Қурбонлик аҳкомлари

    Ҳар йили зулҳижжа ойи кириб келар экан ўзига тўқ кишилар Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида ва У ато этган беҳисоб неъматларга шукроналик ҳиссининг бир рамзи ўлароқ қурбонлик сўйиб, қон чиқариш учун соғлом ва бақувват чорва ҳайвонларини харид қилиб, то қурбон ҳайити кунига қадар боқиб қўядилар. 
   Аллоҳ таоло учун жонлиқ сўйиш дини Исломнинг гўзал анъаналаридан ва шариатимиз буюрган буюк ишлардан ҳисобланади. Унинг ҳикмат ва фазилатлари беқиёсдир. Аввало бу иш бандани Аллоҳга яқинлаштиради. Шу боис ҳам қурбонликни соф ният билан, Аллоҳга қурбат ҳосил қилай, Унинг розилигини топай, деган покиза мақсадларда амалга ошириш лозим. 
   Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз марҳамати туфайли биз гуноҳкор бандаларни Ўзига яқинлаштирадиган кўплаб сабаб ва василаларни яратиб берган. Бу дунёни охиратнинг экинзори қилиб қўйган. Дунёда одамлар билан муоамалада шундай ҳолатлар бўладики, бир инсон бошқа бир ўзи ҳурмат қиладиган обрўли, зиёли ёхуд бадавлат инсонга яқинлашмоқчи бўлади. Бунинг учун турли-туман воситаларни ишга солиб кўради. Унга яхши муоамала қилади, илтифот кўрсатади, ҳадиялар беради. Лекин, нариги одам уни умуман ўзига яқинлаштирмаслиги, барча воситалар йўлини ёпиб қўйиши мумкин. Бу нарса ҳаётда кўп кузатилади. Аммо, меҳрибон ва олийжаноб Аллоҳ ундай эмас. У бизга ҳарқанча гуноҳ қилсак ҳам, ҳарқанча ёвуз ишларни амалга оширган бўлсак-да тавба эшигини мудом очиқ қолдиради, Ўзига яқинлаштирувчи йўлларни ёпиб қўймайди. Балки, бундай амаллардан бир эмас бирнеча ўнлаб турини кўрсатиб беради. Ҳатто турли восита ва василаларни ишга солган ҳолда Ўзига қурбат ҳосил қилишга чақиради. “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга яқин бўлиш йўлларини истангиз!” (Моида сураси, 35-оят). Ояти каримада “Унга яқин бўлиш йўллари” “васила” сўзи билан ифода қилинган. Бу дунёда Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига яқинлаштирадиган, жаннатга киритадиган йўл ва василаларни кўпайтириб қўйган. Ҳарбир инсон ўз имконияти доирасида ўзини Аллоҳ розилигига олиб борадиган мазкур ишларни амалга оширишга ҳарис бўлмоғи лозим. Ота-онага яхшилик қилиш васила, тоат-ибодатда бардавом бўлиш васила, сабр васила, шукр васила, дуо васила, истиғфор васила, одамларга эзгулик улашиш васила, хайр-садақотлар васила, маҳзун дилларга шодлик олиб кириш васила ва шуларнинг қаторида Аллоҳ ризоси учун жонлиқ сўйиш ҳам бир василадир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва У киши орқали бутун мусулмон умматини шу ишга буюрган: “Бас, Раббинг учун намоз ўқи ва жонлиқ сўй!” (Кавсар сураси, 2-оят). Машҳур тобеинлардан Қатода, Ато ва Икрима раҳматуллоҳи алайҳимлар оятдаги “намоз ўқи” иборасини “ҳайит намозини ўқи” дея изоҳлаганлар. Шунга кўра, ҳожилар ва бошқа қурбонлик қилувчилар ҳайит намози ўталгандан сўнг жонлиқларини сўядилар.

 

Қурбонликнинг айрим ҳикмат ва фазилатлари


Қурбонликнинг ҳикмати ва фазилатлари ҳақида қанча гапириладиган бўлса, шунча оз.

 

1. Қурбонлик – “қурбат”, яъни яқинлашиш сўзи билан ўзакдошдир. Бу билан биринчи ўринда Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлиш, унинг марҳаматига яқин бўлиш мақсад қилинади. 
     Аллоҳ таоло учун ҳузуридаги энг яхши нарсани қурбон қилиш инсон қалбига ўзгача ҳузур-ҳаловат бахш этади. Унинг орқасидан қўлга киритиладиган улкан ажру мукофот умиди кишининг фикру зикрини маълум муддатга бўлса-да, фоний дунёнинг фоний моддаларидан узиб, боқий оламнинг боқий бойликларига кўз тикишга ундайди. Қалбни бахиллик иллатидан тозалайди.

