Фажр сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.

 

Оятлар сони: 30.

 

Тартиб рақами: 89.

 

Сура номининг маъноси: тонг.

 

 


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

 

1. Тонгга қасам...

 

Аллоҳ таоло бу оятда тонг билан қасам ичмоқда. Маълумки, тонг отиши билан зулмат чекиниб, кун ёришади. Бу нарса Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далолатдир.
Мужоҳид мазкур оят ҳақида: “У ҳар кунги тонг эмас, қурбонлик кунининг тонггидир”, деган (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

 

2. Ва ўн кечага қасам... 

 

Бу ерда Аллоҳ таоло зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги билан қасам ичмоқда. Мана шу кунларда қилинадиган амаллар Аллоҳ наздида энг севимли саналади.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ учун (зулҳижжа ойининг) ўн кунида қилинадиган амал бошқа кунларда қилинадиган амаллардан афзалроқ ва севимлироқдир. Бас, (ўша кунларда) таҳлил, такбир ва ҳамдларни кўпайтиринглар!” (Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

 

 

3. Жуфт ва тоққа қасам...


Оятда, яратилган жамики махлуқотлар орасидаги жуфт ва тоқ нарсалар кўзда тутилмоқда . Зеро, бирон мавжудот йўқки, у жуфт қилиб яратилмаган бўлса. Фақат Аллоҳ Ягонадир. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу мазкур оят ҳақида: “Аллоҳ тоқдир, сизлар жуфтсизлар”, деган (Ибн Жарир ривояти).

 

 

4. Ўтиб бораётган кечага қасамки, (албатта гуноҳкорлар азобга дучор бўладилар!)


Тун кириши ва тонг отиши ҳам мўъжиза. Аллоҳ тунни махлуқотларига раҳмат қилиб яратган. Агар умрбод кун бўлганида жонзотлар тирикчиликдан хориб, танг аҳволда қолардилар.
Икрима бу оят ҳақида: “Бу жума тунларидир”, деган (Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).

 

 

5. Мана шуларда ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир!


Ақл-фаросатини ишлатган одам юқорида Аллоҳ қасам ичган нарсаларнинг улуғлигини, уларнинг яратилишидаги мукаммаллик Аллоҳнинг чексиз қудратидан далолат эканини билади.

 

 

6-7-8. (Эй Муҳаммад,) Парвардигорингиз Од (қабиласи)ни, (ўзга) юртларда ўхшаши яратилмаган, (мустаҳкам) устун(ли қаср)лар эга бўлган Ирам (шаҳри)ни қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми?


Аллоҳ тарафидан ҳисобсиз неъматлар билан сийланган Од қабиласи куч-қувватлари билан ғурурга кетиб, ўзгаларни менсимас, оёқлари ердан узилган эди. Улар пайғамбарлари Ҳуд алайҳиссаломни ҳам ёлғончига чиқаришди. Бу қабиланинг Ирам номли шаҳри шу даражада гўзал эдики, яқин орада унга тенг келадигани топилмасди.
Аллоҳ таоло мана шу оятларда Од қабиласи бойлик, фаровонлик, гўзал ва муҳташам шаҳар, ажойиб биноларга эга бўлсалар ҳам, имонлари йўқлиги учун азобга гирифтор бўлганларини эслатиб, Макка мушрикларини огоҳлантирмоқда.

 

 

9. Водийда харсанг тошларни йўниб олган Самуд (қабиласининг қандай ҳалокатга дучор қилингани)ни-чи?


Самуд Солиҳ алайҳиссалом қавми бўлиб, қурилишда донг таратганди. Жумладан, улар Шомдан Мадинага кетиш йўлидаги Қуро водийсида тошларни йўниб, бинолар қуришган эди. Ана шу қавм қанчалик дунё ишларида моҳир ва илғор бўлмасин, имонсизлиги сабаб азобга дучор бўлди.

 

 

10. Қозиқлар эгаси бўлган Фиръавннинг (қандай ҳалок қилинганини-чи, кўрдингизми)?


