Гап ўзимизда қолган
31.7.2015 4428

    ...Кишида бирон касалликка чидам қобилияти камайса ё йўқолса, танаси ўша касалликка чалинувчан бўлиб, унга қарши курашолмай қолади. Тил ҳам худди шундай: ўзини сақлаш қобилиятини йўқотса, чеккадан бостириб кирган ҳар қандай ахлатни қабул қилиб олаверади. Тилга муносабатда тушкун кайфият шунинг учун ҳам хавфлидир. Бундай ҳолатдан қанча тез қутулсак, шунча яхши. Аллоҳга шукр, тилимизда ўзини сақлаб қолиш қобилияти йўқ бўлиб кетмаган, фақат бир оз унутилган, ишга солинмаяпти, лекин бор. Тилимиз нарса ва ҳодисаларга қийналмай от қўя олади, ҳар қандай фикрни, туйғуни ифодалашга ҳам қурби етади. Гап ўзимизда қолган. Бу қобилиятни ишга солиб, тил сандиқларини титкилашга ва ота-боболаримиздан қолган туркона сўзларимизни излаб топишга озгина ҳафсала керак, холос. Ўзимиз ялқовмиз. Сўзлаётганимизда ё ёзаётганимизда, айтмоқчи бўлган фикрларимизни ўзимизнинг тилимизда ҳам жаранглатиб ифодаласа бўладими-йўқми, деб ўйлаб кўришга-да эринамиз ва тилимизнинг маҳрам ҳовлисига суриштирмай-нетмай четдан номаҳрам ажнабийча сўзларни осонгина киритиб юбораверамиз. Натижа нима бўлди: бугун бир қурувчи уста сувоқни “штукатурка”, шайинни “уровень”, часпакни “плинтус”, шипни “потолок”, в.ҳ. дейдиган даражага етди; спорт шарҳловчиси ҳакамни “рефери”, биринчилик учун ўйинларни “чемпионат” (анчадан бери қўлланаверганига “чемпионат” сўзи ҳам ўзбекчалашиб кетган туюлди шекилли, уни ташлаб, яқинлардан бери “мундиял”, “плей-офф”га ўтиб олишди), ўн бир метрлик жаримани “пенальти”, ўйиндан ташқари ҳолатни “оффсайт”, қолоқни “аутсайдер” в.ҳ. демоқда; қассоб сон гўштини “ляшка”, данданани “пирзола” в.ҳ. дея бошлади; косиб терини “кожа” деса, сотувчи иштонни “шортик” деяпти; кечагина йиғилиш бошқарувчиси (раиси) бўлган одамлар бугун бир юмалаб “спикер”, боғлар “парк”, шиппаклар “тапочка” бўлиб қолди; адабиётшунос олим “илми”ни рангли кўрсатиш учунми, икки гапнинг бирида “эстетик-эмоционал пафос” деб ёзиб, тилшунос эса, тилини қуруқ бўлиб қолмасин деган қайғуда “лингвистик анализ” деб ёзиб энсаларни қотиради... Бунақа мисоллардан минглабини келтирса бўлади.
      ...Хўш, тилни тоза сақлаб, обрўйини кўтариш учун нима ёки нималар қилиш керак?
    ...Энг муҳими – тил давлатчилик асосларидан бири эканини ҳисобга олиб, тилимизнинг бугунги аҳволида, ҳозирги шароитда энг биринчи галда давлат бу соҳада ўз сўзини айтиши, ўз ҳимоясига олиши керак, деб ўйлайман. Зотан, махсус қонун билан тилимиз бундай ҳимояга олинган ҳам. Энди унинг тозалигини сақлаш борасида ҳам ташаббусни давлат қўлга олиши, таъсирчан чора-тадбирлар кўрилиши лозим.
Бир пайтлар ўқиган эдим: масалан, Франциянинг тил қонунида оммавий ахборот воситаларида бўладими, илмий, бадиий асарларда ёки атамаларда бўладими, четдан кирадиган сўзларга беш фоизлик чегара қатъий қилиб қўйилган. Шундан ортиб кетса, айбли киши жарима тўлайди. Муҳими – ҳар бир фаранг энг олдин жаримагача бормасликка, ўз тилини асрашга ҳаракат қилади, ҳурмат қилишга ўрганади.
     Янги замон, янгича шароитлар тил соҳасида ҳам деярли ҳар куни янги-янги масалаларни ўртага қўйяпти. Мана, жой номларини тартибга солиш ҳақида махсус қонун қабул қилинди. Жуда керакли ва вақтида чиқарилган қонун. Менга ёқди. Бунинг ижроси эса албатта ва бевосита тил билан бўлади. Демак, янгича вазиятлардан ҳамда тажрибалардан чиқиб келиб, бугун балки тил ҳақидаги қонунни тубдан янгилашимиз, янада такомиллаштиришимиз лозимдир.
    Бунинг устига, кейинги йилларда ҳаёт имло қоидаларига ҳам жиддий ўзгартиришлар киритишни тақозо этяпти. Тил борасидаги ҳар бир ишимизни мана шу қонун ва қоидаларга таянган ҳолда олиб борсак, натижа ҳам шунга яраша унумли бўларди.
Айрим олимларимизда, четдан сўз қўшилса тилимиз бойийди-ку, кирса нима қипти, деган хато тушунча бор. Бир тилда бор сўз устига кираётган ёт сўз ҳеч қачон тилни бойитмайди, аксинча суриб чиқариши билан босқинчилик қилган бўлади ва мезбон тилни қашшоқлаштиради.
    ...Тил халқнинг оғзида яшашини, одамлар бир сўзни айтмай қўйса, у тил олдинига камбағаллашишини, бора-бора ўлишини субҳатимизнинг бошида айтдик. Чиндан ҳам, бирор нарса ё ҳодисага мустақил от қўя олмаган тил ожиз ва нотавондир. Аллоҳга шукр, ўзбек тилимиз ҳозир ҳам жуда унақа ожиз, нотавон бўлиб қолгани йўқ. Унга илгариги қудрати, қобилияти эслатилса, бир силкиниб, тезда ўзини ўнглаб олишига ишончим комил. Мана, бир мисол: беш-олти йил бурун бир жияним жуда майда, оқиш бир ҳашаротни “кепакчивин” деб атади. Олдин кепакчивин ҳақида эшитмаган эдим. Айтишича, бу чивин ғўзаларга боғлиқ бир сабаб билан қишлоқларимизда кейинги замонларда пайдо бўлибди. Ўзи кепак заррасидай кичкина, кўзга элас-элас кўринади, товуши ҳам йўқ, лекин чақиши чивинникидан баттар. Шу нарсага ҳамқишлоқларим “кепакчивин” деб от қўйишибди. Қойил! Ҳали тилимизда от қўйиш қобилияти сўнмабди, демак тилимиз ўлмайди. Қўнгилларимизни яйратиб, ақлларимизни шошириб то қиёматгача яшайди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Тил – миллатнинг ўзаги” номли мақоласидан

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217225
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24617