Оқсаройда қабул
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 29 июль куни Оқсаройда «Isuzu Motors Ltd.» компанияси раиси Сусуми Хосоини қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Япония ўртасида турли соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади. Япониянинг юқори технологияли етакчи компаниялари билан ўзаро манфаатли шериклик муносабатлари изчил кенгайиб бормоқда.
Тошкентда «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва «Isuzu Motors Ltd.» ўртасида Япониянинг ушбу компанияси «СамАвто» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари таркибига кириши тўғрисида битим имзоланди.
Мазкур битим «Ўзавтосаноат» ва «Isuzu Motors Ltd.» компаниялари ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг мантиқий давомидир.
Томонлар «СамАвто» масъулияти чекланган жамиятини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш, ишлаб чиқарилаётган машиналар турини янгилаш ва кўпайтириш, маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш, Япониянинг илғор ишлаб чиқариш технологияларини янада кенг жорий этишга келишиб олди.
«Ўзавтосаноат» ва «Isuzu Motors Ltd.» ўртасидаги ҳамкорлик 2007 йилда йўлга қўйилган. Япониянинг мазкур компанияси ўша йили «СамАвто» масъулияти чекланган жамиятининг технологик шериги сифатида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автобуслар, ўрта оғирликдаги юк машиналари ва бошқа техникалар учун шасси ва двигателлар етказиб беришни бошлади. Ўтган вақт давомида «Isuzu Motors Ltd.» агрегатлари базасида 10,2 минг автобус ва 11,5 минг юк машиналари, жумладан, 2014 йилда 1,2 минг автобус ва 2,6 минг юк машинаси ишлаб чиқарилди. Табиий газда ишлайдиган юк машиналарининг янги моделларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим босқичини ташкил этди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ва ўзаро манфаатли бошқа масалалар муҳокама этилди.
Манба: Uza.uz