Европа Иттифоқи делегациясининг учрашувлари
21.7.2015 4364

    Мамлакатимизга ташриф буюрган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан раҳбарлигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида, вазирлик ва идораларда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов билан учрашувда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик алоқалари иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва парламентаризм каби кўплаб йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик Европа Иттифоқи учун истиқболли йўналишлардан биридир. Икки томон ўртасида парламентаризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитаси ташкил этилган. Томонлар ўртасида имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида таъсис этилган мазкур қўмита парламентаризм йўналишида ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан сиёсий мулоқотни ривожлантиришга ва барча соҳалардаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратади.

Ўзбекистон ЕИ мамлакатлари билан иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий йўналишларда, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, таълим, ноу-хау, стандартлаштириш ва сертификатлаш, аудит, наркотик моддалар назорати каби соҳаларда, шунингдек, Афғонистонда тиклаш ишларини амалга ошириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасида яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда, биргаликда турли қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида қонун устуворлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда таълим каби қатор соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, бу борада ўзаро тажриба алмашувини фаоллаштиришга оид масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бўлган мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, парламентлараро муносабатларни янада ривожлантиришга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.

– Ўзбекистон нафақат икки томонлама, балки минтақавий ҳамкорлик бўйича ҳам Европа Иттифоқининг муҳим стратегик ҳамкоридир, – деди Петер Буриан. – Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқалар ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, таълим, парламентаризм каби қатор соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Турли йўналишлардаги ўзаро муносабатларни янада равнақ топтириш, ўзаро манфаатли янги қўшма дастурларни амалга ошириш ниятидамиз.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ўтган учрашувда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилангани, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатлари амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар марказида бўлиб келаётгани алоҳида таъкидланди. Бу борада нуфузли халқаро ташкилотлар, хусусан, Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар муҳокама қилинди.

Европа Иттифоқи делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар ва Молия вазирликларида ҳам музокаралар ўтказди.

Манба: Uza.uz

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216431
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24556