Ўзга дин вакиллари қонини тўкиш ва молига тажовуз қилиш.
5.9.2019 5368

БУЗҒУНЧИ КУЧЛАРНИНГ ДАЪВОЛАРИ: ЎТМИШ ВА БУГУН ЁХУД ТАНГАНИНГ ИККИНЧИ ТОМОНИ

6 Раддия

Ўзга дин вакиллари қонини тўкиш ва молига тажовуз қилиш.

Бугунги кунда диний бағрикенгликни тарғиб қилиш ва бу йўлда самарали натижаларга эришиш жуда муҳим. Чунки давлатнинг равнақи, тараққиёти, қолаверса, унинг хавфсизлиги динлараро ва миллатлараро тотувликка боғлиқ. Шунингдек, динимизда ҳам бағрикенглик тамойили бирламчи масалалардан бири ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки аҳдлашганни (зиммийни) ўлдирса, жаннат бўйини ҳидламайди, жаннат ҳиди эса қирқ йиллик масофадан келиб туради”1, деганлар.

Ушбу ҳадисни Анвар Шоҳ Кашмири “Файз ал-Бори” асарида бундай шарҳлайди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида келтириб ўтилган ҳадисларининг энг асосий мазмуни шундан иборатки, мусулмонни ўлдиришлик улкан гуноҳ, бу жирканч ишни содир этишлик куфрга олиб боришлиги ва дўзаҳда абадий азоб бўлишлиги яхши маълум. Бироқ, ҳудди шунингдек бошқа дин вакилини ўлдиришлик ҳам юқоридаги каби улкан азобларга сабаб бўлади”2.

Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари орасида уларнинг пайғамбарларини мендан устун қўйманглар деганлар: “Мени бошқа пайғамбарлардан афзал кўриб, уларнинг умматларини камситманглар”3.

Агар бугунги хавориж тоифалари ҳақ бўлганида бошқа дин вакилларини ўлдирмасдан, улар билан алоқа ўрнатган, ўзаро ҳурмат‑эҳтиром билан ҳамжиҳатликда яшаган бўлар эдилар. Зеро, Аллоҳ таоло: «Сизлар аҳли китоблар билан фақат чиройли услубда мунозара қилингиз» (Анкабут сураси, 46-оят) оятида айнан шунга буюрган.

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу Шом мамлакати ҳокимига ёзган ҳатида қуйидагиларни келтириб ўтади: “Ўзингиз раҳбарлик қилаётган мусулмонларни мусулмон бўлмаган фуқароларга нисбатан жабр-зулм, озор етказишдан ва уларнинг бойликларини ноҳақ талон-тарош қилишдан қайтаринг”4.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу “Мусулмон бўлмаган аҳоли солиқ5ни тўлар экан, энди уларнинг моли ҳам, жони ҳам бизнинг молимиз ва жонимиз каби муҳофазада бўлмоқлиги лозим”6, деган.

Ўзга дин вакилларининг ҳаёти, мол-мулки ва ор-номуси Ислом динида юксак қадрланади ва мусулмон мамлакатларида мусулмонлар қай тарзда ҳимоя қилинса, улар ҳам ҳудди шундай муҳофаза этилиши лозим. “Ад-Дурр ал-мухтор” асарида агар мусулмон насроний динига эътиқод қилувчининг вино ёки чўчқа гўштига талофат етказса, етказилган зарар миқдорида унинг ҳаққини адо этиши лозимлиги баён этилган7.

Имом Яҳё ибн Шараф Нававий розияллоҳу анҳу бундай ёзади: “Мусулмон бўлмаган аҳолининг, зиммийларнинг ва муртаднинг бойлиги мусулмоннинг бойлиги каби бўлади”8. Имом Ибн Қудама Ҳанбалий: “Мусулмонга тегишли бўлган мол-мулк ўғирланганда қандай жазо қўлланилса, ҳудди шунингдек мусулмон бўлмаганнинг мол-мулки ўғирланганда ҳам ҳудди шундай жазо қўлланилиши лозим” 9, деган.

Қолаверса, Нажрон шаҳри насронийлари билан тузилган битим ҳам мусулмонларнинг адолати ва диний бағрикенглигига мисол бўлади: “Нажронликлар ва уларнинг яқинлари, ҳаёти, мол-мулки, оилалари, уларнинг ҳамма нарсалари, дини, бутхоналари – ана шуларнинг барчалари Аллоҳ ва Унинг Расули ҳимояси ва ҳомийлигида бўлади”10.

1 Саҳиҳ Бухорий. Ж. 2. – Б. 558.
2 Анвар Шоҳ Кашмири. Файз ал-Бориъ ала Саҳиҳ ал-Буҳорий. – Байрут. ал-Мактаб ал-Исламий. Ж. 4. – Б. 288.
3 Саҳиҳ Бухорий. Ж. 2. – Б. 563.
4 Абу Юсуф. ал-Ҳараж. – Байрут. ал-Мактаб ал-Исламий, 1997. – Б. 152.
5 Солиқ мусулмон мамлакатларида мусулмон бўлмаган аҳолидан ҳарбий ҳизмат ўрнига ундирилган.
6 Ибн Қудома. ал-Муғний. Ж. 9. – Б. 181. Зайлайй. Насб ар-Рая, Ж. 3. – Б. 381.
7 Ибн Обидин. Радд ал-мухтор ала ад-дурр ал-муҳтор ала танвир ал-абсар. – Байрут. Дар ал-фикр, 1965. – Б. 273
8 Яҳё Нававий. Шарҳ Саҳиҳ Муслим. – Байрут. ал-Мактаб ал-Исламий, 1984. Ж. 12. – Б. 7.
9 Ибн Қудама ал-Мақдисий. ал-Муғний. Ж. 9. – Б. 112
10 Саҳиҳ Бухорий. Ж. 2. – Б. 545. Саҳиҳ Муслим. Ж. 1. – Б. 403.

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216441
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24556