Ҳозиргача бутун дунёни лол қолдириб келаётган эҳромларни қурдирган Фиръавн ҳам Аллоҳга имон келтирмаганди. Унинг хос кишилари, минглаб жанчи ва хизматкорлари бор эди. Аммо уларнинг биттаси ҳам Фиръавндан Аллоҳнинг азобини қайтариб қололмади.

 

 

11. Улар юртларда туғёнга кетдилар.


Юқорида зикри келган Од, Самуд қабиласи ва фиръавнлар ҳукмронликларидан фойдаланиб, мансабларини суиистеъмол қилдилар, одамлар ҳақига тажовуз қилиб, кибр ва исён қилдилар, зулм-ситам етказдилар.

 

 

12. Ва у ерда бузғунчиликни кўпайтириб юбордилар.


Улар маъсият, бандаларни ноҳақ эзғилаш ва уларга зулм қилиш билан мамлакатларида кўп бузғунчиликлар содир этдилар.

 

 

13. Бас, Парвардигорингиз уларнинг устига турли-туман азоб-уқубатларни ёғдирди.


Ҳукмрон синфларга бечора халқнинг кучи етмаса, оддий халқнинг улуғ Парвардигори бўлмиш Аллоҳнинг қудрати етади. Ҳа, Аллоҳ адолатли Зотдир. Одамларни ноҳақ хўрлаб, гуноҳлар ботқоғига ботиб кетган Од, Самуд ва фиръавнлар Аллоҳ томонидан қаттиқ азобга дучор қилиндилар.

 

 

14. Албатта Парвардигорингиз (ҳамма нарсани) кузатиб турувчидир!


Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб туради, ҳамма нарсани билиб туради ва уларни ҳисобга олиб қўяди. Жумладан, золимларни ҳам, мазлумларни ҳам кўради. Оқибатда яхши амалларга савоб, ёмонларига муносиб жазо беради.

 

 

15. Қачон инсонни Парвардигори имтиҳон қилиб, уни мукаррам қилса ва (кўп миқдорда) неъмат берса, у: “Парвардигорим мени азиз қилди”, дейди.


Аллоҳ бандасини имтиҳон қилиш учун кенг ризқ, куч-қувват, мансаб, чирой берса, одам боласи имтиҳон қилинаётганини билмасдан, муносиб кўрилганим, Аллоҳга севимли бўлганим учун менга берилди, деб ўринсиз хурсанд бўлади ва кибр сари қадам қўяди. Бундай банда шукр қилмайди, бу ишларнинг ҳаммаси синов эканини ўйлаб ҳам кўрмайди.

 

 

16. Аммо қачонки уни имтиҳон қилиб, ризқини тор қилиб қўйса, тезда: “Парвардигорим мени хор қилди”, дейди.


Агар унинг ризқи торайса, ишлари орқага кетса ёки мансаб курсисидан тушса, Аллоҳ мени ёмон кўриб қолибди, У мени хор қилмоқда, деган гумонга боради.
Булар қайта тирилишга имони йўқ ёки имони кучсиз банданинг гапидир. Зеро, бундай одам фикрича, фақат мана шу дунё бор. Бахс-саодат ҳам, унинг наздида, бойликка эга бўлиш ва фаровон ҳаёт кечириш билан ўлчанади. Мўмин банда бўлса, бой бўладими ёки камбағалми, фарқи йўқ, Аллоҳга ҳар қандай ҳолатда ибодат қилади, бошига тушган кўргуликларга чидайди ва тақдирдан нолимайди. Бойликка эга бўлса, шукр қилади. Камбағаллик билан имтиҳон қилинса, сабр қилади.

 

 

17. Йўқ! Балки сизлар етимни (иззат-)икром қилмайсизлар.


Йўқ! Бу икки ҳолатда инсон томонидан айтилган гаплар нотўғридир. Унинг бахти бойлик, бахтсизлиги камбағаллик эмас. Ҳақиқий саодат Аллоҳга имон келтириб, ибодат қилишдир.
Эй бандаларим, сизлар Мен берган ризқимни ўз ўрнига сарфламаяпсиз, бойликка эга бўла туриб, етим-есир ва ночор кишиларга таом улашмаяпсиз.

