СОЛИҲ АМАЛЛАРДА МУСОБАҚАЛАШИШ
22.4.2017 4659

 

Аллоҳ таоло айтади: (Эй инсонлар,) Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилинг! Бу (яъни, ваъда қилинган мағфират ва жаннат) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этади. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат Соҳибидир” (Ҳадид сураси, 21-оят).

 

Қуръони карим назарида, мусобақа (шошилиш) бу дунё ҳаётининг ўткинчи ҳой-ҳавасларига, бойликка, ўйин-кулгига эмас, балки Аллоҳнинг мағфиратига ва жаннатга элтувчи яхши амалларга қаратилиши керак, мана бу ишларда ўзаро кимўзарга ўйнаш лозим.

 

Аллоҳ таоло дунё ҳаётини баён этгач, бандаларини икки дунё саодатига элтувчи амалларни бажаришга шошилишга чақиради:

 

(Эй инсонлар,) Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилинг!..”

 

Яъни, эй мўминлар, Парвардигорингиз мағфиратига ошиқинг, солиҳ амалларда мусобақалашинг, Парвардигорингиз сизларга вожиб этган амалларни бажаринг. Шунда Аллоҳ сизларни – осмонлар ва ердан кенг бўлган – жаннатга киритади. Аллоҳ уни Ўзига имон келтирган, пайғамбарлари олиб келган нарсаларни тасдиқлаган имонли кишиларга тайёрлаб қўйган. Бу – Аллоҳнинг фазли ва эҳсонидир, сизларга қилган яхшилигидир. Аллоҳнинг фазли марҳамати кенг. У бандаларига кўп неъматлар ато этувчи Зотдир. Хоҳлаган бандасига Ўзи истаганча фазл кўрсатади.

 

“Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган...” жумласи Аллоҳга ва У Зотнинг пайғамбарларига ҳақиқий имон келтирган, Парвардигори олам буюрган амалларда сусткашлик қилмаган зотлар учун жаннат ҳозирлаб қўйилганига далолат қилади.

 

Оятда “кенглиги осмон ва ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилинг!” дейиш билан жаннатнинг жуда кенглиги, биздаги ҳеч бир нарса жаннатнинг кенглигига тенг кела олмаслигини билдиради. Ўз-ўзидан маълум бўладики, жаннатнинг кенглиги шунчалик экан, унинг бўйи ҳам жуда узун бўлиши ҳақиқатга яқиндир. Одатда, ҳар қандай нарсанинг бўйи энидан узунроқ бўлади (Манба: Муҳаммад Саййид Тантовий, “Ал-васит”).

 

Имом Ибн Касир айтади: “Бизга Имом Аҳмаднинг “Муснади”да ривоят қилинишича, Рум подшоҳи Ҳирақл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёзган мактубида: “Сен – осмонлар ва ердан кенг бўлган – жаннатга мени даъват қилаяпсан. Ундай бўлса, жаҳаннам қаерда?” деган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Субҳаналлоҳ! Тонг отганида тун (зулмати) қаерга кетади?” деб Ҳирақлга савол билан жавоб берганлар”.

 

Қуръони каримнинг бошқа ўрнида шундай дейилган: “Ана ўшалар (барчадан) ўзувчи бўлган ҳолларида яхшиликлар қилишга шошиладилар” (Мўминун сураси, 61-оят).

 

Юқорида васф қилинган, чиройли хислатлар эгаси бўлган зотлар тоат-ибодатларга қаттиқ рағбат билдирадилар, тириклик чоғларида Парвардигорларини рози қиладиган солиҳ амалларни бажариш пайида бўладилар. Натижада қолган одамларни савоб ишлашда ортда қолдириб кетадилар, ажр-мукофотларда, нажотга эришишда улардан ўзиб кетадилар.

 

Демак, қайси бир банда солиҳ амалларни қилишга шошилса, эзгу ишларда мусобақалашса, ана ўша инсоннинг ажр-савоблари бисёр бўлади, нажот топишга ўзгалардан кўра ҳақли бўлади.

