Хотира—абадий, қадр—муқаддас!
Оқибат ва тотувлик бор юртда қут-барака бўлади, дейди кўпни кўрганлар. Зеро, юртимизда 9 майнинг “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланишида ўзига хос рамзий маъно бор. Ушбу кун нафақат юрт тинчлиги, Ватан озодлиги йўлида азиз жонларини фидо қилган, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшган минглаб инсонларни хотирлаш, ҳақларига дуо қилиш, шу билан бирга, яқинлар, нуронийлар, меҳр ва мурувватга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ёлғиз эмаслиги, доимо эътиборда эканлигини яна бир бор ҳис этишларини таъминлаш куни сифатида ҳам қалбимиздан жой олган санадир. Айнан шу байрам муносабат билан барча гўшаларда хайрия тадбирлари ўтказиб келинади.
Хусусан, “Шайх Зайниддин” жоме масжиди томонидан мунтазам равишда қатор тадбирлар, хайру эҳсонлар ташкил этилиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 8-9 май кунлари “Хотира ва қадрлаш” кунига бағишлаб масжид атрофидаги “Исломобод”, “Оқилон”, “Боғ кўча”, “Шофайз” маҳаллаларида истиқомат қилувчи кексалар, шунингдек ногиронлар ҳолидан хабар олинди. Уларга совға-саломлар, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Ташриф чоғида юртимиз тинчлиги, ҳуррият йўлида қурбон бўлган юртдошларимиз ёдга олинди. Улар ҳаққига дуои фотиҳа қилинди.
Бу каби хайрли ишларни давом эттириш барчамизга насиб этсин!
“Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди матбуот хизмати