Қуръон ва Суннат тавсия қилган ичимлик
15.7.2018 4218

Дарҳақиқат, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам ибрат бордир; сизларни уларнинг қоринларидаги нажосат ва қон ораларидан чиқувчи, (лекин) ичувчилар учун иштаҳали тоза сутдан ичирурмиз  (Наҳл сураси, 66)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: Бир кун мен ва Холид ибн Валид иккимиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан Уммул муъминин Маймуна розияллоҳу анҳо хоналарига кирдик. (Бу волидамиз бу ул икки зотнинг холалари бўладилар). Онамиз бир идишда сут олиб келдилар. Саййиди олам саллоллоҳу алайҳи васаллам ундан ичдилар. Мен ўнг тарафларида эдим. Холид чап тарафларида эди. У зот дедилар: Эй, Абдуллоҳ, ҳозир ичмоқ сенинг ҳақингдир, чунки ўнгда ўтирибсан, лекин Холидга ўз ҳақингни кечиб берсанг, ихтиёринг бор. Мен айтдим: Ё Расулаллоҳ, ўзларидан насиб бўлган сарқит давлатини ҳеч кимга бермасман. Кейин у зот дедилар: Ҳар кимга Аллоҳ Таоло бир қисм таом насиб қилса, кейин ҳамд айтсин: «Ё Аллоҳ, бу берган ризқингни бизлар учун муборак қилгин ва бундан ҳам яхшироғини ато қилгин» ва ҳар кимга Аллоҳ Таоло сут неъматини насиб қилса, десин: «Ё Аллоҳ, бу сут неъматини бизлар учун муборак қилгин ва бу неъматдан бизларга кўпроқ бергил». Кейин Жаноб дедилар: «Дунёда ҳеч бир неъмат ҳам таом, ҳам шароб бўла олмайди. Магар сут шундай неъматки, инсон учун ҳам таомдир, ҳам шаробдир”.

Мазкур оятда сигир, қўй, эчки, туя каби чорва ҳайвонлар ҳақида сўз юритилмоқда. Аллоҳ яратган ҳар бир зарра ўз хислати ва мўъжизавий хусусиятига эгалиги шубҳасиз. Ҳайвонлардан соғиб олиб иштаҳа билан севиб истеъмол қилинадиган сут маҳсулоти ҳам айнан мана шундай мўъжиза намунасидир. Аввало, сутнинг юзага келишининг ўзи бир мўъжиза.

Жониворлар озиқлангандан сўнг барча организм учун фойдали моддалар ошқозонга келиб тушади. У ерда кислотали муҳит билан қайта ишланиб секин-аста ошқозон ва ичак деворлари орқали қонга сўрила бошлайди. Шу тариқа, барча зарур моддалар керакли аъзоларга етказилади.

Шу жумладан сут безлари ҳам қон орқали етказиб берилган озиқ моддалари билан тўйинади. Шунинг учун қон организмни зарурий моддалар билан таъминлашда асосий роль ўйнайди. Ушбу жараёнлар натижасида сут безлари сут ишлаб чиқаради. Қон орқали етказиб берилган фойдали витаминлар билан тўйиниш натижасида юзага келган сут айнан шу сабабли ҳам ўта фойдали саналади.

Инсон ҳайвонларнинг гўштлари, қонлари ва ошқозони ичидаги қолдиқларни хомлигича ейиш мутлақо ақлга сиғмайди. Бу энг аввало, ўта хавфли ва зарарли, шунингдек, бу маҳсулотларнинг кўринишини ўзиёқ жирканч бўлгани сабаб ейишга таъб тортмаслиги аниқ. Лекин, марҳаматли ва буюк Зот ўз ҳикмати ила инсонлар учун қон, ахлат ва нажосатлар орасидан оппоқ, ўта хуштаъм ва фойдали маҳсулотни чиқариб қўйган. Англаганимиздек, сутнинг мана шундай жараёнлардан ўтиб жониворнинг ичида ҳосил бўлишининг ўзи мўъжиза, бу мўъжизанинг Қуръони каримда 14 аср аввал ҳеч қандай текширув ва илмий изланишларга имконият ва шароит бўлмаган пайтдаёқ, аниқ баён қилингани эса Илоҳий ҳикматдир. Наҳл сурасида баён қилинган сутнинг пайдо бўлиш ўрни ва жараёни ҳозирги кунда фан тасдиқлаган жараёнлар билан айнан тўғри келиши Яратганнинг мўъжизасидир.