 

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта аброрлар-яхшилар (яъни, мўминлар жаннат) неъматларидадирлар. Улар сўриларда (Аллоҳ таоло ато этган неъматларга) боқиб (ўтирадилар). Сен уларнинг юзларида неъматларнинг жилвасини кўрасан. Улар (жаннатда) муҳрланган майдан суғориладилар. У (май)нинг муҳри мушкдир. Энди баҳслашувчилар – мусобақа қилувчилар (мана шундай мангу неъматларга етиш йўлида) баҳслашсинлар” (Мутаффифин сураси, 22-26-оятлар).

 

Бу оятларда жаннат неъматлари зикр этилиб, унга эришиш йўлида бир-бири билан мусобақа ўйнашга тарғиб қилинмоқда.

 

“Албатта аброрлар жаннатдадирлар”.

 

Аллоҳнинг амридан чиқмай, У Зотга итоат этган зотларнинг борар жойлари, албатта жаннат бўлади.

 

“Улар сўриларда назар соладилар”.

 

Мўминлар жаннатда сўриларда ўтирган ҳолларида Аллоҳ уларга тайёрлаб қўйган нарсаларга ёки Парвардигорларига назар соладилар.

 

Сен уларнинг юзларида неъматлар севинчини кўрасан.

 

Агар уларнинг юзларига қаралса, улар аҳли жаннат, аҳли саодат эканлари, роҳат-фароғатда ҳаёт кечираётганларини билиб олса бўлади. Чунки юзларида нур, чирой ва қувонч балқиб туради.

 

“Улар муҳрланган шаробдан суғориладилар”.

 

Жаннатийларга ёпиқ идишларда ичимлик тортиладилар. Уни фақат аброрлар очадилар. Улардан олдин бу ичимликка ҳеч ким тегмаган бўлади.

 

“Унинг охири мушкдир. Энди мана шунда мусобақалашувчилар мусобақа қилсинлар!”

 

Оят таржимасида “мусобақа қилсинлар” деб ифодаланган бирикма арабий матнда “фалятанаафас” шаклида келган.

 

“Танофус” калимаси ардоқли, қадр-қиймати баланд нарсаги эришиш йўлида кимўзарга ўйнаш, бир нарсага нафснинг ташна бўлиши, инсон ўзи учун бирон нарсани талаб қилиши каби маъноларни англатади.

 

Бу дунёда маст қилувчи ичимликлар солинадиган идишлар лой, ёғоч ва темирдан бўлса, жаннат шароби солинадиган идишлар мушку анбардан бўлар экан. Бу ўша ичимликнинг нақадар сифатли эканидан дарак беради.

 

Оятнинг иккинчи таъвили қуйидагича: агар ўша ичимлик ичиб бўлинса, ҳамма ёқни мушку анбар ҳиди тутиб кетади. Бу нарса жаннатийларга янада лаззат бахш этади.

 

Бу оятда жаннат шароби таъриф қилингач, энди унга эришиш йўлида ўзаро мусобақа қилишга тарғиб қилиниб, солиҳ амаллар орқали Аллоҳ розилигини топиш билан шу неъматларга етишишга бандалар қизиқтирилмоқда.

 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: إِذَا فُتِحَتْ عَلَيْكُمْ فَارِسُ وَالرُّومُ أَيُّ قَوْمٍ أَنْتُمْ قَالَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ: نَقُولُ كَمَا أَمَرَنَا اللهُ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَوْ غَيْرَ ذَلِكَ تَتَنَافَسُونَ ثُمَّ تَتَحَاسَدُونَ ثُمَّ تَتَدَابَرُونَ ثُمَّ تَتَبَاغَضُونَ أَوْ نَحْوَ ذَلِكَ ثُمَّ تَنْطَلِقُونَ فِي مَسَاكِينِ الْمُهَاجِرِينَ فَتَجْعَلُونَ بَعْضَهُمْ عَلَى رِقَابِ بَعْضٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْبَيْهَقِيُّ.

 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сизларга Форс ва Рум фатҳ этилса, сизлар қандай қавм бўласизлар?” деб сўраганларида, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ бизни нимани буюрган бўлса, ўшани қиламиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёки бундай бошқасини (қиласизлар), бир-бирингиз билан мусобақа ўйнайсизлар, кейин бир-бирингизга ҳасад қиласизлар, кейин бир-бирингиздан юз ўгирасизлар, бир-бирингизни ёмон кўриб қоласизлар ёки шунга ўхшаш (ишларни қиласизлар), сўнгра муҳожирлар юртига бориб, бирини бошқасига амир этиб қўясизлар”, дедилар (Муслим, Ибн Можа ва Байҳақий ривоят қилган).

