Қутлуғ ой ташрифи
15.9.2015 4484

  Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсинки, муборак ва фазилатли зулҳижжа ойи бошимиз узра раҳмат соябони бўлиб турибди. Бугун 15 сентябр куни иншоаллоҳ зулҳижжа ойининг биринчи тонги отди.
   Бу қутлуғ ой ва унинг қатларида яширинган фазилатлар, дурру гавҳарлардан аъло бўлган бебаҳо фурсатлар ҳақида битта мақолада тўла-тўкис гапириш амримаҳол. Унинг васфини рисоладагидек келтириш имконсиз.
   Зулҳижжа ойи Аллоҳ таоло Қуръони каримда “ҳаром” яъни муқаддас ва уруш-юришлар ҳаром қилинган ойлар дея васфлаган тўрт ойнинг биридир. Мазкур ойлар ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: "Албатта Аллоҳнинг наздида ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлару Ерни вужудга келтирган куни Ўз ҳузуридаги китобда (ёзиб қўйганидек) ўн икки ойдир. Улардан тўрти (уруш) ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу тўғри Диндир. Бас, у ойларда (маъсиятлар қилиш ва уларнинг ҳурматини бузиш билан) ўз жонларингизга зулм қилмангиз!" (Тавба сураси, 36-оят)
   "Ҳаром" сўзи араб тилида “таъқиқланган”, “муқаддас қилинган” деган маъноларни англатади. Ҳаром қилинган ойлар – зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойлари бўлиб, уларнинг аввалги учтаси кетма-кет, ражаб ойи эса орадан беш ой ўтгандан кейин келади.
    Муфассирлар "Бас, у ойларда ўз жонларингизга зулм қилмангиз!" ояти каримасини: "Бу ойларда гуноҳ ишларни қилмангиз, уларнинг ҳурматини бузмангиз, уларда ҳаром қилинган ишларни ҳалол қилиб олмангиз, акс ҳолда ўзларингизга зулм қилган бўласизлар", - дея изоҳлайдилар. Гарчи гуноҳу маъсиятлар ҳар қандай вақтда ҳам ҳаром ва қабиҳ саналса-да, аммо мазкур тўрт ойнинг зиёда ҳурмати туфайли уларда содир қилинган гуноҳларнинг жазоси ва қабоҳати бошқа ойлардагидан кўра ёмонроқ бўлади.
   Худди шунинг каби, мазкур ойларда Аллоҳ ризоси учун амалга ошириладиган эзгу амаллар, тоату ибодатлар учун киши бошқа вақтлардагидан кўра кўпроқ ва ортиқроқ ажру савобларни қўлга киритади.
   Чунки, Аллоҳ Ўз бандаларига бўлган чексиз марҳамати билан баъзи маконларни бошқаларидан фазилатда ортиқ қилиб қўйганидек, баъзи замонларни ҳам бошқаларидан олий ва муфаззал қилган. Ана шундай фазилати юксак вақтлардан бири Ўзининг шукуҳи ва таровати билан кириб келган Зулҳижжа ойи ва унинг аввалги ўн кунидир.
    Бу муборак ойда Исломнинг беш асосий рукнидан бири бўлмиш ҳаж ибодати амалга оширилади. Зотан, “зулҳижжа” ўз номи билан ҳам “ҳаж соҳиби” яъни “ўзида ҳаж қилинадиган ой” маъносига далолат қилади.

Илоҳий қасамга мазҳар бўлган ўн кеча

 

     Аллоҳ таоло Фажр сурасининг илк оятларини “Тонгга қасам! Ва Ўн кечага қасам!” – дея улуғворликка далолат қилувчи мавҳум (накра) сийға билан ниҳоятда қадри баланд бўлган ўн кечага қасамёд қилиш билан бошлаган. Мазкур ўн кечанинг қайси кечалар эканлиги ҳақида муфассирлар икки хил фикр билдирганлар. Биринчиси, рамазон ойининг охирги ўн кечаси бўлса, иккинчи қавлга кўра, бу кечалардан мурод зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечасидир. Бу ўринда кеча дейилар экан фақат тунлар эмас, балки, кундуз кунлар ҳам тушунилади.
    Бу кунларда улуғ ибодатлар амалга оширилади. Ҳаж ибодатининг ўзаги бўлган Арафада вуқуф қилиш ҳам айнан мана шу кунларнинг ичидадирки, у кунда Аллоҳ таоло бандалари учун шайтонни ғамга ботирадиган даражада беҳисоб раҳмат ва мағфиратларини инъом қилади. Шайтон алайҳиллаъна Арафа кунида кўраётган нарсаларидан, хусусан малоикалар ва Аллоҳнинг раҳматлари мўминлар устига ёғилишидан қаттиқ ғамга ботади. У ҳеч қайси кунда у кундагидек ҳақир ва мағлуб бўлиб кўринмайди.
    Мазкур ўн кун мобайнида ҳаж ва умра амаллари адо этилади. Шу боисдан ҳам, бу кунлар алоҳида қасам билан тилга олинишга лойиқ бўлган. Бир қатор ҳадиси шарифларда зулҳижжанинг ўн куни фазилати баён қилинган. Жумладан Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади:

 

- Солиҳ амал ушбу ўн кун, яъни зулҳижжанинг аввалги ўн кунидагидан ҳам кўра Аллоҳга маҳбуброқ бўлган бирон-бир кун йўқ (Имом Бухорий ривояти, 969-ҳадис).


