ДИНИЙ ОҚИМЛАРНИНГ БУЗУҚ 7 ДАЪВОСИГА ҚАРШИ 7 РАДДИЯ
2 РАДДИЯ
Халифа сайлаб, унга байъат қилишни шарт қилиш.
Халифа тайинлаш муайян бир гуруҳнинг, ер юзининг муайян бир бурчагини босиб олган шахсларнинг иши эмас. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: “Кимки мусулмонларнинг маслаҳатисиз бир одамга байъат қилса, бас, унга эргашилмайди ва унга байъат қилган одам – икковлари ҳам қатл қилишга дучор бўладилар” 1 .
Аҳли сунна вал жамоа ақидасида мусулмонларнинг аксарияти томонидан эътироф этилмайдиган шахсга байъат қилинмайди. Бутунжаҳон Ислом уламолари уюшмаси раисиШайх Юсуф Қарзовий: “Халифа унвонини бир гуруҳ эмас, балки бутун мусулмон уммати бериши мумкин”, деган.
Имом Бухорий “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг “Фитналар китоби” бобида “Қачонки жамоат (яъни, хилофат) бўлмаса, нима қилинади?” деган сарлавҳа остида Абу Идрис Ҳавлоний нақл қилган ушбу ҳадисни келтиради: Ҳузайфа ибн Ямон айтди: “Одамлар Расулуллоҳдан яхшилик ҳақида сўрардилар. Мен эса, бошимга тушиб қолишидан хавотирланиб, ёмонлик ҳақида сўрардим. Бас, мен: “Ё Расулуллоҳ! Биз илгари жоҳилият ва ёмонлик ичида яшар эдик. Аллоҳ таоло ушбу яхшиликни олиб келди. Айтинг-чи, шу яхшиликдан кейин ёмонлик келгайми?” деб савол бердим. Расулуллоҳ: “ Ҳа” , – дедилар. Мен: “Ўша ёмонлик ортидан яна яхшилик келгайми?” дедим. Расулуллоҳ: “Ҳа, тутуни билан”, дедилар. Мен: “Унинг тутуни нима?” деб сўрадим. Расулуллоҳ: “Менинг суннатимдан бошқа суннатни ушлайдиган ва менинг йўлимдан бошқа йўлни тутадиган бир қавм. Уларда маъруфни ҳам, мункарни ҳам кўрасан”, дедилар. Мен: “Шу (тутунли)яхшиликдан сўнг яна ёмонлик келгайми?” дедим. Расулуллоҳ: “Ҳа, жаҳаннам дарвозалари устида даъват этувчилар бўлади. Ким уларнинг даъватига эргашса, уни жаҳаннамга улоқтирадилар”, дедилар. Мен: “Ё Расулаллоҳ, уларни бизга васфлаб беринг!” дедим. Расулуллоҳ: “Улар ўз уруғимиздан бўлиб, бизнинг тилимизда сўзлайдилар”, дедилар. Мен: “Менга ўша давргача яшаш насиб этиб, уларга етсам, нима қилишимни буюрасиз?” деб савол бердим. Расулуллоҳ: “Мусулмонлар жамоаси ва имомини лозим тут!” дедилар. Мен: “Агар уларнинг жамоаси ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?” дедим. Расулуллоҳ: “Ўша фирқаларнинг баридан узилгин. Агар бунинг учун дарахт илдизини маҳкам тишлаб олишингга тўғри келса ҳам, то сенга ўлим келгунича шундай тургин” , дедилар” 2 .
Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳ ал-Борий” асарида ушбу ҳадис шарҳида қуйидагиларни айтади: “Сарлавҳанинг маъноси: “Мусулмонлар бир халифага ижмо қилмасларидан илгари рўй берган ихтилофда мўмин киши нима қилмоғи лозим?” деб тушунилади.
“Одамлар жаноб Расулуллоҳдан яхшилик ҳақида сўрардилар. Мен эса, бошимга тушиб қолишидан хавотирланиб, ёмонлик ҳақида сўрардим” – бир ривоятда: “Яхшилик мендан ўзиб кетмаслигини билар эдим” , дейилган.
“жоҳилият ва ёмонлик ичида” – бу ерда куфр, бир-бирини ўлдириш, фаҳш ишлар каби Исломдан аввалги ҳолат назарда тутилган.
“ушбу яхшиликни олиб келди” – яъни, имон, омонлик, солиҳлик каби, Имом Муслим ривоятида: “ва биз ҳозир шу яхшиликдамиз” деган зиёдаси бор.
“Ўша ёмонлик ортидан яна яхшилик келадими?” – Бу ерда ёмонликдан мурод – Усмон розияллоҳу анҳунинг қатл қилиниши ва ундан кейин бошланган ва давом этаётган фитналар назарда тутилган.
“тутуни билан” – Бу ерда тутундан мурод – “ҳиқд” – қалбдаги кин-адоват, дилдаги фасод-бузуқлик ҳам дейилган. Ёмонликдан кейин яна яхшилик келса-да, у тоза яхшилик бўлмайди, балки бир доғи билан бўлади. “Дахан” сўзидан мурод тутун деганлар ҳам бор, унда ҳам ҳолатнинг доғли эканига ишора бўлади. Баъзилар “дахан” – ҳар қандай макруҳ нарсадир деганлар.
“Уларда маъруфни ҳам, мункарни ҳам кўрасан” – уларнинг амалларидан яхшисини ҳам, ёмонини ҳам кўрасан. Умми Салама ҳадисида “Ким инкор қилса – зиммасини поклайди, ёмон кўрган эса – саломат қолади” дейилган.
“жаҳаннам дарвозалари устида” – жаҳаннам устида деб, уларнинг кейинги, охиратдаги ҳолатлари эътибори билан айтилган. (Худди ёмон бир ишни қилган кишига – дўзахнинг лабида турибди дегандек).
“ўз уруғимиздан бўлиб, бизнинг тилимизда сўзлайдилар” – бизнинг қавмимиздан, тилимиз ва миллатимиз аҳлидан. Бунда уларнинг араблар эканига ишора бор.
Қози Иёз айтди: “Биринчи ёмонликдан мурод – Усмон розияллоҳу анҳу қатлидан сўнг рўй берган фитналар, ундан кейин бўлажак яхшиликдан мурод – Умар ибн Абдулазиз халифалиги даврида рўй берган ишлардир”.
“Уларда яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам кўрасан” дан мурод ундан кейин бўлган амирлардир. Зеро, улар орасида суннатни ва адолатни маҳкам ушлаганлари ҳам, адолатсизлик қилганлари ҳам бўлди.
Мазкур биринчи ёмонлик – айтиб ўтилганидек, аввалги фитналардир. Яхшилик – Али ва Муовия атрофида одамларнинг жамланиши, тутуни эса шу иккиси даврида Ироқда Зиёд каби амирларнинг ҳамда унга қарши чиққан хаворижларнинг хилофларидир. Жаҳаннам дарвозалари устидаги даъватчилар эса хаворижлар ва бошқаларнинг ҳукм талаб қилиб чиқишларидир. “Мусулмонлар жамоаси ва имомини лозим тутгин” дейилиши шунга ишорадир3 .
1 Саҳиҳ Бухорий. Ж. 2. – Б. 544.
2 Саҳиҳ Бухорий. Ж. 2. – Б. 530.
3 «Ҳизбут-таҳрир» фитнасидан огоҳлантириш. – Б. 192-195.
Одилхон қори Юнусхон ўғли "Хўжа Аламбардор" жоме масжиди имом хатиби