Шайх Абдулазиз Мансур: "Умрни беҳуда ишлар, гаплар билан ёки ғафлат билан ўтказмаслик керак"

11 Avg 2016 4507

 

1. Ассалому алайкум Шайх ҳазратлари, инсонга берилган умр деганда нимани тушунасиз? 


Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим. Умр бу – Аллоҳ таолони ҳар бир бандасига ўлчаб берган бир муддатидир. Инсон дунёга келганидан кейин неча йил умр кўришини ўзи билмайди, бу ғайб илми бўлиб, уни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Аслида Аллоҳ бандага умрни нима учун берган? Аллоҳ таоло умрни бандага охират учун бир захира, зоду роҳила тайёрлаб олиш учун берди. Вақтинчалик синов муддатидан иборат бўлган бу дунё ўткинчидир, абадий, ҳақиқий дунё бу – охиратда бўлади. Охиратда энди ўлим йўқ. Қилган ишларимизга қараб Аллоҳ таоло охиратда ажру савоблар беради ёки жазо беради. Умр бу – бир яшаб ўтиб кетадиган ва кейин йўқ бўлиб қоладиган нарса эмас. Инсонни Аллоҳ яратибдими, энди бу мавжудот абадий, вафот этиши ҳам вақтинчалик, охиратда яна тирилади, абадий ҳаёт бошланади. Шунинг учун бу умрни ғанимат билиш керак. Мана шу берилган умрдан унумли, ижобий фойдаланиб олиш керак. 
    Умрнинг ҳар бир дақиқаси ғанимат. Умрни беҳуда ишлар, гаплар билан ёки ғафлат билан ўтказмаслик керак. Инсон шу дунёда ҳам бахтли бўлиши учун, охиратда ҳам саодатманд Аллоҳнинг бандалари қаторидан жой олиши учун берилган азиз умрнинг қадрини билиб, фақат фойдали нарсаларга, ўзига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фойдаси тегадиган эзгу ишларга сарф қилиши керак. 


2. Инсон қанча умр кечиргани билан эмас, балки қандай умр кечиргани билан қадрлидир. Шундай эмас-ми? 

Дарҳақиқат, буюк аждодларимизнинг асарларини ўрганиб чиқишга бир кишининг эмас, балки ўнлаб кишиларнинг ҳам умри етмайди. Афсуски, улар эллик ё олтмиш ёшнинг ўртасида яшаб ижод қилганлар. Табобатнинг пири, инсон саломатлигини сақлаш бўйича ёзган нодир манба “Тиб қонунлари” номли асарини ёзган, бир қатор фалсафий асарларни бизга мерос қилиб қолдирган Абу Али ибн Сино ҳам озгина яшаган умрида бир қатор улуғ ишларни қилди. Аждодларимиз берилган умрдан жуда ҳам унумли фойдалана олишган. Улар умрининг бирор дақиқасини беҳуда, бекорга ўтказмаганлар. Имом Бухорий ҳазратлари тўғрисида бундай ривоят келади. Ҳар кеча Имом Бухорий кечалари билан шамнинг ёруғлигида илм олишларини қўшниларидан бири кузатиб турар экан. Шам исроф бўлмаслиги учун тафаккур қилиб ўйлаётган вақтларида шамни ўчириб қўйиб, илҳом келганда яна шамни ёқиб керакли бўлган нарсаларни қоғозга кўчирар эканлар. Қўшнилари гувоҳлик бериб айтадики, мен бир кечада Имом Бухорийни етмиш беш марта шамни ёқиб ўчирганларини санаб турдим. Қарангки, бизнинг аждодларимиз ҳатто кечаларини ҳам беҳудага сарфламаганлар. Биз бу каби буюк аждодларимиздан намуна олиб яшашимиз керак. 


3. Устоз, шогирд ва мухлисларингизга вақтнинг қадрига етиш борасида фирк-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз. 

