Зуҳо сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.

 

Оятлар сони: 11.

 

Тартиб рақами: 93.

 

Сура маъноси: чошгоҳ вақти.

 

Сабаби нузул: Жундуб Бажалий ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлиб қолиб, икки ё уч сафар тунги намозга туролмадилар. Шунда бир аёл келиб, “Эй Муҳаммад, менимча, шайтонинг сени тарк қилган”, деди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла бу сурани нозил қилди” (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ва Аҳмад ривояти).
     Бошқа ривоятларда келтирилишича, Жаброил алайҳис саломнинг ваҳий олиб келиши кечикканида, мушриклар: “Муҳаммадни илоҳи тарк этди”, деб овоза қилишган. Кейин Аллоҳ Зуҳо сурасини нозил қилган.

 

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

 

1-2. Чошгоҳ вақти ва кириб келган тунга қасамки...

 

Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло чошгоҳ вақти ва зулмати билан атрофни қоронғи қилувчи тун билан қасам ичмоқда.

 

3. Парвардигорингиз Сизни тарк этгани ҳам, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ!

 

Чошгоҳ ва тун билан қасамки, эй Муҳаммад, Парвардигорингиз Сиздан ваҳийни узиб қўйгани йўқ, Сизга ғазаб қилгани ҳам йўқ. Мушриклар бекор айтибдилар.

 

4. Албатта охират Сиз учун дунёдан яхшироқдир.

 

Ушбу оят икки хил таъвил қиланади:

– охират диёри, жаннат ва ундаги боқий неъматлар Сиз учун ўткинчи дунёдан яхшироқдир (Шу сабаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга қизиқмадилар, ундан тақво қилдилар ва оддий ҳаёт кечирдилар);

– Сизнинг келажагингиз ўтмишингиздан, ҳаётингиз охири бошидан кўра яхшироқдир. Зеро, кундан-кунга Сизнинг мартабангиз кўтарилиб, мусулмонлар сони ортиб бормоқда.

Иккала таъвил ҳам бир-бирини тўлдиради.

 

5. Яқинда Парвардигорингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этадики, Сиз (бундан) рози бўласиз.

 

Парвардигорингиз фатҳ ва ғалабалар, улуғ савоб, жаннат ва ундаги ҳавзни, қиёматда умматингизни шафоат қилиш мақомини беради ва Сиз бундан рози бўласиз.

 

6. Ахир У Сизни етим ҳолингизда топиб, бошпана бермадими?

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали она қорнидаликларидаёқ оталаридан, олти ёшларида муҳтарама оналаридан айрилдилар. Аллоҳ таоло у зотнинг боболари қалбига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан чексиз меҳр-шафқат ҳиссини солди. Абдулмуттолиб вафотидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Абу Толибнинг қарамоғида қолдилар. Рисолатлан олдин ҳам, кейин ҳам узоқ йиллар Абу Толиб у зотни ҳимоя қилишда давом этди. Буларнинг ҳаммаси, оятда айтилганидек, Аллоҳ таолонинг табдири билан бўлган.

 

7. Сизни ғофил ҳолингизда топиб, ҳидоятга солмадими?

 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалда имон, пайғамбарлик, Қуръон ва шариат нималигини билмасдилар. Устига-устак қавмларининг эътиқоди ва амалларида залолат ҳукмрон, ишларига ширк ва куфр аралашганди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий юбориб, у зотни ҳидоятга бошлади ва шариатни таълим берди.

 

8. Ва Сизни муҳтож ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг аввалида камбағал эдилар. Кейин Аллоҳ таоло у зотни моддий тарафдан тўкис қилиб қўйди ва қаноатли қилди. Айниқса, Хадича бинти Хувайлид розийаллоҳу анҳонинг тижорат карвонларига бошчилик қилганлари ва кейинчалик у аёлни никоҳларига олганларидан кейин бой-бадавлат кишилардан бирига айландилар.

 

9. Бас, етимга қаҳр қилманг!

 

Шундай экан, эй Муҳаммад, энди Сиз етимни хўрламанг. Унинг ҳақини поймол қилиб, зулм ўтказманг. Балки уни иззат-икром қилинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари давомида етимпарвар бўлдилар ва умматларини ҳам бу ишга тарғиб қилиб келдилар.

 

10. Ва сўровчини ҳайдаманг!

 

Бирон нарса сўраб келган тиланчини ҳайдаманг, унга мулойим бўлинг. Унга бирон нарса эҳсон қилинг ёки чиройли муомала билан ортига қайтаринг.

 

11. Ва Парвардигорингиз неъмати ҳақида гапиринг.

 

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбарини берилган неъматларга шукр тариқасида уларни ошкор қилиш, неъматлар ҳақида гапиришга буюрмоқда. Анас ибн Баширдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб, “Ким озга шукр қилмаса, кўпга ҳам шукр қилмайди. Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматлари ҳақида гапириш шукрдир. Уни тарк қилиш куфрдир. Жамоат раҳматдир”, дедилар” (Байҳақий “Сунанул кубро”да заиф санад билан ривоят қилган). Ҳасан ибн Али розийаллоҳу анҳу ушбу оят ҳақида: “Агар бирон яхшиликка эришсанг, бас, уни биродарингга айт”, деган (Ибн Абу Ҳотим ривояти). Абу Назра айтади: “Мусулмонлар, неъматлар ҳақида гапириш унинг шукридир, деб билишарди” (Ибн Жарир ривояти).

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли


Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216398
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553