Овозларнинг энг ёқимсизи
29.1.2016 4291

   Қуръони Каримнинг Луқмон сураси, 19-оятида эшакларнинг овози “анкару-л-асваат” овозларнинг энг хунуги, энг ёмони деб аталган. Мазкур суранинг ўн учинчи оятидан ўн тўққизинчи оятига қадар Луқмон (раҳматуллоҳи алайҳи)нинг ўғлига қилган бир қатор тарбиявий ўгитлари, ваъз-насиҳати зикр қилинади. Ул зот ўғлига насиҳат қилар экан, жумладан шундай дейди:

 

“وَاقْصِدْ فِي مَشْيِكَ وَاغْضُضْ مِنْ صَوْتِكَ إِنَّ أَنْكَرَ الْأَصْوَاتِ لَصَوْتُ الْحَمِيرِ”.

 

Мазмуни: “яна юрганингда ҳам ўртача юргин, овозингни ҳам паст қилгин. Чунки, овозларнинг энг энг хунуги эшакларнинг овозидир”. “Овозингни паст қилгин” дея таржима қилинган “وَاغْضُضْ مِنْ صَوْتِكَ” деган сўз аслида ўзбекчадаги вариантдан нозик ва дақиқ фарқ қилади. Арабча “غض” “ғоддо” феъли бирон нарсадан ўша нарсанинг ошиқчасини камайтириш, попугини пасайтириш, арайишини олиш, маълум томонга йўналган нафсий ҳирсни жиловлаш каби маъноларни англатади.

   Аллоҳ таоло номаҳрамларга тикилиб, ва шаҳват билан қарашдан қайтарувчи ояти каримасида ҳам айнан шу феълни ишлатган:

  

“قل للمؤمنين يغضوا من أبصارهم”

 

яъни: “мўминларга айтинг кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар” (Нур сураси: 30-оят). Албатта мақсадни гўзал ва тўғри ифода қилишда Қуръони каримнинг фасоҳати ва араб тилининг қудрат ва имкониятларига тенг келадиган бирон-бир тил йўқ. Юқорида мисол тариқасида келтирганимиз Нур сурасидаги кўзларни номаҳрамларга тикишдан қайтарувчи ояти карима ҳам мазмунан таржима қилинган. Аслида эса бу маънони ифода қилиш учун ишлатилган иборага диққат қиладиган бўлсак, Раббимиз каломининг балоғату фасоҳатига тан бермай иложимиз йўқ. Эътибор берилса, оятда “غض” “ғоддо” феъли “من” “мин” ҳарфи жари билан ишлатилмоқда. “Мин” эса “табъиз” яъни бўлакланиш, қисмларга бўлинишни англатади. Шунда оятнинг маъноси “назарларидан бир қисмини камайтирсинлар, бемалол қарамасинлар, кўзларини қуйи солсинлар” тарзида тушунилади. Нима учун “буткул қарамасинлар, умуман кўзлари тушмасин!”, дейилмади? Чунки, бунда одамлар катта машаққатга юз тутган бўлардилар. Унда ҳаромга тушиб қолмаслик учун кўзни юмиб юриш керак бўлар ва бениҳоя ноқулайгарчиликлар туғилган бўларди.

   Демак, яна ўз сўзимизга қайтадиган бўлсак, “وَاغْضُضْ مِنْ صَوْتِكَ” дан овозингни жуда баланд қилиб, бировларни безовта қиладиган даражада қўйвормагин, балки, назокат ва маданият билан ўртача овозда гапиргин каби маъноларни тушунамиз. Оят давомида “Чунки, овозларнинг энг ёмони (энг хунуги) эшаклар овозидир” дейилади. Бу сўзни “овозингни пасайтир” деган гапга нима алоқаси бор деган савол туғилиши табиий. Ахир, эшакнинг товуши билан инсоннинг гапириши ўртасида қандай боғлиқлик бўлиши мумкин?! Бу ерда бироз мажоз, андак ўхшатиш бор. Юқоридаги икки жумланинг бир-бирига муносабати шундаки, пасайтирилмаган, олд-орқасига қарамасдан, ўзгалар риоясини қилмаган ҳолда бемалол қўйворилган ҳар қандай қўпол, бировларни безовта қилиб, роҳатсизлантирувчи товуш эшаклар товушига ўхшар экан. Чунки, эшакнинг товуши, унинг ҳанграши “пасайтирилмаган, бемалол қўйворилувчи” овозларнинг энг ёрқин мисолидир. Эшак, тўсатдан ҳанграб қолади. Бўлиб ҳам унинг ҳанграши ўта хунук, ўта ёқимсиз ва ўта “пасайтирилмаган”, одамни роҳатсизлантириб, тинчини бузувчи ва ўта қўпол ва “беназокат” бўлади. Бу оят оқил кишилар учун беназир ўгитдир. Овози “анкару-л-асваат”га ўхшаб қолишини истамайдиган кишилар, оғир-босиқлик билан сўзлашишлари, бирор йиғилиш ёки гавжум жойда бўлиб қолсалар ўзгалар риоясини қилган ҳолда одамларга озор бермасдан, уларнинг оромини бузмасдан, пастроқ товушда суҳбатлашишлари мақсадга мувофиқ. Шунингдек, ҳатто хусуматлашиб қолганларида ҳам овозларини қаттиқ кўтармасликлари, бақироқлик ва шаллақилик қилишдан сақланишлари лозим бўлади. Акс ҳолда уларнинг бу ишлари оятда қайтарилган “эшакнинг ҳанграшига” тенг бўлиб қолади.


Одилхон қори Юнусхон ўғли Исмоилов
Тошкент шаҳар Шайх Зайниддин жомеъ масжиди имом-хатиби

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218714
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98128
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47154
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45588
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24740