Эй Расулуллоҳ! Биз сизни севамиз!
23.12.2016 8141

   Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатли бўлиш мукаммал мўминлик белгиси саналади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен сизларга отасидан ҳам, боласидан ҳам ва барча инсонлардан ҳам суюклироқ бўлмагунимча, сизлардан бирортангиз ҳақиқий мўмин бўла олмайсизлар”, дедилар» (Муттафақун алайҳ). 
   Ушбу ҳадисда комил мўмин бўлиш учун Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатли бўлиш лозимлиги баён қилиняпти. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминлар учун барча муҳаббат қилинадиган кишиларидан кўра севишликка ҳақли бўлган зотдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир”, (Аҳзоб, 6). 
   Бу шундай улуғ мақом бўлиб, бу мақом фақатгина бизнинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га берилгандир. Қозий Иёз (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деган: “Инсонда бошқа кишига нисбатан муҳаббатни пайдо бўлишига тўрт ишдан бири сабаб бўлади: 

– фойда келтириши. Қайси бир киши сенга фойда келтирадиган иш қиладиган бўлса, унга нисбатан сенда муҳаббат пайдо бўлади; 

– зарарни даф қилиши. Бирор киши сенга келадиган зарардан сени ҳимоя қилса, унга нисбатан сенда меҳр ва муҳаббат уйғонади; 

– хилқати, кўриниши чиройли бўлиши. Инсон бирор чиройли манзара ёки товусга ўхшаган чиройли қушни кўриб қолса, унга қизиқиши ортади ва унга муҳаббат қилади; 

– хулқи чиройли бўлиши. Сен бирор хулқи, одоби чиройли бўлган кишини одамлар билан гўзал муомала қилаётганини кўриб қолсанг, унга нисбатан сенда муҳаббат пайдо бўлади. 

 

Мана шу тўртта хусусиятнинг барчаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да жам бўлган: 


– У зот бизга Раббимизни танитдилар. Бандага ўз Раббисини танишидан кўра яхшироқ нарса йўқ. У зот бизга жаннатга бориш йўлларини таълим бердилар. Бизга Исломни ўргатдилар. Аллоҳ таолога қандай ибодат қилишни таълим бердилар. Буларнинг барчаси Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бизга берган энг катта манфаатлари ва ёрдамларидир; 

– У зот ҳаётимиздаги ҳар бир ёмонликдан бизни қайтардилар. Бизни дўзахдан қайтардилар. Бизга дўзах йўлларидан сақланишни ўргатдилар. Биримиз бошқамизнинг обрўсини тўкишдан, жонига ва молига хиёнат қилишдан бизни қайтардилар; 

– Набий (алайҳиссалом)нинг хилқатлари, кўринишлари жуда чиройли бўлган; 

– У зот барча инсонларнинг энг хулқи яхшиси бўлганлар. У зот ҳақида Қуръони каримда: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”, (Қалам, 4) дейилган. Ойша (розияллоҳу анҳо) у зотнинг хулқларини “Қуръон”, деган. Шунга кўра, у зот севилишга ҳақли бўлган зотдирлар. 

Шунингдек, баъзи уламолар инсониятда бўлган муҳаббат ҳақида қуйидаги фикрларни айтишган. 

 

Инсониятда мавжуд бўлган муҳаббат уч хил бўлади: 


– табиий муҳаббат – буни Аллоҳ таоло инсоннинг асл фитратида бор қилиб яратган. Бу муҳаббатда инсон учун яхши кўриш ёки яхши кўрмаслик ихтиёри бўлмайди. Бунга инсон ўзини, фарзандини, ота-онасини яхши кўришини мисол қилишимиз мумкин; 

– ақлий муҳаббат – бу муҳаббат аслида инсоннинг фитратида бўлмайди, лекин ақлнинг тақозосига кўра шу нарсага меҳр қўяди ва уни хоҳлайди. Бунга мисол, бемор кишининг аччиқ дорини истеъмол қилиши. Аслида нафси буни хоҳламаса ҳам, жисмига даво бўлишини билганидан буни хоҳлайди. Яна бирор инсонни унга манфаати етиб тургани сабабидан уни яхши кўриши; 

– имоний муҳаббат – бу муҳаббат Аллоҳ таолога ва унинг Расулига имон келтирган имонли кишидагина бор бўлади. Бунга бир киши мусулмон кишини Аллоҳнинг розилиги учун яхши кўришини мисол қилишимиз мумкин. Бу муҳаббат қариндошлиги учун ёки бирор манфаат учун бўлмайди. Балки шариатимиз шунга буюргани ва имони тақозо қилгани учун бўлади. 

