Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўриш фазилати
4.3.2016 28238

     Мусулмонларнинг уйқуси ҳам ибодат. Аммо уйкунинг сир-синоатлари бу билан тугамайди Аксинча, маьлум шартларга амал қилиб ухлаган инсон икки олам чироғи бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўриш бахтига муяссар бўлади. Бунинг фазилати ҳакида эса ортиқча гапга ҳожат бўлмаса керак. Қолаверса, уламоларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига таянган ҳолда тушида бу зотни кўрган одам бокий дунёда ҳам у зотнинг жамолига мушарраф бўлажаги ҳақида хабар беради. Бу эса аввало жаннат башорати, қолаверса, жаннатда ҳам улуғ даражага эга бўлиш деганидир.
   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўрмоққа тайёрмизми? Аввало, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўришга ҳавасманд бўлишнинг ўзи ҳам инсонга юксак масьулият юклайди. Шу боис бундай улуғ шарафга ҳар ким ҳам ўзини лойиқ ҳисобламайди. Яъни биз ўз ҳолимизни англаганимиз боис бундай орзуга журъат кила олмаймиз, ўзимизни бунга лойиқ кўришга-да чўчиймиз. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўришнинг хосиятлари ҳакида ҳали ҳеч кандай маълумотга эга бўлмасдан турибоқ, унинг улуғворлигини қалбан ҳис қиламиз. Бу яхши, албатта. Аммо нега энди инсон бўла туриб, яна Аллоҳнинг марҳамати билан мусулмонлик шарафига эришган бахтли банда ўлароқ, шу улуғ саодатни орзу қилмаслигимиз керак? Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий мақсадлари ҳам аслида сизу бизни комил инсон килиб тарбиялаш, Аллоҳни танитиб, икки дунё саодатига эриштириш эмасмиди? Шундай экан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўришдек имкониятдан нега баҳраманд бўлмайлик? Нега энди ягона шафоатгўйимиз, ёлғиз йўлбошчимиз бўлган шу улуғ зотни соғинмайлик, тушимизда кўришга бўлса-да интилмайлик? Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари “Кимки мени ота-онасидан, моли ва жонидан ҳам ортиқроқ кўрмагунча ҳақиқий мўмини комил бўла олмайди”, демаганмидилар?
    Расулуллоҳнинг қиёфалариПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўрмоқ, аниқроғи эса тушда кўрганда таниб олмоқ учун, қолаверса, бу зотни чин маънода муҳаббат билан соғинмоқ учун аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўринишлари ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлмоқ лозим. Бу борада эса бизга омад кулиб боққан. Зеро, бир тола тукини-ю, тупугини ҳам ерга туширмасдан Пайғамбарлари атрофида гирдикапалак бўлган саҳобалар бу борада етарлича маълумот қолдирганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бўйлари ўртачадан озгина узунроқ эди. Лекин ҳар қандай новча одамлар билан бирга юрганларида бошқалар кўзига улардан узунроқ кўринар эдилар. Ёлғиз юрганларида ўрта бўйлик эканлари билиниб турган. Бошлари катта, икки елка оралари ва кўкраклари кенгроқ бўлиб, сочлари ўсганда елкаларига, ўсмаганида қулоқ юмшоқларига тушар эди. Муборак юзлари оқ бўлиб, қизил билан суғорилган эди, пешоналари кенг, қошлари эгилган ингичка, ораси қўшилмаган, бурун устилари баландроқ эди. Муборак юзлари текис бўлиб, юз суякларида дўмбоқлик йўқ эди. Тишлари инжудек тизилган, ялтироқ, соқоллари сийрак эмас, қалинроқ, кўзлари эса қора ва каттароқ эди. Юзлари кулча юзлик, тегаракроқ эди. Кўкрак олдилари текис бўлиб, қориндор эмасдилар. Бўйинлари унча узун эмас, ўртача эди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтганидек, Рассулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Юзлари тўлин ойдек ё қуёшдек, агар кулсалар, тишларидан чиққан нур шуъласи деворга тушар эди” ва бошқа бундай кўркам ва чиройли кишини ҳеч ким кўрмаган эди. Шунингдек, хушбуй нарсалардан суртсалар- суртмасалар ҳам ҳар доим ўзларидан хушбўй ҳид таралиб турарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хос ходимлари бўлган Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг айтишларича, мушку анбар ва атир ипорнинг ҳидидан Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳидлари хушбўйроқ эди.
