Саломлашиш одоби
1.9.2015 10028

   Маълумки, муқаддас динимиз Ислом таълимотлари инсониятни гўзал хулқу одоблар билан зийнатлаб, эзгу фазилатлар касб эттирувчи илоҳий йўл-йўриқ ва кўрсатмалардан ташкил топган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бир ҳадисларида шунга ишора қилиб, “аслида, Мен олийжаноб хулқларни камолига етказиш учун юборилгандирман”, дея марҳамат қилган эдилар (Имом Аҳмад: муснад; Ҳоким; Байҳақий; Бухорий: ал-адаб ал-муфрад; Ибн Абу-д-дунё ривоятлари). Ушбу ҳадиси шарифда У зот Ўзларининг пайғамбар сифатида юборилишларидан кўзланган мақсадлардан бири олижаноб хулқ ва фазилатларни камол топтириш эканлигидан хабар берганлар. Мазкур олийжаноб хулқлардан бири ҳам исломий саломлашувдир. Албатта, ҳар бир халқ ва маданиятнинг ўз саломлашиш услуби бор. Исломдан аввал ҳам одамлар бир-бирлари билан турли хил кўринишларда саломлашганлар. Аммо, Ислом саломи ўзига хос. Негаки, уни одамлар эмас балки, Аллоҳ таолонинг Ўзи сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали жорий қилган. Бинобарин, мазкур салом билан саломлашган кишилар қўшимча ажр-савобларни ҳам қўлга киритадилар. Чунки, улар нафақат саломлашаётган, балки, диндаги бир буйруқни амалга ошириб, бир суннатни тирилтираётган бўладилар. Бу жиҳатдан саломлашувнинг ўзи бир ибодат, десак янглишмаган бўламиз.
      Саломлашишнинг бу тури мусулмонларни бошқалардан ажратиб турувчи асосий белгиларидан бири бўлиб, жамият вакиллари ўртасида иноқлик пайдо бўлишига хизмат қилади. Кишилар ўртасида меҳр-муҳаббат туйғуларини вужудга келтиради. Бу эса ўз навбатида жаннатга кириш омилларидан эканлиги ҳадиси шарифлардан маълумдир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “токи, мўмин бўлмагунингизгача жаннатга кирмайсиз. Токи, бир-бирингизни яхши кўрмас экансиз, (комил) мўмин бўлолмайсиз. Бир-бирингизга нисбатан (қалбларингизда) муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўладиган ишни айтайми?!.. Орангизда саломни ёйинг!”, дея саломлашишни одамлар орасида кенг кўламда жорий қилиш жаннатга кириш сабабларидан бири эканлигини баён қилиб берганлар (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари). Эътибор берилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатга кириш шарти (комил) мўминлик эканлиги, (комил) мўмин бўлиш учун эса ўзаро муҳаббат шартлиги, ўзаро муҳаббат пайдо бўлиши учун эса халқ ичра салом кенг кўламда ёйилиши лозимлигини айтар эканлар, салом билан жаннатга дохил бўлиш ўртасидаги амал ва босқичларни гўёки бир силсиланинг ҳалқалари каби бир-бирига ғоят гўзал ва мантиқий равишда боғлаб берганлар. Шундан ҳам билиш мумкинки, динда саломлашувнинг ўрни беқиёс.
    “Саломни ёйиш” деганда ўзидан ёши каттароқ одамни кўрганда маъносига парво қилмаган ҳолда тил учида “ассалому алайкум!” деб қўйиш тушунилмайди. Аввало, саломнинг шунчаки хушмуомалалик ва этикет тарзидан иборат эмаслигини унутмаслик лозим. Салом бу биринчи навбатда дуодир. Аллоҳдан қаршисидаги инсонга тинчлик ва саломатлик, раҳмат ва баракотлар берилишини сўрашдир. Бир-бирлари билан саломлашаётган кишилар шу маънони қалбдан ўтказсалар, албатта у ижобат бўлиб, кўплаб яхшиликларга сабаб бўлади.
    Саломни ёйиш деганда барчанинг бир-бирига салом беришга ҳарис бўлиши, табассум ва очиқ чеҳра билан тиллардан ёғилувчи “ассалому алайкум!” деган мўъжизавор хитоб мудом айланишда бўлиб, мазкур тилак баробарида қалблар ҳам бир-бирига нисбатан адоват ва нафратдан мусаффо ва саломат ҳолга келишини тушунамиз. Ана шунда жамият ҳаётида том маънода тинчлик ҳукмрон бўлади. “Салом”дан кўзланган мақсад ҳам рўёбга чиқади. Ахир, қандай қилиб, бир-бирига Аллоҳдан тинчлик ва саломатлик сўраб турган кишилар ўртасида адоват ва нафрат бўлиши мумкин?! Қандай қилиб, қаршисидаги кимсага қалби билан эзгуликни соғиниб турган инсон унга зарар келтиришни хаёлига келтириши мумкин?!
