Таҳоратда аъзоларни мукаммал ювиш фазилати
5.1.2018 6239

15Нуайм ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинишича, у Абу Ҳурайра таҳоратда юзини ва қўлини елкасигача, оёғини болдиригача юваётганини кўрган экан. Шунда Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу унга: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Албатта менинг умматим қиёмат куни таҳорат сабабидан юз ва қўл-оёқларидан нур таралиб турган ҳолда чақириладилар. Бас, кимки юзидаги нурини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин!”деб айтганларини эшитганман”, деган(Бухорий, Муслим, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратнинг қанчалик фазилатли амал эканини чиройли ўхшатиш билан баён қилиб, доимий тарзда таҳорат олиб, намоз ибодатини бекаму-кўст адо этадиган умматларига башорат бермоқдалар. Ҳадисда таъкидланишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам охиратда одамлар орасидан ўз умматларини қўл ва оёқларидан таралиб турган нур орқали таниб оладилар.

Қиёмат куни ҳамма ёқни зулмат қоплаган, одамлар саросимада, аксарият кишилар юзида ғубор ва қоронғулик бўлади. Лекин, таҳоратни мукаммал бажариб, намоз ўқиган мўминлар бандаларнинг юз ва қўл-оёқларидан ўзига хос нур таралиб туради.

Ҳадис таржимасида “юз ва қўл-оёқларидан нур таралиб турган ҳолда” деб ифодаланган жумла аслиятда “ғурром-муҳажжалийн”1 тарзида келтирилган. Араб тилида “ғурротун” сўзи отнинг пешонасидаги оппоқ қашқаси, “таҳжийл” эса икки орқа ва бир олд оёғидаги оқ қашқаси маъносини ифодалайди. Бу ерда таҳорат туфайли қиёмат куни мўминларнинг юз, қўл ва оёқларидан таралиб турадиган нур отнинг ғурро ва таҳжийлига ўхшатилмоқда. Шунингдек, “ғурротун” сўзи инсонга нисбатан ишлатилганда “юз, чеҳра” маъносини ҳам ифодалайди.

Эътибор берадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисда “кўпайтирсин” эмас, балки “узайтирсин” деб айтмоқдалар. Бу эса, таҳорат қилаётганда ювиш лозим бўлган жойлардан бироз ўтказиб, аъзоларни мукаммал поклаш киши нурининг кўпайишига сабаб бўлишини англатади.

Уламолар таҳоратда ғурро ва таҳжийлни узайтириш мустаҳаб эканига ижмо қилишган2. Лекин, улар узайтириш миқдори борасида турли фикрларни айтиб ўтишган. Баъзилар “Қўллар елкагача ва оёқлар тиззагача ювилади” дейишган. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят келтирилган.

 

16Абу Ҳозим айтади:“Абу Ҳурайра намозга таҳорат олаётганда унинг орқасида қараб турган эдим. У қўлини юваётиб таҳорат сувини икки қўлтиғигача етказди. Шунда мен: “Эй Абу Ҳурайра, бу қандай таҳорат бўлди?!” дедим. У бўлса: “Эй бани Фаррух, сизлар шу ерда эдингизми? Агар шу ерда эканингизни билганимда, бундай таҳорат қилмасдим. Мен халилим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминнинг безаги таҳорат суви етган жойгача етади”, деб айтганларини эшитганман”, деди”(Муслим, Насоий ва Аҳмад ривояти. Ибн Хузайма ва Абу Авоналар ривоятида: “Албатта безак таҳорат(да ювиладиган) жойларгача етади”, дейилган).

Фаррух – Иброҳим алайҳис салом ўғилларидан бирининг исми. Лайс айтади: “Бизларга хабар қилинишича, Фаррух Иброҳим алайҳис саломнинг Исҳоқ ва Исмоилдан кейин туғилган ўғлидир. Унинг авлодлари кўпайиб, улардан ажам халқлари тарқалган”.

Ушбу ривоятда айтилишича, мўмин банда таҳоратда аъзоларини мукаммал ювса, ювиш лозим бўлган жойлардан ўтказиб покласа, жаннатда ўша ергача олтин билакузук ва маржонлар билан безатилади3.

Ушбу ҳадисда айтилаётган ҳолат фақатгина Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳунинг ўзигагина тегишлидир. У буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилмаган. Балки, ҳадисга кўпроқ амал қилиш мақсадида ўз раъйига қараб иш тутган. Ибн Умар: “Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу буни фақат ёз фаслида қилган бўлиши мумкин”, деган.

Ғурро ва таҳжийлни узайтириш борасида бошқа тоифа вакиллари: “Оёқлар тизза ва қўллар елка суягининг ярмигача” деса, яна бошқалар “Бундан бир оз тепароққача ювилади” дейишган. Бу ҳақда Бағавийдан нақл қилинади. Ҳадиси шариф ва уламолар ижмоси таҳоратда ювиладиган жойларнинг бу уч турдаги узайтириш миқдорининг ҳар бири жоиз эканини тасдиқлайди.

Шофеъий: “Ғуррони узайтириш ювилиши лозим бўлган жойлардан ташқари бошнинг соч чиққан қисмини ва юзнинг ҳамма томонини тўлиқ ювишдир. Таҳжийлнинг узайтириш эса, қўлнинг тирсак ва оёқнинг тўпиқ қисмидан юқорисини қўшиб ювиш”, деб тушунтирган.

Ибн Баттол ҳадисдаги ғурро ва таҳжийлни узайтиришни “ҳар бир намозга алоҳида таҳорат қилиш. Шу билан банда аъзоларининг нури кўпаяди. Зеро, узайтириш ва давомий бўлиш бир-бирига яқин тушунчалардир”, деган.