Албатта, инсон умри ўтиб, ёши улуғ бўлиб боргани сари жуда кўп ҳаётий тажрибаларга эга бўлиб боради. Шахсан мен ўзимнинг ҳаётимни қисқача таҳлил этадиган бўлсам, ўтган умримни ҳисоб-китоб қилиб, ўзимга-ўзим кўп ҳисобот бераман. Қани қандай ишларни амалга оширдим, умримнинг кўп қисми исроф бўлмадимикин, деган саволларни бераман. Афсуски, Аллоҳ таолонинг менга берган умрининг ҳар бир дақиқасини беҳуда ўтказмадим деб айта олмайман. Чунки бу жуда ҳам мушкул иш. Оиланинг ўзига яраша ташвиши бўлади, инсон фақатгина ижод билан машғул бўла олмайди, инсон оила қуради, фарзандларни тарбия қилади, уларнинг таъминоти эркак кишининг елкасига юклатилган вазифалардан. 
   Шунингдек, ҳаётда инсоннинг синовли кунлари бўлади, турли хил ноқулайликлар, шарт-шароитларнинг бўлмаслиги туфайли ҳам инсон кўплаб вақти, умрини беҳудага ўтказиб юбориши мумкин. Биргина мисол, истиқлолдан олдинги йилларда бугунгидек илмий-ижодий ишлар учун имкониятлар йўқ эди. Хусусан, диний асарлар ёзишга рухсат йўқ эди. Афсуски, бу йиллар муҳим бўлмаган баъзи ишлар билан ҳам машғул бўлишга тўғри келган. Бугун истиқлол шарофати билан бизларга жуда катта имкониятлар туғилди. Айниқса, илм йўлида юришни мақсад қилган кишиларга кўплаб шароитлар яратилди. Энди мана шу шароит ҳамда имкониятларни ҳам қўлдан бой бериш мутлақо тўғри бўлмайди. 


4. Шайх ҳазратлари, баъзи инсонларни “вақт тез ўтмоқда”, деб шикоят қилаётганларининг гувоҳи бўламиз. Аслида инсон ўз умрини баракали яшаб ўтиши учун қандай яшаши лозим. 

Вақт тез ўтяпти, деб айтиш мажозий гапдир. Зеро, вақт ҳеч қачон тезлашмайди ҳам, секинлашмайди ҳам. Фақат инсон зерикарли ҳаёт кечираётган бўлса, вақт секин ўтаётганга ўхшаб кўринади. Доимо фойдали ишлар билан банд бўлган инсон учун эса вақт тез ўтади. Бу ҳақда бир ривоят келади. Қадимда бир бой бўлиб, қўл остида бир қанча усталарни ишлатар экан. Хаёлида бир зумда кеч кириб қолиб, ишчиларни озгина ишига ҳам кўп ҳақ тўлаётгандек бўлибди. Шунда маслаҳат сўраб бир доно дўстининг ҳузурига бориб: “Дарров кеч кириб қоляпти, ҳар куни мардикорларга мен ҳақ тўлаяпман, наздимда пулларим бекорга кетаётганга ўхшайди, вақтни узайтиришнинг йўли борми?” деди. Дўсти бойга қараб: “Албатта бор, вақтни чўзса бўлади, кечгача сен усталарни роса ишлатиб оласан, ҳатто, қачон кеч киради, деб ўзинг мунтазир бўласан”, деди. “Айнан шу нарса менга керак эди, дўстим, уни менга ўргат”, деди бой ўз дўстига қараб. Дўсти унинг учун катта бир чархпалак ясаб, усталар ишлаганда сен секин уни айлантирсанг вақт узаяди, деди. Бахил бой бунга рози бўлиб, чархпалак ясаттиради, чархпалак тайёр бўлгач, уни айлантиришга киришади. Буни қарангки, бир ё ярим соат ўтгандан сўнг толиққан бой “Э, қачон кеч кирар экан”, дебди. 
    Чиндан ҳам, кўпчилик вақтни тез ўтаётганини таъкидламоқдалар, бунинг боиси бугун одамларни бирор иш билан банд эканликларидир. Уларнинг аксарияти турли хил чалғитувчи нарсалар билан банд бўлиб қолганлар. Олдинлари ҳаёт жуда содда бўлган, одамларни чалғитадиган, уларнинг вақтларини бекорга кетказадиган нарсалар кам бўлган. Ҳозирги кунда биргина қўл телефони бор одам бир ўзи эрталабдан то кечгача зерикмасдан кунни ўтказиши мумкин бўлиб қолди. Шундай экан, биз бундан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, вақтимиздан унумли фойдаланишимиз керак. 


