ТОПГАНИНГИЗ ТЎЙЛАРГА БУЮРСИН! БУ ДУО-МИ ЁКИ ДУОИБАД ?
5.10.2017 5242

Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларни Ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики, буларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этади:

 

“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”.

 

 “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”.

 

Аммо инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони карим бундай таълим беради:

 

 “...Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмас”.

 

Бошқа бир ояти каримада эса бундай марҳамат этади:

 

“У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”.

 

“Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди”, деб ёзади Марҳум Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида. Тўйдан муддао — яхшилик. Эзгу ният, хайрли мақсад билан икки ёшнинг бошини қовуштирамиз. “Серфарзанд, сердавлат бўлинглар, ўзларингдан кўпайинглар, униб-ўсинглар”, дея кайвониларимиз ёшларни дуо қилишади. Янги оила бунёд этилади. Лекин биз нимагадир ёшларнинг бахт-саодати, келажаги ҳақида эмас, кўпроқ тўй, уни қандай ўтказиш хусусида қайғурамиз. Қулоғимизгача қарзга ботсак-да, обрў учун қозон-қозон гуруч дамлаймиз. Автомашиналардан карвон тузиб, маҳаллада “дув-дув гап” қилгимиз келади. Энг қиммат ресторанда базм уюштириб, танишу нотаниш, маст-аласт оломоннинг хурмача қилиқларини виқор билан томоша қиламиз. Элнинг расм-русумини қиляпмиз деб ҳаддан ошамиз. Хаётда хаммамиз кўп бўлмасаям ҳеч бўлмагандан бир марта шундай ҳолатларга гувоҳ бўлганмиз. Тўйхонага оппоқ либосларда шаҳзодаю малика бўлиб келин билан куёв кириб келишади. Келин салом қилиш мақсадида бир оз эгилар экан, ҳижолатдан катталарнинг нигоҳи ерга қадалади. Атрофдан: “Жуда очиқ кийинибди”, “Этагини узун қилгандан кўра елкасига ташласа бўлар экан”, деган дашномлар қулоққа чалинади. Келин-куёв тўрдаги ўриндиқларга бориб ўтиришади. Куёв креслода ясаниб ўтирар экан, ҳудди “Мана кўриб қўйинглар, менинг маликамни”, деяётгандек эди. Жўралар, ҳатто тўйга келган аксар эркакларнинг нигоҳи шоҳсупада “малика”лардай ўтирган  келинга қадалган...

 

Келин юзини очиб, бемалол ўтирди. Лекин ҳарир парда ортидаги чеҳрани, бу нозик вужудни кўз-кўз қилиш асло мумкин эмас. Кетма-кет келган таниқли хонандалар қўшиқларидан давра ёшлар дискотека залига айланди-қолди. Ҳатто келин-куёвни ҳам даврага олиб чиқишди. Ҳинд сериалларида куйланадиган қўшиққа ҳамоҳанг келин-куёв қучоқлашиб вальсга тушишди. Бу манзарани қандай изоҳлаш мумкин?! Ҳамманинг назари икки ёшда. Атрофни ўраб олган йигитларнинг қий-чуви... Сўнг келин отаси билан, кейин қайнотаси билан ҳам рақсга тушди... Қани шарқона одоб-ахлоқ, ибо-ҳаё?! Буни оддий ҳолатдек қабул қилаётганларнинг орияти, ҳамияти қаерда қолди? Оила жамиятнинг бир бўлаги. Оила тўкис бўлса — жамият фаровон. Оила даромади жамият бойлиги билан чамбарчас боғлиқ. “Пул меники, қандай хоҳласам, шундай сарфлайман. Истасам — дабдабали тўй қиламан, истасам — данғиллатиб уй соламан”, деб ҳисоблайдиганлар бор. Улар бойлигимизни ҳавойи орзулар учун совуришимиз охир-оқибат ўзимизга зиён эканини наҳотки билмайдилар?!

 

Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.

 

Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, уларнинг исрофгар ҳам, хасис ҳам бўлмасликларини баён этади:

 

яъни: “(Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”.

 

Абдуллоҳ ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар” (Имом Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”. Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”, дейилган.

 

Лекин таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай бирваракайига исроф қилиняпти. Хонадонларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани айниқса ачинарли ҳолат.

 