 

2. Бу – Аллоҳнинг шиорларини, У жорий этган диний маросимларни улуғлаш, ҳурматлаш демакдир. «(Иш) шудир! Кимки Аллоҳнинг маросимларини улуғлар (ҳурматлар)экан, бас, албатта бу (ҳурмат) қалблардаги тақво туфайлидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят). Демак, қурбонлик қилиш қалблардаги тақво аломати экан. Зотан, қурбонликнинг гўштидан ҳам, қонидан ҳам Аллоҳга бирон-бир фойда йўқ. Балки, бу ўзимиз учун фойдадир.


3. Байрам кунида қурбонлик сўйиш хурсандчилик устига яна бир хурсандчиликдир. Бу инсоннинг ўзига ва аҳли оиласига кенгчилик яратиши учун василадир. Қўни-қўшни, ҳешу ақрабо ва ёру биродарларга икром қилиш, фақиру мискинларнинг, шикаста дил одамларнинг кўнгилларига шодлик олиб кириш учун энг яхши фурсатдир.

 

4. Тақвога эришиш. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг (қурбонликнинг) на гўшти ва на қони Аллоҳга етиб борур! Балки(шу иш орқали) сизлардан пайдо бўлган тақвогина Унга етур» (Ҳаж сураси, 37-оят).

 

5. Қурбонлик Аллоҳ таолога У Зот ато этган ҳисобсиз неъматлари учун шукр қилишнинг бир кўринишидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бани башарга санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада беадад неъматлар ато этди. Унга ҳаёт берди, хилқатини чиройли қилди, сиҳат-саломатлик берди, ҳис-туйғуларини баён этиши учун тил, ёруғ дунёни кўриши учун икки кўз, оқни қорадан ажратиши учун ақл берди. Бойлик, молу давлат берди. Иймону ислом неъматига муяссар этди. Буларнинг бари шукр қилишни вожиб қилувчи буюк неъматлардир. Қурбонлик ана шу неъматларнинг ожизона бир шукронаси ўлароқ банда томонидан амалга ошириладиган ишдир.

 

6. Қуйидаги ҳадис ҳам Аллоҳ таоло учун қурбонлик сўйишнинг нечоғлик фазилатли эканига далолат қилади. Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: «Одам боласи Наҳр кунида қон чиқаришдан ҳам кўра Аллоҳга маҳбуброқ бўлган бирон амални қилмайди.(Аллоҳ таоло учун сўйилган) жонлиқ қиёмат кунида шохлари, юнглари ва туёқлари билан келади. Қасамки, унинг қони ҳали ерга тўкилмасдан бурун Аллоҳ ҳузуридаги юксак мақомга тушади (яъни ҳали унинг қони ерга тушмасдан бу амалнинг савоби Аллоҳ ҳузурида юксак ўринга ёзиб қўйилади, валлоҳу аълам). Бас, қилаётган қурбонлигингиз билан шодланинг. Димоғингиз чоғ бўлсин!» (Термизий ривояти).

 

Қурбонликнинг таърифи

 

Фуқаҳолар қурбонликни бир-бирига яқин бўлган бир неча хил таърифлар билан таништирганлар. Жумладан:

 

1. “Махсус жониворни махсус вақтда сўймоқ, у вақт эса азҳо кунидир” (“ал-ъиноя шарҳу-л-ҳидоя”: 9/505).

 

2. “(қурбонлик) шаръан: махсус ҳайвонни махсус вақтда қурбат нияти билан сўймоқдир” (Ҳаскафий: “ад-дурр ал-мухтор”).

 

Қурбонликнинг ҳукми

 

     Ҳанафий мазҳабига кўра моли нисобга етган, муқим (яъни сафарда бўлмаган), мусулмон одам учун қурбонлик қилиш вожиб ҳисобланади. Қурбонликнинг вожиблигига Қуръони каримдан юқорида зикр қилинган Кавсар сурасининг 2-ояти далил бўлади. Ҳадиси шарифлардан эса Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далилдир. “Кимки, имкони бўлатуриб қурбонлик қилмаса, бас, бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин” (Имом Аҳмад, Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари ). 


Қандай ҳайвонлар қурбонлик қилинади?

 

Қурбонлик учун чорва ҳайвонлари сўйилади. Улар: туя, сигир ва қўйдир. Бунда уларнинг эркак ва урғочи жинслари тушунилади. Қўй деганда эчкилар ҳам назарда тутилади. Демак, туя, сигир, қўй ва эчкилар қурбонликка яроқли ҳайвонлар ҳисобланади.

