Ҳижрат қилишга тарғиб этиш
26.8.2019 161

БУЗҒУНЧИ КУЧЛАРНИНГ ДАЪВОЛАРИ: ЎТМИШ ВА БУГУН ЁХУД ТАНГАНИНГ ИККИНЧИ ТОМОНИ

4 РАДДИЯ

Ҳижрат қилишга тарғиб этиш. Дин ниқоби остидаги гуруҳларнинг мафкурасида дунёвий давлатларни “дорул-куфр” (куфр юрти) деб эълон қилиб, мусулмонларни ушбу мамлакатлардан ҳижрат қилишга, қуролли жиҳод орқали исломий давлат барпо этишга даъват қилиш, ушбу йўлда ўлганлар шаҳид бўлиши, ҳижрат ва жиҳодда иштирок этмаган мусулмонлар кофир бўлиши ҳақидаги ғоялар асосий ўринни эгаллайди. Дунёвий тузумни ҳаром, деб эълон қилиб, шариатни жорий этиш мусулмонлар учун “фарз” экани даъво қилинади. Нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларга таассубга берилган шахсларни бир жойга жамлаш орқали кўзланган мақсадлар амалга оширилади.

Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг “дорул-куфр” ва “дорул-ислом” масаласидаги хулосасига кўра, диёрнинг “куфр” бўлиш шартларидан бири ушбу ҳудудда бирор мусулмон ёки зиммий1га омонлик берилмаган бўлиши керак. Агар диёрда Ислом аҳкомидан озгина миқдорда қолган бўлса ҳам мамлакат дорул-ислом ҳукмида қолаверади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ҳудудга юриш қилсалар у ерга кирмасдан олдин, тонг отишини кутганлар, агар азон эшитилса юриш қилмаганлар. Шу сабабли фуқаҳолар, жумладан, Абу Умар ибн Абдул Барр: “Азон – Ислом ва куфр диёрлари оарсини ажратиб берувчи белгидир”, деган.

Ҳанафий уламоларининг фатволарига мувофиқ, “жума намози, ийд намозлари каби Ислом ҳукмлари жорий этилиши билан дорул-куфр дорул-Исломга айланади”2.

Имом Абу Бакр Косоний (ваф. 578/1191 й.й.) айтади: “Куфр диёрида Ислом ҳукмлари кўрина бошласа, у ер Ислом диёрига айланади. Дор сўзини Ислом ёки куфрга изофа қилишдан мақсад айнан Ислом ё куфр эмас, балки мақсад хотиржамлик ва хавф-хатардир. Яъни, мусулмонлар шариат буйруқлари – намозни адо қилиб, рўза тутсалар, закот ва ҳаж амалларини бажарсалар бу – Ислом диёри ҳисобланади. Агар хотиржамлик фақат кофирлар учунгина муҳайё этилган бўлиб, мусулмонлар хавф-хатарда яшасалар бундай замин куфр диёри бўлади”3.

Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳарж4даги ибодат худди менга ҳижрат қилган кабидир”5, деганлар. Имом Нававий ушбу ҳадиснинг шарҳида бундай дейди: “Ҳарждан мурод фитна ва парокандаликдир. Бундай кунда кам сонли одамлар ибодат билан машғул бўлиб, бошқалар фитнага аралашиб қолади. Шунинг учун кўп ибодат қилиш орқали фитна-фасодга қўшилмаслик фазилатдир”6.

Имом Таҳовий ҳарж вақтида ибодатларини кўпайтириб, яхши амалларни қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилгандек улкан савобга эга бўлишни айтади7.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Фитналар содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган афзалдир, тик турган эса, юриб кетаётгандан, юриб кетаётган эса югуриб кетаётгандан афзалдир, кимки фитнага аралашиб қолса, ҳалокатга учрайди ва кимки фитнадан паноҳ топса, дарҳол яширинсин!”8 деганлар.

Уламолар ушбу ҳадисни: “Мусулмон одам жамиятда беқарорлик келтириб чиқарувчи фитналардан қанчалик узоқда бўлса, ўзи ва жамияти учун шунчалик фойдали бўлади”, деб шарҳлайдилар.

Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши келиб:
“Ё Расулуллоҳ, мен ота­онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”,
деди. У зот: “Ота­онангнинг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”9, дедилар.

1 Ислом давлати ҳудудида яшагани учун жон, мол-мулклари давлат ҳимоясига олинган ва бунинг евазига ҳар йили жизя маҳсус солиқ тўлаб турадиган аҳли китоблар.
2 Ибн Обидин. Радд ал-мухтор ала ад-дурр ал-муҳтор ала танвир ал-абсар. – Байрут. Дар ал-фикр. 2011. Ж. 6. – Б. 288-289.
3 Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд Косоний. Бадойиъу ас-санойиъ фий тартиби аш-шаройиъ. Ж. 6. – Б. 113.
4 Фитна ва қатллар кўпайган замон. Қаранг: Саййид Абдуллоҳ ибн Саййид Музаффар Ҳусайн Ҳайдарободий. Зужажату ал-Масобийҳ. Ж. 4. – Покистон. Дар ал-Бушро, 1962. – Б. 207.
5 Саҳиҳ Муслим. Ж. 1. – Б. 514.
6 Имом Нававий. Саҳиҳи Муслим бишарҳ ан-Нававий. Ж. 2.Матба ал-Мисрия. Азҳар. 1929. – Б. 38.
7 Фатҳ ал-Борий шарҳу Саҳиҳ ал-Бухорий. Ж. 13. – Б. 9.
8 Саҳиҳ Бухорий. Ж. 2. – Б. 543.
9 Сунан Абу Довуд. Ж. 2. – Б. 387.

Одилхон қори Юнусхон ўғли 
"Хўжа Аламбардор" жоме масжиди имом хатиби 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 66667
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9564