 

17 – Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича,Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг Айладан Адангача бўлган (масофа)дан узоқроқ ҳавзим қордан ҳам оппоқ, сут аралаштирилган асалдан ҳам ширинроқдир. Унинг идишлари юлдузлари саноғидан ҳам кўпроқ. Мен худди киши ўзгалар туясини ўз ҳовузидан тўсгани каби одамларни ундан тўсиб тураман”, деганларида, одамлар: “Эй Расулуллоҳ, сиз ўша куни бизни танийсизми?” деб сўрашди. У зот: “Ҳа, сизларда бошқа умматларда бўлмаган белги бўлади. Сизлар менинг ҳузуримга таҳорат сабабидан юз, қўл ва оёқларигиздан нур таралиб турган ҳолда келасизлар”, дедилар(Муслим ва Ибн Можа ривояти).

Айла Қуддус шаҳрининг бошқа номи. Адан эса Ямандаги шаҳар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жаннатдаги ҳавзлари жуда кенг. Унинг атрофида беҳисоб идишлар бўлиб, хоҳлаган банда ховуздан сув олиб ичади. Ўша ҳовузнинг суви қордан оппоқ ва сут қўшилган асалдан ҳам тотлироқ экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ерда ўз умматларини таҳорат қилганлари сабаб баданларидан таралиб турадиган нур орқали таниб олар эканлар.

 

18 – Абдуллоҳ ибн Буср розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Қиёмат куни сажда сабабидан умматнинг юзидан ва таҳорат сабабидан қўл-оёқларидан нур таралиб туради”(Термизий ва Аҳмад ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

Бу ривоятнинг тўлиқроқ шакли бошқа китобларда келтирилган. Абдуллоҳ ибн Буср ал-Мозинийдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимдан бўлган ҳар бир кишини мен қиёмат куни таний оламан”, деганларида, одамлар: “Эй Расулуллоҳ, кўп одамлар ичидан умматингизни қандай таниб оласиз?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Қара, агар сен бир хил тим қора рангли отлар орасига кирсанг ва улар орасида олди ва орқа оёқларида оқ қашқаси бор бир от бўлса, сен уни ажрата оласанми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. У зот: “Ўша куни сажда сабабидан умматим юзлари ва таҳорат сабабидан қўл-оёқларидан нур таралиб туради”, дедилар (Аҳмад, Табароний “Авсат”да ва Байҳақий “Шуаъбул ийман”да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Юқорида келтирилган ривоятлар ва уламолар қавлларидан маълум бўладики, ғурро ва таҳжийлни узайтириш икки хил маънони англатади:

1. Ювилиши фарз бўлган аъзолар чегарасидан ўтказиб ювиш;

2. Доимий суратда таҳорат билан юриш4.

 

19Зирр ибн Ҳубайш Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, бир киши: “Эй Расулуллоҳ, сиз кўрмаган умматларингизни (қиёмат куни) қандай таниб оласиз?” деб сўраганида, у зот: “Таҳорат сабабидан уларнинг юз ва қўл-оёқларидан нур таралиб туради”, деганлар(Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ибн Абу Шайба, Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан-саҳиҳ).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банда таҳорат қилаётганда аввало, ювиш лозим бўлган аъзоларни яхшилаб, рисоладагидек тозалаши, таҳоратнинг суннат, мустаҳаб ва одобларига амал қилиши, хусусан, юзнинг бош ва бўйин қисми, қулоқлар билан қўшиб, чаккаларни тўлиқ ювиши, шунингдек, қўлнинг тирсак қисмидан бир оз ўтказиб, елка суягининг ярмигача ҳамда оёқнинг тўпиқ қисмидан ҳам озроқ тепароққача (болдир суягининг ярмигача) ювиши мақсадга мувофиқ бўлади.

1 Бу ҳадисдан келиб чиқиб, баъзилар: “Таҳорат фақат уммати муҳаммадийяга хос”, деб айтишган. Бу тўғри эмас. Сабаби аввалги умматлар, жумладан роҳиб Журайжнинг таҳорат қилиб намоз ўқигани ҳақида ривоятлар бор. Балки бу умматга ғурро ва таҳжийл хосланган деса, тўғри бўлади. Бошқа умматларда таҳорат бўлгани билан мўмин-мусулмонлар айнан мана шу нур билан қиёмат куни бошқалардан ажралиб турадилар.

2 Ибн Баттол ва моликийлардан баъзилари: “Таҳоратда қўлни тирсакдан, оёқни тўпиқдан ўтказиб ювиш мустаҳаб эмас. Сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бундан оширса, аниқки, ёмон қилибди ва зулм қилибди”, деганлар”, дейишган. Уларнинг бу фикри ноўрин. Биринчидан, улар келтирган ҳадисда аъзоларни белгиланган чегарадан ўтказиб ювиш эмас, балки уч мартадан кўп ювиш ҳақида сўз боради. Иккинчидан, ғурро ва таҳжийлни узайтириш ҳақида саҳиҳ ривоятлар кўп. Бу амалнинг мустаҳаблигини салафларнинг кўпчилиги, шофеъий ва ҳанафий уламолар таъкидлашган.

3 Бу ҳақида Каҳф сурасининг 31, Ҳаж сурасининг 23 ва Фотир сурасининг 33-оятларида маълумотлар бор.

4Молкийлар наздида ривоятда иккинчи маъно назарда тутилган. Шу сабаб улар аъзолардан ўтказиб ювишни макруҳ, дейишган.

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217022
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24596