Мутаассиблик – беқарорлик омили
31.7.2015 5197

    Машҳур тилшунос Ибн Манзурнинг ёзишича, “таассуб” сўзи “асабият”дан олинган. “Асабият” бошқаларни ўзининг ота томонидан қариндошлари учун ёрдамга чақиришини англатади. Бунда унинг уруғи, хоҳ золим, хоҳ мазлум бўлсин фарқи йўқ. Бир гуруҳга нисбатан таассуб қилиш дегани ўша гуруҳ ёрдами учун жамланиш, маъносини англатади. Ҳадиси шарифларда: “Асабиятга чақирган ёки асабият учун курашган кимса биздан эмас!” дейилган”(“Лисонул араб”).
    Шунингдек, луғат китобларида мутаассиблик қаттиққўллик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш маъноларига ҳам далолат қилиши зикр қилинган. Истилоҳда, доим ўзини сўзсиз ҳақ деб билиб, фикрида қаттиқ туриш олиш, бошқаларни эса ноҳақ деб билиш таассубдир. Бу туйғу мутаассиб кишида ўзгани таҳқирлайдиган, унинг инсоний ҳақ-ҳуқуқларини эътироф этмайдиган муайян хатти-ҳаракатлар кўринишида акс этади. Бориб-бориб бу унинг табиатига сингади. “Кашшофу истилоҳотил фунун” китобида: “Мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир”, деб таърифланган. Мутаассиблик ва фанатизм тушунчалари бир-бирига маънодош бўлиб, бунинг акси бағрикенгликдир.
     Мутаассибликнинг бир қанча турлари бор. Жумладан, диний мутаассиблик, ирқий мутаассиблик, қабилавий мутаассиблик, табақавий ёки ижтимоий мутаассиблик, фикрий мутаассиблик ва ҳоказо. Яна риёзий, яъни спорт мутаассиблиги деган тушунча ҳам мавжуд. Футбол фанатизми бунга мисол бўлади.
      Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Динга зўрлаб киритиш йўқ. Зеро, тўғри йўл залолатдан ажраб бўлди” (Бақара сураси: 256-оят). Уламолар бу оятни диний мутаассибликдан қайтарувчи далил сифатида келтирадилар. Тарихда содир бўлган кўплаб уруш-жанжал ва хунрезликларнинг моҳияти ҳақида фикр юритилса, уларнинг асл сабаби мутаассибликка бориб тақалишига гувоҳ бўламиз.
     Ҳозирда кўплаб давлатлар бошидан кечираётган маънавий бўҳрон билан бирга мутаассиблик кўлами ҳам кенгайиб бормоқда. Бу жараёнда мутаассибликнинг турли кўринишда жамият ҳаётига хавф солаётганлигини инкор этиб бўлмайди. Файласуфлар, ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар, жамиятшунос ва диншунос олимлар мутаассибликнинг келиб чиқиши ва унинг салбий оқибатларини жиддий ўрганишларини замон талаб этмоқда.
     Мутаассибликнинг хавфли томони шундаки, таассубга мойил одамлар жамиятда беқарорлик тўлиқинини келтириб чиқаришга қодирлар. Оммавийлик унсури эса муайян бир хатти-ҳаракатлар учун шахсий жавобгарлик ҳиссини йўқотиб юборади, ҳаракатга оммавий тус беради. Ўзининг шубҳасиз ҳақлигига, ҳақиқатни фақат ўзи билишига ишонч ҳиси зўравонлик ҳаракатларига мойиллиги билан ажралиб турадиган диний экстремизмнинг пайдо бўлишига олиб келади (Каримов И.А. Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. –Т., Ўзбекистон, 1997.).
     Бугунги кунда кўпгина минтақаларида ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уринаётган, бегуноҳ кишиларнинг ҳаётига зомин бўлаётган мутаассибларнинг экстремистик хатти-ҳаракати тобора хатарли тус олаётгани барча давлатларнинг бу иллатга қарши биргаликда кураш олиш бориши, кишиларнинг маданий даражасини юксалтириш, шахсга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантириш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни тақозо этмоқда.
      Мутаассиблар учун бағрикенглик ҳеч қандай маъно касб этмайди. У киши руҳиятининг пастлиги, иродаси бўшлиги сифатида баҳоланади. Фанатик кимни ўзидан йироқ деб билса, унга рақиб деб қараса, уларга тоқат қила олмайди.
      Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатганлар. Бундан ташқари умматни ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилганлар. Расулуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда: «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради», дейилган (Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад»).
       Мурувват, диний бағрикенглик Исломнинг тамал тоши, динлар тарихидаги бош омилдир. Ислом илк давриданоқ аввалги динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши мутаассиблик қилмади. Ислом биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим, дея маълум қилинди.
     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида диний бағрикенглик сиёсати ўзининг бор кўринишида намоён бўлди. Айниқса, “Делегациялар йили”да мазкур тушунча янада ойдинроқ намоён бўлди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўплаб аҳли китобларнинг делегацияларини қабул қилар, ўзга давлат арбобларига мактублар жўнатардилар. Мазкур мактублардан бири ул зотнинг Нажрон эпископига йўллаган мактублари эди.
     К. Жиоржио Ислом ҳукмрон бўлган даврдаги бошқа самовий дин вакилларининг аҳволи ҳақида шундай ёзади: “Гарчи ҳижратнинг тўққизинчи йилидаёқ Ислом дини бутун Арабистон ярим оролини қамраб олган бўлса-да, Муҳаммад алайҳиссалом яҳудий ва насронийларни ўз динига киришга мажбур қилмаган. Чунки, улар аҳли китоб эдилар. Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг Нажрон бош эпископи Абулҳорисга ёзган мактубларида Ислом келгач, Арабистон ярим оролида насронийларнинг аҳволи яхшилангани ҳақида хабар берганлар. У киши мактубда шундай деганлар: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Расулуллоҳдан Нажроннинг бош эпископи Абулҳорисга ва унинг барча руҳонийлари ва эпископларига! Аммо баъд... Катта эпископ, унинг руҳонийлари ва бошқа эпископларига маълум бўлсинки, сизларнинг черковларингиз, маъбадларингиз ва савмаъаларингиз (яъни, ибодатхоналарингиз) қандай бўлса, шундайлигича қолдирилади, сизлар ўз ибодатларингизда эркинсиз. Орангиздан бирортангиз ўз мансабидан ва мақомидан четлаштирилмайди, диний маросимларингизда ҳеч нарса ўзгартирилмагани каби мазкурлардан ҳам ҳеч нарса ўзгартирилмайди, модомики эпископлар (аҳдга) содиқ қолсалар ва дин таълимотларига амал қилсалар. Ким шу нарсаларга амал қилса, у Аллоҳнинг ва Расулининг зиммасида (ҳимоясида) бўлади, ким уларни ман қилса, бас, у Аллоҳ ва Расулининг душмани бўлади».
Мазкур рисола аҳли китоблар Арабистон ярим оролида ўз ибодатларини адо этишда эмин-эркин бўлганларини ва ҳеч ким уларга тазйиқ ўтказмаганини кўрсатади. Ҳижратнинг тўққизинчи йили Нажрон насронийлари делегацияси уларнинг катта эпископи Абулҳорис бошчилигида Мадинаи мунавварага меҳмон бўлиб келади. Улар Набий алайҳиссалом ҳузурларига кирмоқчи бўлганларида ўзларининг расмий диний либосларини кийиб оладилар. Пайғамбар алайҳиссаломни зиёрат қилиб бўлганларидан сўнг ул зотдан ибодатларини адо этиш учун рухсат сўрайдилар. Набий алайҳиссалом уларга Мадина масжидида ибодатларини адо этишлари учун шароит қилиб берадилар. Шундай қилиб, улар мусулмонларнинг масжидида Байтул мақдисга йўналган ҳолда ибодатларини адо қиладилар.
     Пайғамбар алайҳиссалом амал қилган диний бағрикенглик сиёсати кейинчалик у зот халифаларининг ҳам қоидасига айланди. Улар самовий дин вакилларига ҳурмат ва шафқат билан муносабатда бўлишди, мағрибу машриқни эгаллаган Ислом ўлкаларида ўзга дин вакиллари ҳам мусулмонлар ҳимоясида бемалол ўз динларига амал қилиб яшадилар. Бундай мисли кўрилмаган бағрикенглик, ҳатто ғарб шарқшуносларининг инсофли вакиллари томонидан ҳам қадрланган, мақтовлар билан тилга олинган. Улар Ислом бағрикенглиги билан салиб юришларидаги хунрезликларни таққослаб, Исломнинг бошқа динлардан бағрикенгликда устун эканини китобларида келтирганлар.