    Салом мусулмонлик амалларининг энг афзалларидандир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Исломнинг қайси амали энг яхши (амал ҳисобланади)?”, деб сўради. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: “(Исломнинг энг яхши амаллари бу – очга) таом беришинг ва танигану танимаган кишингга салом беришингдир” (муттафақун алайҳ). Шу боис ҳам мусулмон киши мазкур гўзал одатни канда қилмаслиги, қаерда бўлмасин таниган-танимаган кишига саломни қизғанмаслиги мақсадга мувофиқ иш бўлади. Зеро, ҳадиси шарифларда “энг бахил киши саломга бахиллик қиладиган кишидир”, дейилган.
    Саломлашувдаги ҳар бир жумла учун ўнта савоб берилади. Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Ассалому алайкум!”, деди. Набий алайҳиссалом алик олдилар ва у (салом берган киши) ўтирди. Набий алайҳиссалом: “ўнта” дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ!”, деди. Ул зот унинг саломига алик олгач, у ўтирди. Набий алайҳиссалом: “йигирмата” дедилар. Сўнгра яна бир киши келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!”, деди. Ул зот алик олдилар ва салом берган киши ўтирди. Шунда Набий алайҳиссалом: “ўттизта” дедилар (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
    Бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом Саъд ибн Убода разияллоҳу анҳуни зиёрат қилиш учун уйига бордилар. Ва уйининг эшиги олдида тўхтаб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ!”, дедилар. Саъд ичкарида эди. У фақат ўзига эшитиладиган қилиб, паст овозда алик олди. Набий алайҳиссалом буни эшитмадилар ва бироздан сўнг яна: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ!”, дедилар. Саъд яна паст овоз билан алик олди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам учинчи марта салом бердилар. Саъд бу сафар ҳам паст товушда жавоб қайтарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларига қайтиб кета бошладилар. Шу пайт У зотнинг ортларидан Саъд шошганча югуриб келар экан: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен саломингизни эшитаётган эдим. Лекин, бизга кўпроқ салом беришингиз учун атайин паст овоз билан алик олаётгандим”, деди. (Имом Аҳмад ривояти).
    Салом бериш суннат (мустаҳаб), алик олиш эса фарздир. Баъзилар салом беришни суннати муаккада ҳам дейдилар. Агар ўзига салом берилаётган шахс бир киши бўлса, алик олиш фарзи айн, бордию кўпчилик бўлса алик олиш фарзи кифоя бўлади. Яъни, муайян бир кишига салом берилганда ўзига салом берилган одам алик олмаса гуноҳкор бўлади. Агар бир жамоага салом берилса, у ердаги ҳар бир одам алик олиши шарт эмас. Баъзилари жавоб берса, бошқалардан соқит бўлади. Бордию ҳеч ким алик олмаса ҳаммалари баб-баробар гуноҳкор бўладилар. Агар ўша жамоадаги ҳамма саломга жавоб қайтарса, нур устига аъло нур бўлади.
