Телефон одоблари
14.8.2015 5075

     Илм-фан ва техника тараққиёти туфайли эришилаётган қулайликлар билан бирга, муаммолар ҳам пайдо бўлмоқда. Уларни ҳал этиш янги ихтиро этилган ускуналардан фойдаланиш одобларига риоя этишимизга боғлиқ. Бу мақола беминнат хизматчимиз бўлиб қолган уяли телефондан фойдаланиш одоблари ҳақидадир:

 

1. Уяли телефонда сабабсиз кўп гаплашмаслик керак. Бу соғлиққа зарарли бўлиши билан бирга исроф ҳамдир. Шариатимиз исрофнинг барча кўринишларидан қайтаргани маълум.

 

2. Масжидга кирганда телефоннинг ўзини ёки овозини ўчириш. Шунда намоздаги хушуъга халақит қилмайди ва намозхонлар хаёли чалғимайди.

 

3. Илм мажлислари ва мўътабар инсонлар ҳузурида телефонни умуман ишлатмаслик. Бундай қилиш мажлис ҳайбатини сақлашга, таълим фойдасининг мукаммал бўлишига ва обрўли инсонлар ҳурматини жойига қўйишга хизмат этади. Агар сўзлашувга қаттиқ зарурат бўлса, узр сўраб ташқари чиқиб сўзлашиш керак.

 

4. Сўзлашувни суҳбатдошга билдирмай ёзмаслик ёки бошқалар олдида телефон овоз кучайтиргичини ёқиб қўймаслик. Бундай қилиш оқил кишига хос иш эмас, айниқса, суҳбат хос ва махфий бўлса. Чунки бу ҳам омонатга хиёнат ёки чақимчиликнинг бир кўринишидир.

 

5. Телефонни умумий жойларга ташлаб қўймаслик. Бундай қилинса телефонидан кимдир қинғир йўлда фойдаланиши ёки биров кўриши мумкин бўлмаган хатлар ўқилиши, айниқса бузуқ суратлар тарқаб кетиши мумкин. Натижада бугун ўткир муаммо бўлиб турган нохуш ҳолатлар юзага келади.

 

6. Телефонда тасвирга олишда эҳтиёт бўлиш. Оммавий тадбирларда, тўй-зиёфатларда кераксиз ҳолатларни тасвирга тушириш обрў тўкилишига, оилалар бузилишига ҳамда бошқа кўпгина хунук ҳолатлар ва фитналарга сабаб бўлади.

 

7.Бошқалар телефонини текширмаслик, мактубларини ўқимаслик, суратларига назар солмаслик. Бундай қилинса, бировнинг шахсий ҳаётига аралашиш, айбини очиш бўлади, хиёнат ва ёмон гумон каби оғир гуноҳларга йўл очади. Аслида-ку, телефон эгаси ўзини хунук аҳволга соладиган маълумот, хат ва суратларни телефонидан ўчириб ташлаши лозим. Чунки телефони йўқолиб қолса, унутиб қолдирса ёки бировнинг қўлига тушса, ўзи қийин вазиятда тушиб қолади.

 

8. Одамлар орасида телефоннинг мусиқа ва қўнғироқларини ёқиб-ўчириб ўйнайвермаслик. Бу иш одобдан эмас.

 

9. Телефондан турли фитналар, туҳмат-қабиҳликларда фойдаланмаслик. Чунки телефон кўп қулайлик келтириши билан бирга ёмон ниятли кишиларга бировларни лақиллатиш, обрўсини тўкиш йўлларини ҳам осонлаштириб қўйди.

 

10. Рақамни аниқ терганига ишонч ҳосил қилиш. Акс ҳолда бегона кишига хат жўнатиб, қийин аҳволга тушиб қолиш, танимаган одамга озор бериб қўйиш мумкин. Бировга озор бериш динимизда қораланган.

 

11. Сўзлашув ва ёзишувлар ўзига яқин, маҳрам кишилар билан бўлиши, номаҳрамлар билан фақат зарурат юзасидангина гаплашиш керак. Бундай қоидага амал қилмаган одам шубҳа-гумонларга, жанжаллар, ҳатто фожиаларга сабабчи бўлиши, гуноҳга қолиши мумкин.

 

    “Яхши хулқларни камолга етказиш учун юборилдим”, деганлар севимли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). У зотга муносиб уммат бўлиш истагидаги ҳар бир инсонга юқорида саналган одобларга амал қилиши, ҳар бир ҳаракат ва амалида Ислом таълимотларига мувофиқ иш тутиши лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминларнинг имони комиллари хулқи чиройли бўлганларидир”, деганларини унутмайлик.

 


Шерали Аҳмад
“Ҳидоят” журналининг 2010 йил, 2-сонидан олинди.

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218656
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98122
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47146
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45570
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24739