Сабрнинг қисмлари
9.5.2017 3838


Сабр ҳукм жиҳатидан бир неча қисмга бўлинади. Булар:

 

1. Фарз сабр.

 

  Шариатда ман этилган ҳаром нарсалардан тийилиш ва бу йўлда сабр қилиш фарз. Масалан, Аллоҳ ҳаром қилган ҳайвонлар гўшти ва ёғини истеъмолини олайлик. Банда нафси чўчқа гўшти ва шу каби нарсаларни хоҳлаб турса ҳам бунга сабр қилиши лозим. Шунда у савобга эришади.
Банда ҳаром нарсалардан фақат Аллоҳ розлиги учун тийилиши ва сабр қилиши керак. Акс ҳолда, у ўша нарсалар зараридан сақланиши мумкин, аммо савоб ололмайди. Зеро, Аллоҳ Ўзининг розлигидан бошқа нарса учун қилинган амалга ажр бермайди. Шунингдек, Аллоҳ фарз қилган амалларни бажариш ва мусибатга сабр қилиш ҳам фарз саналади.

 

2. Нафл (мандуб) сабр.

 

Шариатда макруҳ саналган нарсалардан сабр қилиш ва мустаҳаб амалларни қилишга нафсни ундаш нафл ёки мандуб сабр дейилади. Кимнинг имони кучли бўлса, аниқ ҳаром қилинган нарсалар билан бир қаторда шубҳали, ҳатто баъзи мубоҳ саналган нарсалардан ҳам ўзини сақлаб юради.

 

3. Мубоҳ сабр.

 

Бажариш билан тарк қилиш орасида фарқ бўлмаган ишлардан тийилиш мубоҳ сабрдир. Масалан, бир ишни қилиш қилмаслик орасида фарқ йўқ. Уни қилганда ҳам, тарк этганда ҳам фойда ёки зиён бўлмайди. Ана шундай амалларни тарк қилиш мубоҳ сабр бўлади.

 

4. Макруҳ сабр.

 

Ўзига зарар етадиган даражада таом, ичимлик, либос ва аҳли аёли билан алоқа қилишдан тийилиш, макруҳ амалларни қилишга нафсни ундаш, мустаҳаб амални қилишдан тийилиш макруҳ сабр саналади.

 

5. Ҳаром сабр.

 

Шариат томонидан қайтарилган сабр ҳаром сабрдир. Вафот этгунича ўзини еб ичишдан тийиб туриш ҳаром сабрдир. Бу иш жоиз эмас. Қолаверса, мажбур бўлган ҳолларда, очликдан ўлиш хавфи туғилганда ўлимтик, қон ёки тўнғиз гўштидан тийиш ҳам мумкин эмас. Шунингдек, ўзини ёввойи ҳайвон, илон, олов, сув ёки ваҳший жиноятчидан ҳимояламай “сабр” қилиб туриш ҳам мутлақо мумкин эмас.

 

Бир кишига зулм қилинганда. У ўзини ҳимоя қилмай, “сабр” қилиб туравериши жоиз эмас. Балки у имкони борича зулмга қарши курашиши лозим. Шунингдек, уйига ўғри тушганида ёки аёлига тажовуз бўлганида ҳам “сабр” қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолларда банда қўлидан келганича ўз ҳаққини поймол қилинишига қаршилик кўрсатиши талаб этилади. Бежизга бу йўлда матонат кўрсатиб ҳалок бўлганларга ҳукмий шаҳидлик мақоми берилмайди.

 

Демак, банда сабр қилгани боис савоб олиши учун сабр шариатга мувофиқ бўлиши лозим экан.
Энди сабрнинг ҳукмларини умумлаштириб баён қиламиз. Нафсни фарз амалларни қилишга ундаш фарз. Фарз амалларни қилмаслик ҳаром. Ҳаромдан тийилиш фарз. Ҳаром ишга нафсни ундаш ҳаром. Мустаҳаб амалга нафсни ундаш мустаҳаб. Мустаҳаб амалдан тийилиш макруҳ. Макруҳдан тийилиш мустаҳаб. Макруҳ амалга нафсни ундаш макруҳ. Мубоҳ амаллардан нафсни тийиш мубоҳдир.

 

Уламолар сабрни бир неча даражага бўладилар:

 

1. Авомнинг даражаси: қалбни тоатларни бажариш ва гуноҳлардан қайтишга ундаш.
2. Хосларнинг даражаси: нафсни муроқабада тутиб туриш.
3. Хослар хосининг даражаси: руҳни мушоҳада ва муайян ушлаб туриш.

 

Баъзи уламолар сабрнинг мақоми учта эканини айтишган. Улар:

 

1. Тавба қилувчилар даражаси: шаҳватларни тарк қилиш.
2. Зоҳидлар даражаси: Аллоҳ тақдир қилган нарсага рози бўлиш.
3. Сиддиқлар даражаси: Парвардигори раво кўрган ҳар қандай нарсага муҳаббатли бўлиш.

 

  Одилхон Юнусхон ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217002
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24594