Аҳли донишлар шуҳратпарастлик, манманлик, такаббурлик деб баҳолайдиган дабдабабозлик билан ном қозониш, мол-дунёсини кўз-кўз қилиш унчалик қийин иш эмасдир, эҳтимол. Аммо ўзини шу заминга дахлдор деб билган туйчи акаларимиз тўй деган томошада сочадиган маблағларининг лоақал ўндан бирини хайрли мақсадларга, дейлик, бева-бечораларга ёрдам бериш, ўзлари яшайдиган маҳалла ва қишлоқларни ободонлаштириш, янги иш жойлари ташкил этиш, ёшларни илмли қилиш, йўллар, кўприклар қуриш сингари эзгу ишларга сарфласалар нафақат эл-юрт олдида обрў-эътиборга, балки катта савобга ҳам дохил бўладилар-ку! Беҳбудий таъбири билан айтганда, тўй ва аза исмидаги бу икки қаттол душман ҳаётимизга эгов, оёғимизга тушов бўлиб келаётгани бор гап. “Эрдан чиқсанг ҳам, элдан чиқма” нақлига амал қилиб, вужудимизни қуртдек кемираётган бу хасталикни бекитишга, ўзимизга ёқмаган пойгада ҳарсиллаб чопишга ҳаракат қиламиз. Маърака-маросимларимиздаги дабдабабозлик, исрофгарчилик ҳақидаги гап-сўзлар, таъна-дашномларга ич-ичимизда қўшилсак-да, сиртимизга сув юқтирмаймиз. Фойдаси йўқ, барибир ҳеч нарса ўзгармайди, бу ҳақда гапириш — осмонга кесак отишдай бир гап, дея қўл силтаб яшайверамиз. Шу ўринда ҳаётимизнинг ажралмас бўлаги бўлган тўй, маърака ва бошқа турли маросимлар ўша омилларнинг салмоқли қисмини ташкил этишини ҳам унутмаслик даркор. Тўй — фаровонлик белгиси. Тўкинлик, файз-барака, осойишталик бор жойда тўйлар бўлади. Бироқ ношукурлигимиз ҳаддан ошиб кетади баъзан. Орзу-истакларимиз чегара билмай қолади. 

 

Ҳаммамизни тўйларга етказсин. Халқимиз ҳаётини тўйсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Орзу-истакларимиз, жамики саъй-ҳаракатларимиз фарзандларимиз камоли, бахт-саодати билан боғлиқ. Юртимиз тинч, турмушимиз фаровон, ҳаётимиз тўкис. Қанча тўй қилсак, ярашади. Қандай ота-она ўз фарзандини соғлом ва баркамол этиб тарбиялашни, унинг бахту иқболини кўришни истайди. Ана шундай эзгу мақсадда меҳнат қилиб, яхши кунлар учун йиғинамиз, “топган-тутганимизни” тўйларга атаймиз. Бироқ сўнгги пайтларда бундай ҳою-ҳаваслар миллий қадрият ва урф-одатларимиз кўзгуси бўлган тўй-ҳашамларимизнинг дабдабабозлигу ким ўзар пойгага, исрофгарлик томошасига айлантириб қўяётгани кўпчиликни ташвишга солиши табиий. Чунки дабдаба билан ўтказилаётган тўй-ҳашамлар оқибати турли муаммоларга, энг ачинарлиси, ёш оилаларнинг ажралишларига ҳам сабаб бўлмоқда.

 

Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Борган сари тўйҳашамларимиз дабдабали тус олиб боряпти, кундан-кунга янги-янги турдаги тантана ва маросимлар, янги-янги турдаги исрофли, дабдабали одатлар пайдо бўлмоқда. Агар аҳвол бу кетишда бўлса, келажакда бундай маросимлар халқимиз бошига не кулфатларни соларкин, деб ўйлаб қоласан киши.

 

Битта наҳорга ош учун қанча пул сарфланади? Ундан кейин ёки ундан олдин яна бир талай маросимлар ҳам бор. Тўй келар, сабзи тўғрар, никоҳ базми деймиз. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Чарлар, чақириқ, ҳайит ундан кейин қовурдоқ, бешиктўй ва ҳоказолар бор. Яна бошқа турли-туман харажатлар ҳам бор ўртада. Дабдабали мебеллар, ҳашаматли пардалар, турли-туман қимматбаҳо сарполар. Хуллас, ақл бовар қилмас даражада катта маблағлар талаб қиладиган мана шундай ўткинчи маросимлар учун умримизни кеткизиб ишлайдиган бўлиб қолаяпмиз. Умр бўйи топган-тутганларимизни соғлигимизни тиклашга эмас, яхши еб, яхши ичишга эмас балки, юқоридаги дабдабали маросимларни ўтказиш учун йиғадиган бўлиб қоляпмиз.

 

Ундан кўра мазкур маросимларимизни бироз қисқартирсак, бироз ихчамлаштирсак ўзимизга яхши эмасми? Баҳонада қанчақанча маблағ исроф бўлмасдан қора кунларимизга ярарди. Озгина ўзимизга ҳам тузукроқ қарашга, соғлигимизни тиклашга, фарзандларимизга тузукроқ эътибор қаратишга қўлимизда имконият пайдо бўларди. Катта-катта қарзларга ботиб, аҳволимиз паришон бўлиб юрмасди. Нима учун фоний бу дунёда, синов дунёсида ўзимизни бу қадар қийнашимиз керак? Нимадан қўрқамиз? Одамларни гапиришиданми? Ғийбатлардан қўрқмайлик биродарлар. Одамларни гапидан қўрқиб, қарзга ботиб, дабдабали мароисмларни ўтказганимиздан сўнг эртага аҳволимиз танг бўлиб қолса, ўша одамлар қутқарадими бизларни?! Ўша одамлар беш-ўн сўмдан пул бериб ёрдам қиладими?..