 

Бу ерда мусулмонлар ўзга диёрларни фатҳ қилганларида юз берадиган фитналар, бузғунчиликлар ҳақида гап кетмоқда. Ривоятда айтилишича, агар мусулмонлар қўшни давлатларни ўзларига бўйсундирсалар, бир-бирларидан ўзишга ҳаракат қиладилар, бир-бирларига ҳасад қиладилар, бир-бирларидан нафратланиб, юз ўгириб кетадилар, ораларида меҳр-муҳаббат ришталар узилади, биродарлик ҳақлари поймол этилади. Кейин муҳожирлар ёки заифлар юртига бориб, уларнинг айримларини бошқалари устида амир-бошлиқ қилиб тайинлайдилар.

 

Имом Ҳоким, Табароний ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 

– Умматим аввалги умматлар дардига чалинади, – дедилар.

 

Шунда сўралди:

– Эй Расулуллоҳ! Аввалги умматлар касаллиги нима?

У зот жавоб бердилар:

 

– Кибр, манманлик, мол-дунё тўплашга муккадан кетиш ва бу йўлда кимўзарга ўйнаш, бир-бирини ёмон кўриш, бир-бирини кўролмасликдир. Ҳатто зулм, кейин ҳарж бўлади[1].

 

“Ҳарж” сўзи фитнага тушиб, бир-бирини ўлдириш маъносини англатади.

 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لاَ حَسَدَ إِلاَّ فِي اثْنَتَيْنِ: رَجُلٌ آتَاهُ اللهُ مَالاً فَسُلِّطَ عَلَى هَلَكَتِهِ فِي الْحَقِّ وَرَجُلٌ آتَاهُ اللهُ الْحِكْمَةَ فَهُوَ يَقْضِي بِهَا وَيُعَلِّمُهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَابْنُ مَاجَهْ.

 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Фақат икки кишига ҳавас қилинади: (Биринчиси шундай) кишики, Аллоҳ унга мол-дунё беради ва у бойлигини ҳақ йўлда сарфлайди. (Иккинчиси шундай) кишики, Аллоҳ унга ҳикмат ато этади ва у ўша билан ҳукм қилади, уни (бошқаларга) ўргатади” (Бухорий, Муслим ва Ибн Можа ривоят қилган).

 

“Ҳикмат” сўзи қуйидаги маъноларни англатади:

 

Бир сўз билан айтганда, ҳикмат деганда, манфаатли илм, ақл-заковат, идрок, ишни мукаммал бажариш ва ҳадис илмидан хабардорлик тушунилади.

 

Демак, икки кишига ҳавас қилса бўлади. Биринчиси, Аллоҳ тарафидан ҳалол-покиза мол-дунё билан неъматлантирилган, бойлигини фақат савобли ишларга сафрлайдиган сахий бой одам.

 

Иккинчиси, Аллоҳ тарафидан фойдали илм, ақл-заковат, сабр-тоқат ато этилган инсон. У билганига амал қилади, илмини одамларга ўргатади, билимига асосан адолатли ҳукм қилади.

 

Мана шундай инсонларга ҳавас қилса, уларга ўхшашга ҳаракат қилса бўлади. Инсон бундай одамларга тақлид қилар экан, агар ниятига етса, нур устига нур, бироқ мақсади ҳосил бўлмаган тақдирда ҳам, нияти холис бўлгани, эзгуликни дилига тугиб қўйгани учун, карами кенг Аллоҳ унга ўша инсонлар қилган амаллар савобини ато этади. Бундан чиқди, фақат яхши ишларда мусобақа қилиш, солиҳ инсонларга ҳавас қилиб, уларга ўхшаш йўлида жидду жаҳд қилиш лозим экан.

 

       Одилхон қори Юнусхон ўғли

 

[1] Бу ривоятни Табароний “Авсат”да ривоят қилган. Унинг санадида Абу Саид Ғифорий бор. Ундан фақат Ҳумайд ибн Ҳонеъ ривоят қилган. Табаронийнинг қолган ровийлари ишончли деб топилган (Манба: Ҳайсамий, “Мажмауз завоид”).

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217073
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24598