Сут бу бизнинг кундалик ҳаётимизда севиб истеъмол қиладиган маҳсулотимиз. У барчанинг таомланиш рационида мавжуд десак хато бўлмайди. Кимдир сутнинг ўзини, яна кимдир сутдан тайёрланган маҳсулотларни севади. Келинг, сутнинг фойдали хусусиятлари ҳақида сўз юритайлик.

Сут таркибида бир қатор фойдали витаминлар, шунингдек, жуда кўп минерал моддалар мавжуд. Агар инсон бир кунда 2 стакан (0.5л) янги соғилган сут истеъмол қилса, у киши организмига бир суткада керакли бўлган барча моддалар билан бир қаторда, жигар, юрак ва буйрак фаолиятини яхшилаш учун зарур бўлган лактоза моддасининг кунлик дозасини қабул қилган бўлади. Шунингдек, сут таркибида боланинг ўсиши ва ривожланиши, ҳамда кўз қувватини ошириш учун фойдали А витамини, сут таркибидаги шакар моддасининг тез хазм бўлишини ва лактозанинг сўрилишини таъминловчи В1 витамини мавжуд. Шунингдек, сут таркибида жуда катта миқдорда D витамини бўлиб, бу инсон суякларининг асоси бўлган кальцийдир. Унинг етишмаслиги ёш болаларда рахит, ўсишни секинлашиши каби касалликларни келтириб чиқарса, ёши катталарда суяк мўртлигига сабаб бўлади. Кўпчилигимиз асосан, сигир сутини истеъмол қилишга одатланганмиз. Лекин, баъзи гўдакларда сигир сути аллергик реакцияга сабаб бўлиши мумкин. Аллоҳнинг марҳамати ила ушбу ҳолатга ҳам ечим кўрсатилган. Эчки сути сигир сутининг энг яхши ўринбосари. Унинг фойдали жиҳатлари нафақат сигир сути, балки, она сути хусусиятларига ҳам тенгдир. Аллергия асосан сигир сутидаги лактоза сабаб юзага келади, эчки сутида эса лактоза моддаси жуда кам миқдорда учрайди. Эчки кўплаб касалликларга чидамлилиги сабаб, унинг сути ҳам инсон иммун тизимини мустаҳкамлашда катта ёрдам беради. Шунингдек, эчки сути қайнатганда ҳам ўзининг фойдали хусусиятларини йўқотмаслиги билан бирга хомлигича истеъмол қилиш мумкинлиги билан қулай. Сутнинг энг яхши ҳолати соғилган вақтида бўлади. Вақт ўтгани сайин унинг фойдали хусусиятлари камайиб бораверади. Сут соғилган вақтда совуқлиги камроқ ва намлиги кўпроқ бўлади. Кислоталик даражаси эса бунинг аксидир. Сутнинг энг фойдалиси ранги оппоқ бўлгандагиси, ҳиди ёқимлиси, тами лаззатлиси, озгина ширин ва ўртача ёғли бўлгани, суюқлик ва қуюқлик ҳолати мўътадили, ўтлари ва сувлари яхши жойда боқилиб, ўртача семизликдаги, соғлом, ёш ҳайвондан соғилганидир. Шундай сифатга эга сут тўйимли бўлиши билан бир қаторда, инсон организмида қон ишлаб чиқарилишини яхшилашга, қуруқ баданни юмшатишга, ҳар хил васваса, ғам-ташвиш ва савдоий – балғамга оид касалликларни табиий йўл билан даволашга сезиларли даражада ижобий таъсир қилади. Асал билан ичилса, ички яраларни чиринди-чўкиндилардан тозалайди. Шакар билан тановул қилиш рангни тиниқлаштиради.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Сут ичинг, у юракдаги иссиқликни худди бармоқ пешонадаги терни сидириб ташлагани каби чиқариб ташлайди. У суякни мустаҳкамлайди, кўз нурини равшан қилади ва хотирани яхшилайди. Ҳеч қайси таом ёки ичимлик сут каби эҳтиёжни қондирмайди”.

Қуръони Каримда эса сут жаннат ичимликларидан бири экани баён қилинган: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари бор...” (Муҳаммад сураси, 15)

Сут инсон соғлиғининг ҳар бир жабҳасида ўз ўрнига эга. Унинг ёшартирувчи хусусиятини сезган мисрлик маликалар косметик восита сифатида фойдаланганлар. Ҳозирги кунимизда ҳам сут ва сут маҳсулотларидандан турли ниқоб ва кремлар сифатида фойдаланиш аёлларимиз учун одатий ҳол. Шундай экан, жаннат ичимлиги бўлган, одамзод учун шифо қилиб яратилган сутни ичинг ва соғлом бўлинг!

 

 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217700
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24655