Ислом гўзаллиги

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис).

 

Изоҳ: Ушбу ҳадиси шариф қисқа ва лўнда бўлишига қарамасдан кўп ва хўб маъноларни ўз ичига олган сермазмун ҳадислар сирасига киради. Унда Набий алайҳиссалом кишининг дину диёнатини комил қилиб, мусулмончилигини гўзаллаштирадиган ҳамда амалларига салоҳият бағишлайдиган нарсага иршод қилмоқдалар. У ҳам бўлса, ўзига дунёю охиратда фойдали бўлган ишларга ҳарис бўлиб, бефойда ва ўзига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланишни тарк этмоқдир. Демак, мўмин киши турли-туман бекорчи нарсалар, бировларнинг ҳаётий ва шахсий ишларига аралашиш, ғийбат, иғво ҳамда чақимчилик каби ўзига алоқаси йўқ ишлар билан қимматли вақтини ўтказмаслиги, балки, улардан сақланиши лозим. Унинг ўрнига ўзини Парвардигорга яқинлаштирадиган солиҳ амаллар, тоат-ибодат, ота-она ва қариндошларга яхшилик қилиш, илм олиш, ўз маънавий бойлигини ошириш ва бошқа эзгу ишлар билан машғул бўлмоғи кишининг мусулмончилиги ва дину диёнати нақадар чиройли эканлигининг аломати экан.