5. Афсуски, бугунги кунда баъзи ёшлар телефон ва шу каби ахборот воситаларига боғланиб қолиб, муккасидан кетган ҳолда умрларини зое қилаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Айтинг-чи устоз, бу каби муаммонинг ечими нималардан иборат ва уларга нисбатан сизнинг муносабатингиз? 

Албатта, бу барчамиз учун ташвишли ҳолатдир. Ёшлар масаласи, уларнинг муаммоси ҳамиша долзарб ҳисобланади. Шунинг учун бунга бефарқ қараш тўғри келмайди. Таъкидлаб ўтиш лозимки, ОАВнинг бугунги кунда ривожланиб бориши бир томондан қувончли ҳолат. Авваллари йиллар давомида етиб келадиган хабарлардан эндиликда бир зумда хабардор бўлиш имкониятига эга бўлдик. Лекин интернет, ундаги ижтимоий тармоқларнинг сони ниҳоятда ортиб кетди. Афсуски, улар орасида салбий мазмундагилари кўп қисмни ташкил этади. Хўп, бу муаммони ечиш учун нима қилмоқ керак? Аввало, маълумотларни яхши ва ёмонга ажратиб олиш лозим. Агар инсон интернетдаги барча маълумотларни ўқиб, томоша қилиб чиқаман деса бунга унинг умри етмайди, бекорга вақтини исроф қилган бўлади. 
    Шундай экан, интернетдан фақат ўзига фойдаси бўладиган маълумотлардан фойдаланиши керак. Ҳатто фойдали нарсаларни излаганингизда ҳам баъзи фаҳшга оид ёки умуман керак бўлмаган маълумотлар ҳам учраб туради. Бундай ҳолларда қандай йўл тутиш керак? Интернет, ОАВ воситаларидан фойдаланишни четга суриб қўйиш керакми ё шунда ҳам фойдаланиш керакми, деган савол муҳим ҳисобланади. Барча макон ва замонларда инсониятни икки дунё саодатига бошловчи динимиз Ислом дини бу каби муаммоларнинг ечимини бундан бир минг тўрт юз йилдан ортиқ давр илгари эълон қилиб қўйган. Хусусан, бу ҳақда Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур, 30). 
    Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларининг муборак ҳадисларидан бирида “Ҳой Али, биринчи назарга иккинчисини эргаштирма. Иккинчиси сени зиёнинггадир”, дедилар (Абу Довуд, Термизий ривояти). 
    Мана қарангки, мўмин-мусулмонлар шундай бахтиёр инсонларки, улар учун ҳаётларини барча жабҳаларини ўз ичига қамраб олган дастурул амаллари бор, бу дастур уларни икки дунё саодати сари етаклашга хизмат қилади. Демак, интернет ёки бошқа ОАВдан фойдаланган вақтимизда динимиз қайтарган бирор ёлғон хабар, шармсиз расм ёки беҳаё лавҳаларга дуч келганимизда дарҳол бу каби маълумотларни тарк этишимиз лозим бўлади. Чунки бугунги кунда агар интернетда шармсиз, беҳаё нарсалар кўп деб ундан фойдаланишни буткул тарк этадиган бўлсак, замондан ортда қолишимиз табиийдир. Шундай экан, эндиликда ирода, тарбияни мустаҳкам қилиш керак. Ёшларни интернетда учраган бузуқ маълумотларга нисбатан бу нарса гуноҳ, уят деб ақли ва қалби билан таҳлил қиладиган, бу каби хабарларга парво қилмайдиган, қалби ва дилини бермайдиган қилиб тарбиялаш лозим. 
    Аллоҳ таоло тинчлик, хотиржамлик, осойишталик юртида, диёримиздаги фаровонликнинг шукронасини қилиб, умримизни ғанимат билиб, азиз умримизни фақат эзгуликка, яхшиликка, ўзимизга ва бошқаларга манфаат етказишда сарф қилиб боришимизни насиб этсин. 
    Фарзанду зурриётларимиз ҳам рушду ҳидоятли, илму ҳикматли, касбу-ҳунарли бўлиб, оиласига, Ватанига, қолаверса, бутун инсониятга манфаати тегадиган ёшлардан бўлишларини Аллоҳ муваффақ этсин. 

 

Даврон НУРМУҲАММАД суҳбатлашди. 
Шаҳзод ШОМАНСУРОВ суратга олди.

 

 

Манба: www.muslim.uz