 

Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг шартлари

 

     Қурбонлик қилинадиган жонлиқ маълум шартларга жавоб бериши керак. Акс ҳолда қурбонлик дуруст бўлмайди. Қуйида ана шулар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. 

 

1. Жонлиқнинг ёши 

     

   Қурбонлик учун сўйиладиган жонивор қурбонлик ёшига етган бўлиши шарт. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Фақат мусиннани сўйинглар. Илло, агар бу иш сизларга қийин келса, қўйдан жазаъ бўлганини сўйсангиз ҳам бўлаверади» (Муслим ривоятлари).  «Мусинна» деб туя, мол, қўй ва эчкилардан «саний» ёшига тўлганларига айтилади. «Саний» умрининг иккинчи босқичига ўтган – ўрта ёшли дегани бўлиб, у «жазаъ» ёшидан кейинги босқичдир. 

     Тилшунос олимларнинг таъкидлашларича, бўталоқ беш ёшга тўлиб, олтига кетганда “санийя” деб аталувчи олд тишлари тўкилар экан. Ана шунда “саний” бўлар экан. Юқоридаги ҳадисга биноан, туя, сигир ва эчкидан фақат «саний» ва ундан юқори ёшда бўлганларигина қурбонликка яроқли ҳисобланади. Қўйдан эса «жазаъ» ва ундан юқориси қурбонликка ўтади. Демак, туянинг «саний»си деб туғилганига беш йил тўлгани айтилади. Сигир ва буқанинг «саний»си эса туғилганига икки йил тўлгани бўлади. Қўй ва эчки эса бир йилда «саний» бўлади. Қўйдан «жазаъ» бўлгани туғилганига олти ой тўлиб, еттинчи ой кетганидир.

 

2. Жонлиқ қурбонликнинг дуруст бўлишига монеълик қилувчи айблардан саломат бўлиши керак 
     

    Модомики, қурбонлик Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш мақсадида амалга ошириладиган иш деб эътибор қилинар экан, бу иш учун энг яхши, энг сара, семиз, соғлом ва айбу нуқсонлардан холи бўлган жониворни танлаб олиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, қурбонлик учун сўйиладиган жонивор албатта ҳалолу покиза молдан бўлиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло хуш ва покизадир, фақат хуш ва покиза нарсаларнигина қабул қилгай. 
    Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Тўрт хил жонивор қурбонликка ярамайди: 1. Шапкўрлиги билиниб турган даражадаги шапкўр жонивор. 2. Касаллиги билиниб турадиган даражадаги касал жонивор. 3. Оқсоқлиги билиниб турадиган даражадаги оқсоқ жонивор. 4. Оёқда туролмайдиган даражадаги беҳол-мадорсиз жонивор» (Сунан соҳиблари ривоят қилишган). Ушбу ҳадис қурбонликка путур етказувчи айб-нуқсонларни билишда асос кабидир. Юқоридаги ҳадисга биноан ва қиёсан уламолар қуйидаги сифатга эга бўлган жониворларнинг қурбонликка ярамаслигини айтадилар.

 

1. Шапкўр жонивор.

2. Кўзи кўр жонивор.

3. Оқсоқлиги билиниб турадиган даражада оқсоқ жонивор.

4. Бир оёғи кесилган жонивор.

5. Касаллиги кўриниб турган касал жонивор. Қўтир бўлган ёки баданига яра тошган жонивор ҳам шу жумладандир. Чунки, бундай касалликлар жониворнинг хилқатига таъсир қилади, семиришига йўл қўймайди. 

6. Оёқда туролмайдиган даражада қилтомоқ бўлиб қолган, мажолсиз жонивор.

7. Қулоғининг ҳаммаси ёки бир қисми кесилган жонивор.

8. Қулоғи тешилган ёки қулоқ супраси ўртасидан кесилиб, ёриқ пайдо қилинган жонивор.

9. Белги учун қулоғи тешиб қўйилган жонивор.

10. Шоҳи кесиб ёки суғуриб олинган жонивор. Аммо ўзи шоҳсиз туғилган бўлса, қурбонликка ярайди.

11. Бурни кесиб олинган жонивор.

12. Думи кесиб ташланган жонивор. Аммо ўзи думсиз яратилган бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз, гарчи айрим уламолар буни ножоиз санаган бўлсалар ҳам.

13. Думбаси кесиб олинган жонивор.

 

    Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қурбонликка сўйиладиган жонивор ўзига озор етказадиган, семириб ёғ бойлашига монеълик қиладиган ва баҳосини туширадиган барча айб-нуқсон ва касалликлардан холи бўлиши керак. Салафи солиҳлардан нақл қилинганки, улар қурбонликка сўйиладиган жониворнинг ҳар қандай каттаю-кичик айблардан холи бўлганини танлар эдилар. Агар жониворда биронта арзимас айб топилса ҳам, уни қурбонлик қилишни кариҳ кўрардилар.

