ҳадис Аллоҳнинг дўстларига душманлик қилувчи кимсалар ҳақидадир. Аллоҳнинг дўсти ким? Ҳар бир мўмин - мусулмон одам Аллоҳнинг дўстидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг Расули ва иймон келтирганлар, яъни намозни қоим қиладиган, закотни адо этадиган ва руку қиладиган инсонлардир” (Моида,55), дея хабар беради.

 

Демак, ҳар бир тақволи мўмин Аллоҳнинг дўстидир (Саъдий тафсири).

 

Шундай экан, мўмин кишига душманлик қиладиган кимсалар, шубҳасиз кофир ё муноқфиқлар бўлади. Бу ҳаммага тушунарли бўлган ҳақиқат ва кўзга кўриниб турган воқеликдир. Кимки “Раббим Аллоҳ”, деган ва Унга холис ибодат қилаётган одамга зулм ва душмандик қилаётган экан, унга қарши Аллоҳ томонидан аниқ уруш эълон қилиб қўйилган. Мусулмонларнинг душманларига Аллоҳ уруш эълон қилган экан, бу урушда ким ғолиб чиқади, деган савол ёки шубҳа бўлиши асло мумкин эмас. Ишлар фақат Аллоҳ томонидан белгиланган фурсат келганида ниҳоясига етади. Бу ҳал бўлган масаладир.

 

Аммо, мусулмонлар учун бундан ҳам муҳим нарса шуки, улар ўзларига - ўзлари, яъни бир - бирларига душманлик қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлишлари, аксинча, бир - бирларини асрашлари лозим. Баъзи кишилар билиб - билмай, ўзларининг биродарларига – Аллоҳнинг дўстларига адоват қиладилар. Аслида мусулмоннинг бошқа бир диндошига хоҳ зоҳиран, хоҳ ичдан адоват сақлаб юриши ҳаром иш. Бу заиф имонли, ақли калта, илмсиз ёки тушунчаси тор одамнинг хулқидир. Чунки бу ишдан мусулмонларга зиён, уларнинг душманларига эса катта фойда етади. Мусулмон киши нодон бўлмаслиги, дўстман деб туриб, душманнинг ишини қилмаслиги керак. “Нодон дўстдан доно душман афзал”, деган мақол бежиз айтилмаган. Доно душман ҳар томонни ўйлаб, узоқни кўзлаб иш кўради. Нодон дўст эса фақат оёғининг тагидан нарини кўрмайди. Унинг динидан кўра нафсонияти кучли. Инсон ақлли бўлса, ҳатто душманига ҳам инсоф билан муомала қилади. Унга зулм қилмайди, чунки у бир кун келиб, дўст бўлиб қолиши ҳам мумкин. Зеро, қалб Аллоҳнинг измидадир.

 

Дўстман, еб душманнинг ишини қилиш, дейилганида нима тушунилади? Бу ўринда бир - биридан ўтган хатоларни кечирмаслик, кек сақлаш, алоқаларни узиш, “рақиби”нинг камчилигини қидириш, унинг фазилатларини беркитиш, қилаётган ишларини камситиш, у ҳақида ёмон гаплар тарқалишини ичидан яхши кўриш, ғийбатидан тилни тиймаслик ва ҳоказоларни санаш мумкин. Шунингдек, миллатчилик, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик ҳам дўстлик ҳисобланмайди. Булар ҳам айни душманларнинг ишидир. “Булар фалончининг одами”, деб мусулмонларни тоифалар ажратиш ёки “фалончи фалон тоифадан”, деб гап тарқатиш ҳам ҳеч қачон дўстлик нуқтаи назаридан айтилмайди. Бу ибораларнинг ҳаммаси дўстларнинг тилида янграйдиган душман ибораларидир. Аҳли сунна вал жамоа йўлида амал қилаётган ҳаммани биз ўзимизга дўст, деб билишимиз керак. Уларнинг назаримиздаги камчилик ва хатолари тўғри бўлиб чиқиши ёки кечирилиши ҳам мумкин. Чунки, бу умматнинг хатосини Аллоҳ кечириб қўйган.

 

Ҳадисдан олинадиган хулосалар:


1. Мусулмонлар, айниқса, талабалар ҳамма аҳли сунна мусулмонларини Аллоҳнинг дўстлари, ўзларининг биродарлари, деб билишлари керак. Аллоҳнинг “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинглар”, деган оятига амал қилиш ҳаммамиз учун шарт.


2. Ўртада ҳар қанча ихтилофлар бўлса ҳам, Аллоҳнинг дўстлари бир - бирларига душманлар сингари муомала қилишлари ҳаромдир. Бундай ишни қилганлар бир - бирлари билан ярашиб олишлари, биродарларидан кечирим сўрашлари лозим. Кимки Аллоҳ уруш эълон қилган одамлар сафида бўлса, унинг иши асло ривожланмайди.

 

Одилхон қори Юнусхон ҳожи ўғли
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бош имоми 

Шайх Зайниддин жомеъ масжиди имом - хатиби
                                                 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217022
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24596