     Саломлашувнинг энг қисқа кўриниши “Ассалому алайкум!” деган сўздан иборат. Энг мукаммали эса: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!” шаклида айтилиб, “сиз (лар)нинг устингизга тинчлик-саломатлик, Аллоҳнинг марҳамати ва баракотлари ёғилсин!”, деган мазмундаги эзгу тилакни англатади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади (маъноси): “Қачонки, сизларга салом берилса, бас, ундан гўзалроқ салом билан жавоб беринг ёки унинг ўзини қайтаринг!” (Нисо сураси, 86-оят). Ушбу ояти карима алик олаётганда берилган саломнинг энг камида ўзини қайтариш лозимлигига далолат қилиш билан бирга зиёдаси билан алик олиш мустаҳаб ва афзал эканлигини ҳам билдиради. Юқоридаги ояти каримани шарҳлаб, Ибн Касир айтади: “яъни: “агар сизларга мусулмон киши салом берса, берган саломидан афзалроқ салом билан алик олинг. Ёки берган саломини ўзидек қилиб қайтаринг. Бинобарин, зиёдаси билан алик олиш мустаҳаб, ўзидек қайтариш эса фарздир!” (Ибн Касир тафсири). Шунга кўра, биров сизга “Ассалому алайкум!” (Сизга тинчлик бўлсин!), деса, камида “ва алайкум ассалом!” (Сизга ҳам тинчлик бўлсин!), деб алик олиш керак. Аммо, “ва алайкум ас-салом ва раҳматуллоҳ!” (Сизга ҳам тинчлик ва Аллоҳнинг раҳмати ҳам бўлсин!), дея зиёдаси билан алик олсангиз яна ҳам яхши бўлади. Қўшимча савоб қозонасиз. Агар “ас-салому алайкум ва раҳматуллоҳ!” деб салом берилса, камида “ва алайкум ас-салом ва раҳматуллоҳ!” деб жавоб қайтарилади ёки “ва алайкум ас-салом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!” дея “ва баракотуҳу” сўзи зиёда қилинади. Бордию, “ас-салому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!” (сизга тинчлик ва Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари бўлсин!), дея салом беришса, у ҳолда ҳеч нарса зиёда қилмасдан “ва алайкум ас-салом ва раҳматуллоҳи ва баракотоҳу!” (сизга ҳам тинчлик ва Аллоҳнинг раҳмат ва баракотлари бўлсин!), деб алик олинади.
     Салом бу – мусулмоннинг мусулмон биродари устидаги ҳақларидандир. Набий алайҳиссалом марҳамат қилиб дедилар: “мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақлари бештадир: саломга алик олиш, касал кўриш, жанозаларда қатнашиш, меҳмонга чақирса бориш ва аксирган кишига алҳамлу лиллаҳ деса, ярҳамукаллоҳ дея дуо қилиб қўйиш” (муттафақун алайҳ).
      Салом бериш суннат, алик олиш фарз дедик. Шунга биноан, қай йўсинда салом берилишидан қатъий назар алик олиш лозим бўлади. Агар хат-хабарда салом берилган бўлса, иложи бўлса ёзма равишда алик олинади, иложи бўлмаса, оғзаки равишда ғойибона алик олинади. Биров орқали салом етказилган бўлса ҳам унга алик олиш вожиб. Шунингдек, саломни етказиб қўйиш ҳам машруъ амалдир. Оиша онамиздан (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин!) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига “Жаброил сенга салом айтяпти”, дедилар. Шунда Волидамиз “ва алайҳис-салом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!” яъни: “Унга ҳам Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракотлари бўлсин!”, деб алик олдилар (бу ҳадис яқин иборалар ва ўхшаш лафзлар билан Бухорий “ал-Адаб ал-Муфрад”, Термизий, Насоий ва Ибн Абу Шайба томонидан ривоят қилинган).
      Саломни биринчи бўлиб беришда кичик каттага, юрган ўтирганга, отлиқ пиёдага, камчилик кўпчиликка салом бериши афзал бўлиб, бу динимиз тарғиб қилган одоблар сирасига киради. Имом Байҳақий "Одоб"да ва бошқа кўплаб муҳаддислар, жумладан, Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва бошқалар ўз “саҳиҳ” ва “сунан”ларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: "Отлиқ пиёдага, ўтиб кетаётган ўтирганга, камчилик кўпчиликка ва кичик каттага салом беради". Набавий ўгитга кўра отлиқ (ҳозирги замонда ҳарқандай улов, жумладан машина минган ҳам шу маъно остига киради) пиёдага, ўтиб