Аъло сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.

 

Оятлар сони: 19.

 

Тартиб рақами: 87.

 

Сура маъноси: энг олий, ниҳоятда улуғ.

 

Сура фазилати: Али розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аъло сурасини яхши кўрар эдилар” (Аҳмад, Баззор ва Ибн Мардавайҳ ривояти. Ривоят санади заиф).
     Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ийд ва жума намозларида Аъло ва Ғошия сураларини ўқир эдилар. Агар (ийд) жума кунига тўғри келиб қолса, иккисини жамлардилар” (Муслим, Сунан соҳиблари ва Аҳмад ривояти).

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм


1. (Эй Муҳаммад,) энг улуғ Парвардигорингиз исми билан тасбеҳ айтинг!

 

Эй Муҳаммад, Сиз энг олий Парвардигорингиз улуғлиги, зоти, сифати ва исмларига лойиқ бўлмаган камчиликлардан пок эканини эътироф этиб, Аллоҳни зикр қилинг!

 

2. У яратиб, мукаммал қилди.

 

Аллоҳ бутун коинот ва мавжудотни мукаммал қилиб яратди. Унинг яратишида бирон камчилик йўқ. Яратганлари ичида инсонни энг мукаммал ва чиройли қилди, унга ақл-фаросат берди.

 

3. У белгилаб қўйди ва ҳидоят қилди.

 

Аллоҳ таоло мавжудотлар тури, сифати, ҳаракати, ризқлари ва ажалларини белгилаб қўйган. Ҳар бир нарса Аллоҳ даргоҳида ўлчовлидир. Шунингдек, Аллоҳ мавжудотларни ўзлари учун фойдали нарсаларга илҳомлантирди, инсонларни тўғри ҳаёт кечиришга бошлади, ҳайвонларни ўтлашга, боласига ғамхўрлик қилишга илҳомлантирди.
      Аллоҳ таолонинг бу илҳомлантиришини илмий тилда “туғма инстинкт” дейишади. Ана ўша нарсани махлуқотларга Аллоҳ таоло сингдирган.

 

4. У ўтлоқни (ундириб) чиқарди.

 

Аллоҳ таоло ҳайвон ва ҳашаротларга емиш бўлиши учун ям-яшил майсазор ва ўтлоқларни пайдо қилди.

 

5. Сўнг уни қорамтир хазон қилиб қўйди.

 

У Зот баҳор ва ёз фаслларида кўзни қувнатувчи ям-яшил ўт-ўланларни кузда жигарранг-қорамтир тусдаги хазонга айлантиради.

 

6. (Эй Муҳаммад,) Биз Сизга Қуръонни ўқитамиз, кейин уни унутмайсиз.

 

Яъни, Биз Сизга қироатни илҳом қиламиз ва ўқиган нарсангизни унутмайсиз.

 

7. Фақат Аллоҳ хоҳлаганини (унутасиз). Албатта У ошкора ва махфий нарсаларни билади.

 

Қачон Аллоҳ хоҳласа, Сиз Қуръондан бирон нарсани унутасиз. Зеро, У Зот Сизнинг қалбингиз ва ақлингизга эга, сир-асрорларингиздан хабардордир. У Зот очиқ ва махфий ишларни кўради, сўзларни эшитиб туради.

 

8. Биз Сизни осон (йўл)га йўллаб қўямиз.

 

Эй Муҳаммад, Сизни энг енгил йўлга, қалблар қабул қилиши ва ақллар фаҳмлаши осон бўлган динга, машаққатдан холи бир шариатга йўллаб қўямиз. Шунингдек, Сизга жаннатга олиб борувчи амалларни осон қиламиз. Ёд олиб, амал қилишингиз учун Сизга ваҳийни осон қиламиз.

 

9. Агар эслатма манфаат берса, эслатинг!

 

Агар эслатма фойда берса, кишиларни яхшилик йўлига чақиринг, уларга дин аҳкомларини тушунтиринг.

 

10. Қўрқадиган (банда) эслатма олади.