    Ушбу ҳадиси шариф ўз мазмунига кўра зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигида солиҳ амаллар ва нафл ибодатлар қилиш ниҳоятда фазилатли эканлигига далолат қилади. Нафл рўза ҳам албатта солиҳ амаллар сирасига киради, балки, у солиҳ амалларнинг муқаддимасида туради. Шу боис ҳам уламолар мазкур кунларда бошқа нафл ибодатлар билан бир қаторда рўза тутишни ҳам мустаҳаб амаллардан ҳисоблаганлар.
    Ҳунайда ибн Холид ўз аёлидан, унинг аёли эса пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз кунида, Ошуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар” (Имом Аҳмад, 21829-ҳадис ва Абу Довуд ривоятлари, 2437-ҳадис).
   Гарчи биринчи ҳадиснинг зоҳиридан зулҳижжа ойининг ўн кунида рўза тутишлик тушунилса ҳам, аслида тўққиз кун рўза тутилади. Чунки, ўнинчи куни ҳайит бўлиб, рўза тутишлик ҳаром бўлади. Бунга иккинчи ҳадиснинг мазмуни ҳамда Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам далолат қилади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни (яъни Ийдул-Фитр) ва Наҳр куни (яъни Қурбонлик қилинадиган кун – Ийдул-Азҳо куни) рўза тутишдан қайтардилар» (Имом Бухорий ривояти, 1992-ҳадис; Имом Муслим ривояти, 827-ҳадис).
    Шу боис, уламолар байрам куни рўза тутишнинг жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. «Ўн кун» деб тилга олинишининг сабаби эса одатда катта нарсани тилга олиш билан нисбатан кичикроқ нарсани ҳам назарда тутиш ёки яхлитлаб айтиш қоидасига биноандир. Бу ўн кунларнинг асоси, меҳвари, бориб тақаладиган жойи ва хотимаси Ийд куни бўлганлигидан у кунлар Ийд куни билан қўшиб зикр қилинган.
    Демак, ҳажда бўлмаганларга зулҳижжанинг аввалги тўққиз кунида рўза тутишлик мустаҳаб. Ҳанафий мазҳабига кўра арафа куни рўза тутиш ҳаж қилаётган инсонга қийинчилик туғдирмаса, мустаҳаб. Бордию, у кундаги рўза уни машаққатга соладиган бўлса, арафа кунида рўза тутиш унинг ҳаққида макруҳ бўлади.
    Мазкур ўн кундан ҳисобланувчи Арафа кунининг рўзаси эса алоҳида фазилатга эга. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан” (Имом Муслим ва бошқалар ривояти).
   Демак, зулҳижжанинг илк ўн кунлигида умуман нафл рўза, қўшимча ибодатлар, Аллоҳнинг зикри, Қуръон тиловати, хайру саховат каби эзгуликларни кўп ва хўп бажариш мустаҳаб бўлса, Арафа кунида бу амаллар янада кучлироқ фазилат касб этади.
   Уламолар “ фазилатда қай бири кучли: зулҳижжанинг аввалги ўн куними ёки Рамазоннинг охирги ўн кунлигими?”, деган саволга: “зулҳижжанинг ўн куни кундуз кун эътибори билан афзал, рамазоннинг охирги ўн кунлиги эса кечалар эътибори билан афзал, зеро унда қадр туни бор”, дея жавоб берганлар.
  Айнан мана шу ўн кунлик ибодат сайли ичида ҳайит куни ва ҳайит намозининг ўрин олганлиги ва айнан мана шу кунларда Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун қурбонлик ибодатининг бажарилиши ҳам бу кунларнинг фазилатига фазилат қўшади. Қурбонлик ва қурбон ҳафити хусусида кейинги мақолаларимизда сўз юритамиз, иншоаллоҳ. Аллоҳ таоло бу кунларни барчамизга қутлуғ ва баракотли бўлишини насиб айласин!



Одилхон қори Юнусхон ўғли
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бош имом - хатиби, "Шайх Зайниддин" жомеъ масжиди имом-хатиби

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217894
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 97986
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47014
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 44887
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24672