кетаётган ўтирган одамга, камчилик кўпчиликка, ёши кичик ёши каттароққа салом бериши саломлашув одобларидан ва афзал йўлларидан экан. Хўш, бунинг ҳикмати нимада?! Нима учун пиёда отлиққа эмас, балки, отлиқ пиёдага салом бериши керак? Нима сабабдан ўтирган юрганга эмас, юрган ўтирганга салом беради? Маърифат сарчашмасидан баҳраманд бўлган раббоний уламоларнинг тушунтиришларига кўра, бу масаладаги асосий ҳикмат жамиятнинг турли қатламлари орасидаги мувозанатни сақлашдир. Отлиқ киши пиёдадан шу туришининг ўзида битта имтиёз билан устун бўлиб турипти. Унда пиёдада йўқ неъмат бор. У ҳам бўлса, Аллоҳ унгаЎзфазлидан бир улов ато этганлиги. Энди, яна бунинг устига ўзига салом берилиш фазли ҳам унга берилса, у ҳолда у кишида бир вақтнинг ўзида қаршисидаги пиёдага нисбатан иккита устунлик жам бўлиб қолади. Натижада унинг қалбига кибр ва манманлик кириб қолиши мумкин. Ўз навбатида ўзининг ижтимоий ва моддий ҳолати туфайли бундай таҳқирга учраганлигини гумон қилувчи нариги инсоннинг қалбида эса унга нисбатан кучли нафрат пайдо бўлади. Шу боис, Шореъ ўзаро мувозанат ва тенглик ҳосил қилиш ҳамда кишилар ўртасида нафрат ва адоват пайдо бўлиб, жамият ичдан емирилмаслиги учун энди отлиқ бўлганлиги ила бир фазлни ўзида мужассам қилган киши қаршисида саломни қабул қилиб олиш фазлини пиёдага берди. Натижада ўртада бир қадар маънавий тенглик ва мувозанат пайдо бўлди. Камчиликнинг кўпчиликка салом бериши ҳам айни ҳикматга асосланган. Тасаввур қилайлик, бир киши илми ва даражаси ҳарчанд юқори бўлмасин, бир жамоа устига келиб қолди. Шу ўринда бир гуруҳ киши бир кишига салом бериши саломлашув одобига киритилганда, унинг қалбига ужуб ва кибр ўрмалаб кириб, ўзига бино қўйиш касалига учраб қолган, “демак, мен кўпчиликдан устун эканман, афзал эканман” деган фикр онгига ўрнашиб қолиши мумкин бўлиб қоларди. Ҳолбуки, кўпчиликнинг камчилик устида ҳаққи бор, худди катталарнинг кичиклар устида ҳаққи бўлганидек. Шунинг учун ҳам ҳадиснинг Имом Бухорий ривоятида: "ва кичик каттага (салом беради)...", деган қўшимчаси келган. Энди, ҳадиснинг "ўтиб кетаётган" дея маъно берганимиз "пиёда ўтирганга салом беради" деган қисмига келсак, бунда ҳам юқоридаги каби кўплаб ибрат ва ҳикматлар мавжуд. Эътибор беринг-а, салом беришнинг ҳаммаси юқоридан пастга қараб келяпти. Отлиқ пиёдага, пиёда ўтирганга... Отлиқ пиёдадан олий, пиёда ўтирган кимсадан олий. Ўртада маълум маънода тенглик ва мувозанат ҳосил қилиш учун баланд пастга салом бериши одобга киритилди. Шунингдек, бунинг ҳикматларидан яна бири шуки, ўтирган кимса, унинг ҳузуридан ўтаётган нотаниш киши борасида хотиржам бўлиши учун ўтиб кетаётган киши биринчи бўлиб салом беради. Шунда ўтирган киши қалбидан хавфсираш ва қўрқув кетиб, хотиржамлик пайдо бўлади. Ахир, у билмайдики, унга қараб қора тортиб келаётган нотаниш инсон яхши ниятдами, ёмон ниятдами. Яқинига келар-келмас "Ассалому алайкум!" яъни "устингизга Аллоҳнинг тинчлиги бўлсин!", деган сўзни айтса, бу нарса қалбга сукунат бағишлайди, таҳлика ва хавфсираш барҳам топади. Ундан ташқари, бир ерда ўтирган одамнинг олдидан кўпчилик ўтиши мумкин. Мисол учун бир киши уйининг олдида ўтирибди. Олдидан бир соат ичида ўнлаб, балки, юзлаб одам ўтади гоҳида. Агар ўтирган киши юриб кетаётган кишига салом бериши жорий қилиб қўйилганда, у олдидан ўтган ҳаммага салом бериш билан машғул бўлиб, ҳаражга тушиб қолган бўларди. Юриб кетаётган кишида эса бу ҳолат йўқ. Унинг учун ўтирган одам ҳар қадамда учрайвермайди, одатда. Бу жиҳатдан юриб кетаётганнинг ўтирган одамга салом бериши ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Қолаверса, ўтирган киши кўпинча ўз ҳудудида ўтиради, гарчи ўтиб кетиш ниятида бўлса-да мазкур ҳудудга кириб келаётган кимса эса қайсидир маънода бегона мақомида бўлади. Шундай вазиятда