 

 

18. Ва бир-бирларингизни мискинга таом беришга ундамайсизлар.


Бир-бирларингизни бечораҳол кишиларга ёрдам қилишга чақирмаяпсизлар, бахиллик қилмоқдасизлар.

 

 

19. Меросни эса қўшиб еяверасизлар!


Ўз насибангизга қаноат қилмасдан, етим, аёллар ва заиф кишилар меросига кўз олайтирмоқдасиз, уларни очкўзлик билан, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормай, аралаштириб еяпсизлар.

 

 

20. Ва бойликни жуда қаттиқ яхши кўрасизлар.


Нотўғри эътиқод ва номаъқул ишларингизнинг сабаби шу. Сизлар бойликка жуда ўчсизлар. Фикру хаёлингиз бойликда. Иш шундангина иборат эмас. Ҳали қиёмат бор, ҳисоб-китоб бор.

 

 

21. Йўқ! Қачонки ер қаттиқ силкинганда...


Йўқ! Бундай қилманглар! Чунки қачон қиёмат бўлиб, ер қаттиқ қимирланганда...

 

 

22. Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганида...


Ўша куни Аллоҳ бандалар орасида ҳукм қилиш учун келади. У Зотнинг олди ва атрофида покиза фаришталар ҳозир бўлиб турадилар.

 

 

23. Ана ўша кунда жаҳаннам келтирилади. Ўша куни инсон эслатма олади. Унинг учун қандай эслатма бўлсин!


Фаришталар жаҳаннамни судраб олиб келадилар. Уни ҳамма кўради. Банда буларни кўриб, дунёда қилган ишларини эслай бошлайди, гуноҳлари кўз ўнгида бир-бир ўта бошлайди. Бироқ энди гуноҳни эслашдан не фойда бор?! Бўлар иш бўлди. Энди фақат ҳисоб бериш бор холос!

 

 

24. У: “Эҳ, кошки мен ҳаётлик чоғимда (солиҳ амалларни) қилган бўлсам эди!” деб қолади.


Банда қиёмат куни дунёда гуноҳ қилганига минг пушаймон чекади, солиҳ амалларни тарк этганига афсус-надоматлар қилади. Агар савоблари бўлса, ҳозир фойдаси теккан бўларди!..

 

 

25. Бас, ўша кунда ҳеч ким (Аллоҳнинг) азоби каби азоблай олмайди.


Қиёмат куни осийлар учун Аллоҳнинг азобидан қаттиқроқ азоб бўлмайди. Биронтаси гуноҳкорларни Аллоҳчалик шиддат билан азоблай олмайди.

 

 

26. Ва ҳеч ким У Зотнинг боғлаши каби боғлай олмайди.


Ва ўша куни ҳеч ким кофирлар қўл-оёқларини занжир ва кишанлар билан Аллоҳ каби боғлай олмайди.

 

 

27-28. Эй хотиржам нафс, рози бўлган ва сендан рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт.


Бу ерда Аллоҳга ҳақиқий имон келтириб, имонига шубҳа аралашмаган, шаҳватлар гирдобида қолмаган, тақдирдан рози бўлиб ҳаёт кечирган, ўлими олдидан жаннатий экани башорат берилган хотиржам нафсга мурожаат қилиниб, унга берилган савоб ва мукофотлардан рози бўлган ҳолида ва Парвардигори ҳам ундан рози бўлган ҳолида У Зотнинг ҳузурига қайтиш амр қилинмоқда.

 

 

29-30. Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига қўшил ва жаннатимга кир!


Эй сокин нафс, энди сен солиҳ бандаларим билан Мен ҳозирлаб қўйган жаннатга кир. Ундаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, киши хаёлига келмаган неъматлар билан ҳузурлан!

 

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли


Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216811
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24574