 

Бундан ташқари, эртага бундай исрофгарчиликлардан албатта қиёмат кунида сўраламиз. Битта фарзандини тўйи учун бутунбошли бир ҳовли-жой қилса бўладиган пулларни совураётганлар қиёмат кунида нима деб жавоб берадилар? “Ундан кўра ўша пулингни ярмини қийналаётган, кам таъминланган хонадонларга бўлиб берсанг бўлмасмиди, қариндош-уруғингдаги ҳожатмандларнинг ҳожатини чиқарсанг бўлмасмиди, молу дунёни сенга нима учун бердик, мана шундай дабдабабозликлар учунми?”, - дея сўроққа тутилса, исрофгар банда нима деб жавоб беради?! Ҳеч шу ҳақда ўйлаб кўрганмизми? Азизлар мана шу ҳақда яхшилаб ўйлаб қўяйлик. Эртанг қиёмат кунида бериладиган саволга жавоб топиб қўяйлик. Жавобимиз ҳам тўғри бўлсин, шаръан ўринли жавоб бўлсин... Агар айтадиган жавобимиз ўринли жавоб бўлмаса, ҳолимизга войлар бўлади, наъувзу билааҳ...

 

Аллоҳ таоло бизга ҳаёт, соғлиқ, оила, мол-мулк каби неъматлар инъом этган. Биз улардан қандай фойдаланганимиз, қаерга сарф қилганимиз ҳақида охиратда сўраламиз. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади

 

 «Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!» (Такосур, 8).

 

Бизнинг бугунги кунда қилаётган дабдабали маросимларимизни саховат ҳам деб бўлмайди. Саховат деб дарҳақиқат эҳсонга муҳтож бўлган одамга қилинадиган яхшиликка айтилади. Очларга бериладиган таомга саховат дейиш мумкин. Бизнинг тўйларимизга келадиган минглаб кишилардан нечтаси қорни оч одамлар? Менимча, қорни очлар умуман айтилмаса керак бундай маросимларимизга. Тўғрироғи, қорни очларни нафақат зиёфатга айтиш, балки уларни умуман танимаймиз, ундайлар билан таниш-билиш бўлишни ўзимизга ор деб биламиз.

 

Хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш бўлмоғи даркорлиги тўғрисида Расули Акрам (сав) шундай деганлар:

 

“Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир”.

 

Ҳазрат Навоий "Ўт иши — қовурмоқ, ел иши — совурмоқ", дейдилар. Яна дейдиларки: «Исроф сахо эмас ва итлофни (йўқотиш, барбод қилишни) маъно аҳли сахо демас». Яъниким, исроф қилиш — сахийлик эмас, ўринсиз совуришни ақлли одамлар сахийлик демаслар. Ҳалол молни куйдирганни девона дерлар. Ёруғ жойда шамъ ёққанни ақлдан бегона дерлар.

 

Исломда мол-ашё ҳам иззатлидир. Молни исроф қилган, талофот берган жазосини олади. Аллоҳ таоло бизга молу дунё ато этган эканми, уни исроф қилмасдан, бахиллик ҳам қилмасдан, меъёрида ишлатсак, меъёрида саховат қилсак, бировга муҳтож бўлиб қолмаймиз, қарзга ҳам ботиб қолмаймиз, юзимизнинг суви ҳам тўкилмайди иншоаллоҳ...

 

Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлашган, уни исроф қилишмаган, уволидан қўрқишган. Аммо сўнгги пайтларда баъзилар тўй-маърака маросимларида кимўзарли қилишга, ўзини кўз-кўзлашга ва исрофгарчиликка ўтиб кетяпти. Асли амалларни бажаришда ҳаддан ошиб, савоб эмас, гуноҳ орттириб олишяпти.

 

Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Лекин тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз керак. Ҳукуматимизнинг бу ҳақдаги қарорларига ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвосига амал қилган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқатадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса айни савобли иш қилинган бўлади, иншоаллоҳ!

 

Азизлар мана шундай ҳолатларда Башарият саййиди бўлмиш суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг кечирган ҳаётларини озгина эсга олайлик. Ул зот қандай еб-ичдилар? Ҳеч тўйиб овқатланганмилар? Арпа унидан тайёрланган нонга қорнилари тўйганми? Оқ нон деган нарсани кўрганмилар? Субҳоналлоҳ... Аллоҳнинг энг азиз бандаси бўлмиш Набиййимиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўпинча қоринлари очлигидан ошқозонда пайдо бўлган очлик алангасини сўндириш учун қоринларига тош боғлаб юрардилар.

 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотидан йиллар ўтиб, бир куни Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуни қовурилган қўй гўштига таклиф қилишганда, кўзларига ёш келиб, Аллоҳнинг элчиси бу дунёдан бундай таомни кўрмасдан ўтдилар, дея бурилиб кетган эканлар...

 

Исрофгарчиликка берилган пайтларимизда шу нарсаларни ҳам бирров эсга олсак фойдадан холи бўлмасди...

                                                  

 

 Одилхон қори Юнусхон ўғли

   

  

 

                                                       

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217537
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24637