 

Сиз айтадиган ваъз-насиҳатлардан тақвоси бор одам эслатма олади.

 

11. Бадбахт кимса эса ўзини ундан четга олади.

 

Ҳою ҳавосига эргашган, куфр ва ширкда оёқ тираб олган бадбахт эса, бу эслатмалардан ўзини олиб қочади.
Қатода раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги икки оят ҳақида шундай деган: “Аллоҳга қасамки, қайси бир банда Аллоҳдан қўрқса, У Зотни эслайди. Агар Аллоҳ зикридан “беҳожат” эканини изҳор қилиб, зикр ва унинг аҳлини ёмон кўрса, унда бахтсизлардан бирига айланади” (Ибн Жарир ривояти).

 

12. У катта оловга киради.

 

Насиҳатлардан бўйин товловчи саркаш банда жаҳаннамга киради. “Кичик олов” дунёдаги оловдир. Дунёдаги олов жаҳаннам оловининг етмишдан бирига тенг.

 

13. Сўнгра у ерда на ўлади ва на яшай олади.

 

Бундай кимса жаҳаннамда абадул абад азобланади – на ўлиб қутулади ва на бахтли ҳаёт кечира олади.

 

14-15. Ўзини поклаган ва Парвардигори номини зикр қилиб, намоз ўқиган банда, албатта нажот топибди!

 

Нафсини ширк, куфр ва маъсиятлардан сақлаб, Аллоҳга имон келтирган, У Зотни зикр қилиб юрадиган, беш вақт намозни канда қилмайдиган банданинг муваффақият қозонишига шубҳа йўқ.

 

16. Лекин сизлар дунё ҳаётини устун қўясизлар.

 

Одамларнинг кўпи дунёни охиратдан устун қўяди. Лекин соғлом ақл охират дунёдан афзал эканига далолат қилади. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким дунёсини яхши кўрса, охиратига зарар етказибди! Ким охиратини яхши кўрса, дунёсига зиён келтирибди. Шундай экан, ўткинчи (дунё)дан боқий (охират)ни устун қўйинглар!” (Аҳмад ривояти. Имом Заҳабий ҳадис санади саҳиҳ эканини айтган).

 

17. Ваҳоланки охират яхшироқ ва боқийроқдир.

 

Ибн Касир айтади: “Аллоҳ охират диёрида берадиган савоби дунёдан яхшироқ ва боқийроқдир. Зеро, дунё ўткинчи ва паст даражада, охират эса боқий ва мартабаси улуғдир. Шундай экан, ақлли киши қандай қилиб ўткинчи нарсани абадийсидан устун қўяди, яқин орада қўлидан кетувчи нарсага қаттиқ боғланиб, боқийлик диёри бўлган охиратга бепарво қарайди?!” (“Тафсиру ибни касир”).

 

18-19. Албатта бу аввалги саҳифаларда – Иброҳим ва Мусонинг саҳифаларида ҳам бордир.

 

Аллоҳнинг дини битта. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга туширилган амр, қайтариқ, ваъда ва огоҳлантиришлар аввалги пайғамбарлар, хусусан Иброҳим ва Мусо алайҳиссаломлар саҳифаларида ҳам бўлган.
    Оятнинг маъноси қуйидагича: анавилар Иброҳим ва Мусога имон келтирганларини даъво қилаётган эканлар, демак Муҳаммадга ҳам имон келтиришлари лозим. Чунки у Иброҳим ва Мусо олиб келган нарсаларни келтирди.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли






Оятдаги “ўзини поклаш”ни салафлар турлича тушунтиришган. Жумладан, Ибн Аббос “шикрдан покланиш”, Икрима “Лаа илааҳа илаллоҳ”, дейиш, Ато “имон келтириш” ёки кўп истиғфор айтиш”, Қатода эса “солиҳ амаллар билан қалбни поклаш” деб изоҳлаган.

 

Баъзи муфассирлар оятдаги “ўзини поклаш”ни “фитр садақаси бериш”, “намоз ўқиш”ни эса “ийд намозини ўқиш” деб тафсир қилишган.


Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216033
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24515