    Юқоридаги ҳадисда зикр қилинаётган Муҳаммад (алайҳиссалом)га муҳаббатли бўлиш имоний муҳаббатдан ҳисобланади. Агар инсонда имоний муҳаббат бўлсагина, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳақиқий муҳаббат қила олади. Саҳобаи киромларда мана шу муҳаббат бўлган ва шу сабабли у зотга ҳақиқий ошиқ бўлганлар. Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Абдуллоҳ ибн Ҳишом (розиялоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Биз Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга эдик. У зот Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг қўлларини ушлаб турган ҳолда эдилар, шунда Умар (розияллоҳу анҳу) у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, нафсим унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, токи мен сизга ўзингиздан ҳам маҳбуброқ бўлмагунимча бўлмайди”, дедилар. 

Умар (розияллоҳу анҳу) у зотга: “Энди Аллоҳга қасамки, албатта, сиз мен учун ўзимдан ҳам маҳбуброқсиз”, деди. 

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ана, энди бўлди, Эй Умар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). 

Умар (розияллоҳу анҳу) айтган гапларининг икки хил эҳтимоли бўлиши мумкин: 

– У киши аввалги ҳолатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўриш инсоннинг фитратида бўлган табиий муҳаббатдан деб ўйлаб, қалбидаги борини очиқ-ойдин Набий (алайҳиссалом)га айтган бўлишлари мумкин, сўнгра бу имоний муҳаббатдан эканлигини билиб, иккинчи гапни айтганлар. 

– Аллоҳ таоло у кишини Муҳаммад (алайҳиссалом)га мурожаат қилиш баракаси билан улуғ мақомга етказди, натижада у кишининг қалбида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан улкан муҳаббат жойлашди. 

У зотга бўлган муҳаббат қалбий ва амалий бўлиши лозим. Шунга кўра, у зотга муҳаббатли бўлган киши Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг суннатларига амал қилиши, у зотни хурсанд қиладиган ишларни қилиши керак бўлади. Уламолардан бири: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳақиқий муҳаббатли бўлиш – У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатини қўллаб-қувватлаш, унинг шариатини ҳимоя қилиш ва нафсини ва молини сарфлаш учун у киши билан бирга бўлишни орзу қилишдир”, деб айтган. 

 

Шунга кўра, Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! Биз сизни яхши кўрамиз: 

 


– Эй Расулуллоҳ! Бизни яхши кўрамиз. Чунки сиз оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбардирсиз; 

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз. Сиз бизни тўғри йўлга бошладингиз ва гуноҳ ишлардан бизни қайтардингиз; 

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз. Зеро, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари сизга салом ва салавот айтишган ва Аллоҳ бизни ҳам сизга салавот ва салом айтишга амр қилган; 

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз, зеро, сизни яхши кўриш Аллоҳ таолога қурбат ва Аллоҳга энг афзал ибодатдир; 

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз, чунки тушимизда сизни кўришимизни Аллоҳдан дуо қилиб сўраймиз; 

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз, зеро, жаннатда сиз билан бирга бўлишимизни умид қиламиз; 

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизга муҳаббатли бўлган ҳолда, сизга иштиёқманд бўлган ҳолда, сизга яқинлашган ҳолда, сизни ҳис қилган ҳолда, қадр-қимматингизга улкан меҳр қилган ҳолда яхши кўрамиз; 

– Эй Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз, қиёматда бизни шафоат қилишингиз учун.... 

 

       Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатли бўлиб яшашни насиб айласин. 

 

Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Шокиржон МАДАМИНОВ тайёрлади

 

Манба: www.muslim.uz  

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217072
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24598