    Мутаассибликнинг шахс ва жамиятга етказадиган зарарлари жуда каттадир. Мутаассиб – бу дарғазаб, жазавали, асабий, ҳиссиётга берилган ва қаттиқ ҳаяжонга тушувчи шахс. У ғояларни фаол ташувчилардан ҳисобланади. Айнан шу сифатлар унга омма орасидаги тарафдорлар қалбини эгаллашга имкон беради.
    Мутаассиб воқеъликни ўзининг асл ҳолатида кўра олмайди. Чунки, у фақат ўзи мойил бўлган нарсанигина кўради. Инкор этиб бўлмас даражада ошокор бўлса ҳам ўзгалар кўраётган ҳақиқатни кўрмайди. Мутаассиб фақат ўзини ҳақ, ўзгаларни ноҳақ деб билгани учун доим сезмаган ҳолда ижтимоий ришталарни узади, ихтилоф жарлигини кенгайтиради. Ўзининг бир томонлама хатти-ҳаракатлари билан олтин ўрталик деб аталувчи ечимларга эришиш имконини йўққа чиқаради. Унинг тор онгига кўра ҳамма фақат унинг қолипи бўйича яшаши керак. Акс ҳолда адашган одам бўлади.
     Мутаассиб учун илмий омонатдорлик тушунчаси умуман йўқ нарса. У ҳақиқатдан бўйин товлаб, воқеъликни фақат ўзининг фойдасига буришга, ҳақиқатни сохталаштиришга ҳаракат қилади. Шу боис, бирон масалада одамларни тўғри ечимни топишдан маҳрум қилади, шахслар ва жамоаларга тўғри баҳо бериш масаласида ҳаммани адаштиради. Мутаассиб мўътадил илмий баҳс орқали ҳақиқатга эришиш йўлларини ўзининг низо қўзғайдиган, ихтилоф кучайтирадиган баҳслари билан барбод қилади. Натижада жамиятлар, халқлар ва маданиятлар ўртасида кескинлик руҳи янада кучаяди.
     Мутаассиб ўз фикрига эга эмас. Уни фақат ички эмоционал туйғу бошқаради. Шу боис ўзгалар фикри билан ҳаракат қилади. Айнан шунинг учун муқобил томон фикрини тарозуга солиш ва ҳурмат қилиш имконидан маҳрумдир. Тоқатсизлик анча вақтлардан буён фанатизмнинг синоними сифатида тадқиқотчилар томонидан тан олинган. Бирон-бир қарашни фақат ўзининг севимли қоидаларига мос келмагани, қарши экани учунгина қатъиян рад этадиган ҳар қандай одам тоқатсиз бўлиши мумкин.
      Этник ва сиёсий мутаассиблик муаммоси ҳам дунё олимлари диққат марказида турган муаммолардандир. Президент Ислом Каримов кўп асарларида мазкур муаммоларнинг долзарблигини алоҳида қайд қилади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда кўплаб олимлар ва мутахссислар бу масалаларга бағишлаб қатор илмий тадқиқотларни амалга оширганлар. “Ҳар қандай ижтимоий ҳодиса сингари, – дейди Президент Ислом Каримов, – миллий қадриятларнинг ҳам ўзига хос ривожланиш қонунияти бор. Бу ҳақиқатни унутиш, миллий қадриятларни бирёқлама, сунъий равишда улуғлаш ва идеаллаштиришга уриниш, улардан сиёсий мақсадларда фойдаланиш салбий оқибатларга олиб келиши ҳаётда кўп бора ўз исботини топган. Айниқса, Ўзбекистон каби кўпмиллатли, кўпконфессияли мамлакатда бундай ҳаракатлар охир-оқибатда миллатлараро зиддият, миллатчилик, миллий ва диний бетоқатлик каби нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин (Каримов И.А. “Юксак маънавият – енгилмас куч”. –Маънавият, 2008. –Б.).


Одилхон қори Юнусхон ўғли

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бош имом - хатиби 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217253
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24618