Беморликка бериладиган ажрлар
5.10.2018 716

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини (гуноҳларини) кафорат қилади», дедилар».

Демак, мусулмон киши катта-ю кичик мусибатларга, оғир беморликларга ҳам, тикон киришига ҳам сабр қилмоғи лозим бўлар экан.

Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига у киши Минода турганларида қурайшлик ёшлар кулиб кириб келди. Бас, у киши:

«Сизларни нима кулдирмоқда?» дедилар.

«Фалончи чодирнинг ипига қоқилиб,  йиқилиб бўйни синишига ва кўзи чиқишига сал қолди», дедилар.

«Кулманглар! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, “Қай бир мусулмонга тикан кирса ёки ундан ортиқ нарса етса, албатта, унга бир даража ёзилур ва бир хатоси ўчирилур, деганларини эшитганман»,  дедилар Оиша онамиз.

Эътибор берайлик, ҳадиси шарифда айтилишича, ана шундай ҳолга тушган одамга Аллоҳ таоло катта марҳамат кўрсатар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундай киши ҳақида: “Қай бир мусулмонга тикан кирса ёки ундан ортиқ нарса етса, албатта, унга бир даража ёзилур ва бир  хатоси ўчирилур”, демоқдалар.

Қандай қилиб Аллоҳ таолонинг улкан марҳаматига сазовор бўлиб турган инсон устидан уни масхара қилиб кулиш мумкин!? Ҳар биримиз бу масалада жуда ҳам эҳтиёт бўлмоғимиз лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратур”, дедилар”.

Ана ўшандек синовларнинг бири беморликдир. Демак, беморликка мубтало бўлган мусулмон инсон ўзига ориз бўлган хасталикни Аллоҳ таолодан ўзига нисбатан синов деб билмоғи лозим ва сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг Ўзидан шифо сўрамоғи керак. Мўмин-мусулмон одам ўзига беморлик етганда сабрсизлик қилиш ўрнига, сабр қилиб, хасталикни Аллоҳ таоло берадиган яхшиликдан олдинги синов деб билмоғи лозим. Агар ўша синовдан яхши ўтса, унга яхшилик ато қилинади. Мабодо, Аллоҳ кўрсатмасин, синовдан ўта олмаса, ўзидан кўрсин.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра шиддатлироқ беморликка учрайдиган бирор кишини кўрмадим”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомлари улуғ бўлганидан ҳам у зотга дарднинг шиддатлиси келар эди. Бирор мусулмон банда хасталикка чалинса, нима учун ҳадеб бемор бўлаверар эканман, бошқалар соппа-соғ юрибди-ку, қабилидаги гап-сўзларга бормай Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беморликка учрашларини кўз олдига келтирмоғи лозим. Беморликка учраш Аллоҳ таолонинг азобига учраш дегани эмас экан, балки баъзи вақтларда, хусусан, мўмин-мусулмон, тақводор одамлар учун беморлик даражаларининг кўтарилиши учун хизмат қилиши ҳам мумкин экан.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Соибнинг ҳузурига кирдилар ва:

“Эй Умму Соиб, сенга нима бўлди, қалтираяпсан? ” дедилар.

“Иситма! Аллоҳ уни баракасиз қилсин!” деди у.

“Иситмани қарғама. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг зангини кетказганидек кетказур”, дедилар у зот”.

Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча муҳим масалаларни ўрганиб оламиз.

Аввало, эркак киши бемор бўлиб ётган аёл кишини кўргани бориши мумкинлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Умму Соиб онани кўргани борганлари шунга далолат қилади.

Иккинчидан мўмин-мусулмон одам ўзига  етган беморликни сўкмаслиги кераклиги.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморликдан қийналаётган бир кишини кўргани бордилар ва унга: “Хурсанд бўл! Аллоҳ бу менинг оловимдир, уни гуноҳкор бандамга дўзахдаги насибаси ўрнига берурман, деюр”, дедилар.

Бу ҳадиси шариф беморликка сабр қилишнинг кўплаб фойдаларидан яна бирини баён қилмоқда. Унда бу дунёда тортган дард, агар банда дардни сабр ила, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, шариатга хилоф қилмай бошдан кечирса, охиратда бўладиган азоб ўрнига ўтиши мумкинлиги баён қилинмоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

Албатта, Аллоҳ таоло, қачонки бандамни икки суюклиси ила мубтало қилганимда у сабр қилса, иккисининг эвазига унга жаннатни берурман, деюр”, деганларини эшитдим”.

Бу ҳадиси шарифдаги “икки суюклиси” дан мурод икки кўзидир.

Албатта, икки кўзидан ажраш ёки умуман икки кўзи кўрмайдиган бўлиб туғилиш ҳар қандай банда учун оғир мусибат. Шунинг учун ҳам бу оғир мусибатга сабр қилган бандага улкан мукофот – жаннат ваъда қилинмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Қорин хасталиги ила ўлган шаҳиддир, вабода ўлган шаҳиддир”, дедилар”.

Беморликларга сабр қилган мўмин-мусулмон бандага бир неча хил мукофотлар ваъда қилинмоқда.

гуноҳларнинг ювилиши;

даражаларнинг кўтарилиши;

хатоларнинг ўчирилиши;

Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилиши;

дарднинг оғирлигига қараб ажрнинг кўпайиб бориши;

дард чекиб, сабр қилиб тузалган одам гуноҳлардан пок бўлиши;

тортилган дард охират азоби ўрнига ўтиши;

Оғир дардга сабр қилган банданинг жаннатга киришига сабаб бўлиши.

Бу ерда зинҳор ва зинҳор савоб бўлар экан деб ўзига хасталик тилаш ёки хасталикка олиб борадиган ишни қилиш, қасддан даволанмай юриш мутлақо мумкин эмас.

 

Хўжаобод туманидаги “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммад Қуддус Абдулманнон манбалар асосида тайёрлади.

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 58572
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

7227