“Ҳаж – 2015” мавсумига тайёргарлик
Пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида “Ҳаж – 2015” мавсумига тайёргарлик юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита мутахасисислари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари ва гуруҳ раҳбарлари иштирок этишди.
Айтиш керакки, ҳозирги кунда йилига жами 11000 киши ҳаж ва умра зиёратини адо этишмоқда. Мамлакатимиз истиқлолга эришганидан сўнг ўтган давр мобайнида юртимиздан қарийб 200 000 га яқин фуқаролар ҳаж ва умра зиёратларига бориб келдилар.
Йиғилишда сўнгги пайтда Саудия Арабистони қироллигида иккала ҳарами шарифда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича бир қатор қарорлар қабул қилинганлиги таъкидланди.
Шунингдек, норасмий йўл билан ҳажга боришнинг олдини олиш бўйича бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилганлиги маълум қилиниб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг 2014 йил 23 августдаги 967 сонли қарори учрашув қатнашчиларига ўқиб, мисоллар билан тушунтириб берилди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида “Ҳаж бадал” қилишлик қатъиян тўхтатилганлиги маълум қилинди ва бу борада зарурий тавсиялар берилди.
Тадбирда хаж зиёратчилари учун тайинланган гуруҳ раҳбарларини ушбу шарафли ва масъулиятли вазифа билан қутлаб, уларни гуруҳ раҳбарлиги қонун-қоидалари, бурч ва масъулиятлари билан таништириб ўтилди. Ҳамда Ҳажга борувчи зиёратчилар билан ўтказиладиган йиғилишлар тартиби, унда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, сафарга жўнаб кетиш ҳамда Саудия Арабистонидаги ташкил қилинадиган ишларнинг элликбошиларга тааллуқли бўлган тарафларини атрофлича ёритилди. Сафарга доир ҳужжат ишларида нималарга эътибор қаратиш лозимлигини тушунтириб берилди. Шунингдек, гуруҳдаги зиёратчилар билан ишлаш давомида уларнинг паспорт ва бошқа ҳужжатларини юритиш қоидалари борасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Йиғилиш сўнгида, гуруҳ раҳбарлари томонидан берилган барча саволларга батафсил жавоб берилди.
“Шайх Зайниддин” жоме масжиди матбуот хизмати