    Расулуллоҳни туш кўрмоқ ҳосиятлари. “Кимки Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в)ни тушида қандай суратда кўрса, бу ўзларининг диндаги кўринишларидир. Чунки Пайғамбаримиз (с.а.в)мисоли ойнадир, яъни ўзининг аксини кўрсатувчидир”, дейди Саид Муҳаммад Ҳаққий ан-Нозилий “Сирлар ҳазинаси” китобида. Ҳазрати имом Суҳайлий(р.а) эса “Фахрли гулшан” асарида “Кимки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрса, у ёлғон нарса кўрмабди, яъни аниқ ўзларини кўрибди ва у туш кўрувчининг ҳоли ҳам енгил ҳол эмас, балки бу унинг улуғ мартабага эришганидан далолатдир”, деб ёзади. Яна у айтади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қурғоқчилик ҳукм сураётган ерда турган ҳолда тушда кўрсалар, ўша ер обод бўлади, агар зулм кўрган қавм ичида кўрсалар, билсинларки, ўша қавмга Аллоҳнинг ёрдами юборилади”.
     Шунингдек, “Тафсиру Руҳил- баён” китобида ҳам “Ван-Нажм” сураси тафсирида: “Кимки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрса, агар ғамга ботган бўлса ғами кетади, қарздор бўлса қарзидан қутулади, қамоқда бўлса озодликка чиқади, мағлубиятга учраган бўлса, зафарга эришади, қул бўлса озод бўлади, мусофир бўлса манзилига эсон-омон етади, камбағал бўлса, бойликка етишади, касал бўлса, шифо топади”, дейилган.
     Ан –Нозилийнинг “Азкор” номли китобидан нақл қилишича эса, кимки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрса, икки дунё яхшиликларига сазовор бўлади. Хусусан, бу инсон аввало Қуръони каримни 12 марта хатм қилганнинг савобига эришади. Агар ота-оналари мусулмон бўлишса, Аллоҳ таоло унинг ўзининг, ота-оналарининг ҳам гуноҳларини кечиради, жони ўзларида иймон билан кетади, ҳатто унга ўлим шарбати ҳам осон қилинади, қабрда эса ундан қабр азоби кўтарилади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига эришади, Қиёмат кунининг даҳшатларидан омонда бўлади, жаннатга киришига йўл очилади, Аллоҳ таолонинг лутфи карами билан жами дунёвий ва ухровий ҳожатлари раво бўлади.
     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўрмоқ инсоннинг юксак даражага эришганидан далолат эканига мисол тариқасида Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан қилинган мана бу ривоятни ҳам келтириш мумкин. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Аллоҳнинг Расули, сизни мен узун кийимда туш кўрдим, кўйлагингиз этаги ерга судралиб келаётган экан”, деб сўраганларида у зоти боборакот: “Бу сенинг тақвоинг комиллигидан нишона”, деганлар.
     Ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрганларидан ҳатто туну-кун уйғоқликларида ҳам тушларида ҳам кўришлари зиёда бўларди. Бир куни Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламга хижолат бўлиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизни ҳамма жойда кўраяпман, аммо сизни хонада ҳам кўрганлигимдан уялаяпман дедилар. Шунда “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилиб, бу яхшилик аломати” дедилар. Саҳобаларнинг ҳаммаларидан Аллоҳ рози бўлсин, улар Расулуллоҳни доим ёнларида тургандай ҳис қилиб турардилар. Шу сабабдан ҳам улар катта даражаларни ҳаётлик вақтларида қўлга киритишга улгуришган. Аллоҳим бизларга Ўз Ҳабибини ҳеч бўлмаса тушда кўришни насиб қилсин ва У Зот сабабидан бизларга ҳам буюк мақом ва мартабаларни насиб қилсин.
     Ким Расулуллоҳни кўрмоқчи бўлса, бу шартларга амал қилсин: “Қози Байзовий” тафсири муаллифи (р.а) Кимки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жамоли шарифларини тушида кўришни хоҳласа, саловатни кўпайтирсин ва мана бу дуони айтиб юрсин: “Аллоҳумма Роббал баладил ҳаром ваш-шаҳрил- ҳаром вал- ҳилли вал-ҳаром вар-рукни вал-мақом, иқро ъала рувҳи Муҳаммадин минассалом”.
     Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳ алайҳ айтади: “Кимки хуфтондан сўнг тўрт ракат намоз ўқиса ва ҳар ракатида “Фотиҳа”дан сўнг “Ваз-зуҳо”, “Алам- нашроҳлака”, “Қодр” сураларини бир мартадан ўқиб, саломдан кейин 100 марта истиғфор, 100 марта саловот ва 100 марта Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазиймни айтса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўради”. Расулуллоҳни бир марта кўрган одам яна кўришни интизорлик билан кутади. Сиз буни ҳис қилиш учун бир марта Пайғамбаримизнинг тарихларини ихлос эътиқод билан ўқиб чиқинг! Қалбан ҳис қиласиз. Аллоҳ У Зотни дўстим деган. Аллоҳнинг дўстларини кўриш пок қалбни талаб қилади. Шу сабабдан бу айтилган нарсаларни ўқишга ихлос билан ноумид бўлмасдан ғайрат қилиш керак. Баъзи олимлар бир марта соғингч йиғлаш билан Расулуллоҳни кўришга муяссар бўлганлар. Қанча пок бўлсангиз, у кишига шунча яқин бўласиз ва доим У Зот билан мулоқотда ҳам бўласиз. Олдинги буюк асарларни ёзган олимлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ кўриш ва У Зот билан кўпроқ мулоқот қилиш орқали буюк мақсадларини амалга оширишган. “Унвон ул-баён” китобида илмнинг конлари Пайғамбарликдан олинади. Яъни илм хазинасининг бошида Пайғамбаримиз туради. У Зот ҳаммага тақсимлайдилар. Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ илмда комил бўлиш сабабида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабидан етганларини ўз сўзлари билант баён қилганлар. Буюк ишларни қилган олимлар ҳаётини эътибор билан ўқисангиз унга ўзингиз амин бўласиз.
    Ҳазрати Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимки жума кечаси икки ракат намоз ўқиб, намознинг ҳар бир ракатида “Фотиҳа”дан кейин “Оятал курси”ни бир марта, “Иҳлос сураси”ни ўн беш марта ўқиб саломдан кейин минг марта саловат айтса, албатта у кейинги жумага етмасдан мени тушида кўради”.
    “Нозик хабарлар” номли китобда Ҳазрати Алидан ривоят қилинади: “Кимки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришга ва у зот билан мулоқот қилишга муштоқ бўлса, абҳар намозини ўқисин”.
    Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимки абҳар намозини ўқиб туриб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаса, мен Умар эмасман. Ва яна Умарнинг нафси қўлида бўлган Зотга қасамки, кимки абҳар намозини ўқиса, Аллоҳ таоло ҳожатини раво қилади ва гуноҳлари ерни тўлдиргунча бўлса ҳам ўчиради. Жон чиқаётган вақтида чанқамайди, қабрига атиргул ва ёсимин гуллари тўшалади. Атрофидан абҳар ўсиб чиқади. Қабридан турган вақтида ҳурмат тожи кийдирилади. Ва 12000 фаришта ҳурмат билан ва халос хурсандчилиги билан юзланади. Ўзи эса фаришталар ёки Пайғамбарлар суратида бўлади. Унга хоҳлаганича одамни шафоат қилишга изн берилади”. Агар талаб қилинса, абҳар намозини ўқилишини ҳам баён қилиб ўтамиз, Аллоҳ хохласа.
     Айрим машойихлар жума кечаси “Қадр” сурасини 1000 марта ўқиган одамнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бир марта бўлсада, тушида кўрмасдан оламдан ўтмаслигини келтирдилар. Шунингдек, “Кавсар” сурасининг хосиятлари бобида ҳам жума кечаси шу сурани 1000 марта ўқиб, сўнг 1000 марта саловат айтса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўриши таъкидланади. Хусусан, Ҳазрати Сайид Муҳамад Ҳаққий ан- Нозилий “Кавсар” сурасини 1000 марта ўқиб, сўнг 1000 марта “Аллоҳумма солли васаллим ала саййидина Муҳаммад ва ала оли саййидина Муҳаммад биъадади кулли маълуумил-лака иннака ала кулли шайъин қодийр” тасбеҳини 1000 марта айтиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўриш бахтига эришганлигини ёзиб қолдирган. Шунингдек, у зоти шариф яна бошқа кўплаб дўстларининг худди шу йўл билан мақсадга эришганлиги ҳақида ҳам тўхталади.
    Саййид Ализоданинг “Мифтоҳул жинон шарҳу ширъатил ислом” китобида келтиришича эса, кимки жума кечасида “Қурайш” сурасини 1000 марта ўқиб, таҳорат билан ухласа ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўради. Шунингдек, унинг ҳамма мақсуди ҳосил бўлади. Бу энг улуғ тажрибадир, - дейди муаллиф.
     Хуфтондан кейин дунё ишларидан бирон нарсага машғул бўлмасдан ётиш ҳам суннатдандир. Ётишда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўриш иштиёқида, макруҳ ҳолдаги ётишдан ҳазар қилиб, суннат ҳолдаги ётишга жидду- жаҳд қилиш лозим. Ўнг тарафни қиблага қилиб, ўнг тарафни босиб, ўнг қўлнинг кафтини ўнг юзнинг тагига қўйиб ётишлик суннатдир. Аллоҳим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришни соғинганларга у зотнинг жамолини кўришни насиб айлагин.

 


Урол Назар Абдуллоҳ,
Тошкент ислом институти кабинет мудири

 

www.muslim.uz 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218899
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98166
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47189
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45656
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24754