кириб келаётган киши салом берса, ўртадаги ваҳшат унсга, хавотир хотиржамликка айланади. Бу ерда мутлақ шахсий ҳудуд, мутлақ бегоналик назарда тутилмаяпти. Балки, ҳатто нисбийлик ҳам эътиборга олинган. Масалан, бир жойга биринчи бўлиб келиб ўтирган киши, ўзидан кейин келувчига нисбатан ўша жойга ҳақлироқ бўлади. Кўчадан кириб келувчи киши одоб бўйича ўзидан олдин келиб жойлашганга салом бериши керак. Бу юрганнинг ўтирганга ёхуд камчиликнинг кўпчиликка салом бериши қабилидан ҳисобланади. Хуллас калом, эътибор берсак, биргина саломлашув одобларининг ўзида анча-мунча нарса риоя қилинганлиги, кўпчилигимиз ҳатто фарқига ҳам бориб ўтирмайдиган нозик ҳолатлар ҳам кўз остига олинганлиги ойдинлашади. Олижаноб Шариатимизнинг васатийлик ва мувозанат устига барпо қилинганлиги кўз ўнгимизда яна бир карра ўз исботини топади. Юқоридаги, биринчи бўлиб аслида кимлар салом бериши ҳақидаги сўзлар саломлашувнинг рисоладагидек бўлиши ва ўзидан кўзланган ҳикматга мувофиқроқ бўлиши учун айтилган. Бу билан, ёши катта кичикка салом бермаслиги керак, ва ҳоказо деган маъно чиқмайди. Агар, ёши катта бўлса ҳам ўзидан кичикка салом берса, ўтирган бўлса ҳам юриб кетаётганга салом берса бу нур устига нур, ҳамда дастлаб салом берганлиги жиҳатидан қўшимча ажр-савобларга эга бўлади. Зеро, кўплаб ҳадис ва осорларда биринчи бўлиб салом беришнинг фазилати ворид бўлган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Масъуддан марфуъ ҳолда ривоят қилинган хабарда: "Саломни биринчи берувчи кибрдан пок одам бўлади", дейилган (Байҳақий ривояти).
     Саломлашиш мукаммал бўлиши учун саломлашиш асносида қўл бериб кўришилса янада яхши бўлади. Бу иш гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлади. Набий алайҳиссалом марҳамат қилиб, дедилар: “қачонки, икки мусулмон учрашиб қолишсаю бирбирлари билан қўл бериб кўришишса, бирбирлари билан ажралишгунларига қадар албатта уларнинг гуноҳлари кечирилгусидир” (Абу Довуд ривояти). Агар имкон бўлса, салом бериб, кўришилаётганда табассум ҳам қилинса, савоби яна ҳам зиёда бўлади. Зеро, ҳадиси шарифларда “биродаринг юзига табассум қилишинг ҳам садақа (савоб)дир!”, дейилган (Термизий ривояти).
    Баъзи ўринларда салом бермаслик дуруст ҳисобланади. Жумладан, ҳожатхонада, азон айтилаётганда, иқомат такбири айтилаётганда, намоз ичида (намоз ичида туриб, бировга салом берса, намози бузилади), намоздаги одамга ҳам салом берилмайди. Чунки, бу уни чалғитади. Шунингдек, жума хутбаси ўқилаётган вақтда, дуога берилган ҳолатда яна ҳаж ва умра учун талбия айтаётганда ҳам саломлашилмайди.
    Бўш уйга кирганда ҳам салом бериш машруъдир. Киши бирор уйга кирганда у ерда ҳечким бўлмаса “ас-салааму алайнаа ва алаа ибаадиллааҳис-солиҳийн” яъни “бизларга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин!”, лафзи билан салом беради.
    Бирор мажлисни тарк этаётганда ёхуд дўстлари, қариндошлари ва ҳоказолар билан хайрлашаётганда ҳам салом бериш мустаҳаб ва машруъ ҳисобланади. Бу ҳақда Набий алайҳиссаломдан шундай ҳадис келган: “қай бирингиз бирорта мажлис (йиғилиш, ўтириш ва ҳоказо)га дуч келиб қолса, салом берсин! Агар ўтиргиси келса, ўтирсин! Сўнгра ўрнидан туриб кетмоқчи бўлганда ҳам салом берсин! Зеро, бошидаги салом охиридаги саломдан ҳақироқ эмас” (Термизий ва Абу Довуд ривояти). Яъни, бу ҳадиси шарифда афзаллик ва савоблиликда учрашгандаги салом ҳам, тарқалишаётгандаги салом ҳам баробар эканлиги айтилган. Шундай экан, хайрлашаётганда ҳам салом бериш машруъ ва мустаҳабдир.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218623
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98114
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47140
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45554
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24735