 

3. Қурбонлик вақти

     

    Қурбонлик сўйишнинг биринчи вақти ҳайит намози билан хутба ўқилгандан сўнг бошланади ва ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботганда тугайди. Бошқачароқ ибора билан айтилса, қурбонлик уч кун давомида сўйилади: қурбон ҳайити куни ва унинг кейинидан келувчи ташриқ кунларининг илк икки кунида. Бироқ энг афзали қурбонликнинг ҳайит намози ўқиб бўлиниши билан амалга оширилишидир. 
    Ҳайит намозидан аввал ёки қурбонликнинг охирги вақтидан кейин сўйилган жонлиқ шаръий қурбонликка ўтмайди. Бунга юқорида айтиб ўтилган мана бу ҳадис далолат қилади. 
    Баро разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни ҳайит намозидан сўнг бизларга ваъз қила туриб шундай дедилар: «Бугунги кунимизда биринчи бўлиб қиладиган амалимиз(ҳайит) намозни ўқишимиз, сўнгра (уйга) қайтиб жонлиқ сўйишимиздир. Кимки шундай қилса, унинг иши суннатга мувофиқ келибди. Кимки намоздан аввал сўйган бўлса, у бор-йўғи оиласига тақдим қилган гўштдир, холос. Бу куннинг маросимидан (яъни қурбонликдан) эмас». 
    Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг фикрларига кўра қурбонлик вақти ҳайит намози ўқилмайдиган чекка ва қишлоқ жойлар аҳолиси учун қуёш чиққандан кейин киради. (Яъни, улар бомдоддан сўнг бир муддат ўтиб, қуёш чиққандан кейин сўяверсалар бўлади). Аммо, ҳайит намози ўқиладиган шаҳар жойларда эса ҳайит намози ва хутбаси ўқилгандан кейингина қурбонлик вақти киради. Унгача сўйилган жонлиқ қурбонликка ўтмайди. 

 

Қурбонликка оид айрим масалалар

 

 

1. Қурбонлик қилишда иштирок этиш

 

   Туя ва сигирни қурбонлик қилишда етти киши иштирок этиши жоиз. Яъни, масалан, етти киши тенг пул ташлаб туя ёки сигир сотиб олишади ва уни ўз номларидан сўйишади. Шунда ҳаммалари қурбонлик қилган бўладилар.  Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят: «Биз Ҳудайбия йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда қурбонлик қилдик. Шунда туяни етти кишидан, сигирни ҳам етти кишидан қурбонлик қилдик» (Имом Муслим ривояти). 
     Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажжатул-вадодаги қурбонликда сигирга етти кишини шерик қилиб сўйдирдилар» (Имом Аҳмад ривояти). Аммо қўй ва эчкиларда эса шерикчилик мумкин эмас. Битта қўйни фақат бир киши сўйиши мумкин.

 

2. Қурбонлик қилишга қодир одам жонлиқ сўйгани афзалми ёки унинг баҳосини садақа қилгани афзалми?

 

     Ҳанафий мазҳаби уламолари пулини садақа қилгандан кўра қурбонлик қилиш афзаллигини таъкидлайдилар. Бу масалада кўпчилик аҳли илмлар мазҳабимиздаги қавлга қўшиладилар.

 

3. Қурбонликдан фойдаланиш ва унинг тақсимоти

 

     Инсон ўзи амалга оширган қурбонлигидан ейиши жоиз. Ҳанафий (шунингдек ҳанбалий) мазҳаби уламоларнинг сўзларига кўра, қурбонликнинг гўшти уч қисмга бўлинади. Учдан биридан унинг соҳиби ейди, яна учдан бирини фақир-мискинларга садақа сифатида улашади, қолган учдан бирини эса қариндош-уруғ, ёр-биродарларга ҳадя қилади. Бироқ, агар қурбонлик эгаси қурбонликнинг учдан биридан кўпроқ миқдорда истеъмол қилса, бу ҳам жоиздир.

 

4. Қурбонликни бировга сўйдириш

 

    Қурбонлик тоат бўлганлиги учун уни инсоннинг ўзи сўймоғи афзал ҳисобланади. Лекин, бировни ўзидан вакил қилиб, сўйдириши мумкин. Бу ҳолатда ҳеч бўлмаганда ўша қурбонлиги сўйилаётган маҳалда унинг тепасида туриб, гувоҳ бўлиши мақсадга мувофиқдир.

 

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли 

Тошкент шаҳар Шойхонтоҳур туман бош имом - хатиби, "Шайх Зайниддин" жомеъ масжиди имом-хатиби 


Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216365
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553