Ибодатда хушуъ ва хузуъ масалалари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм 

     

     Аввало хушуъ ва хузуънинг маъноларини англайдиган бўлсак, “хушуъ” сўзи луғатда араб тилидан таржима қилганда, “қўрқиш”, “хузуъ” эса, “итоаткорлик”, “итоат этиш”, “бўйсиниш” ва “боғлиқлик” каби маъноларни англатади. 
    Истилоҳда “хушуъ” қўрқув билан сокинликнинг бирга жамланганидир. Хушуъ ва хузуъ деб аъзоларнинг барчасининг сукунатда ва қалбнинг Аллоҳ билан бўлишига айтилади. Намознинг ҳаёти ва ички одобларидан бири ҳам хушуъ ва хузуъдир. Айнан хушуъ орқали намоз ички покланиш омилига айланади. Хушуъли намозгина қалбни поклаш ва ахлоқни сайқаллашга хизмат қилади. Намозда фарз, вожиб ва суннатлар мавжуд бўлганидек, унинг руҳи ният, ихлос, хушуъ ва хузуъдир. 
    Хушуъ ва хузуъ нажотга эришувчи мўъминларнинг сифатларидан бири, намоз ўқиганларида Аллоҳ таъоло ҳузурида қалбларини, вужудларини қўрқинч ва сокинлик ўраб олишидир. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда марҳмат қилиб айтади: “Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир” (Мўминун, 1-2-оятлар). 
    Ибодатларни хушуъ ва хузуъ билан адо этмайдиган банданинг қалбида, вужудида, ҳаракату саканотида Аллоҳдан қўрқиш, ҳайиқиш ва сокинлик ҳам бўлмайди. Мўмин банда ўзининг ҳолатида мазкур ҳиссиётларни мужассам этиши лозим. 
   Шаддод ибнАвс (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ердан энг аввал кўтариладиган илм хушуъдир”,дедилар”(Табароний ривояти). 
      Хушуъ ва хузуъ илм бўлиши билан бирга нажот топувчиларнинг аломати ҳамдир. Ҳар бир мўмин-мусулмон адо этаётган ибодатларини хушуъ ва хузуъ ила адо этмоқлиги зарур, акс ҳолда ибодатнинг лаззатини, унинг асл моҳиятини тушуна олмайди. Абдуллоҳ ибн Сунобиҳий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган муборак ҳадисда: “Мен Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: “Банда беш вақт намозни ўз вақтида, рукуъни ва хушуъни жойига келтириб ўқиса, зиммасида уни мағфират қилиш аҳди бўлур. Ким қилмаса, унга Аллоҳнинг зиммасида аҳд бўлмайди. Хоҳласа мағфират қилади, хоҳласа азоблайди”, деганларини эшитганман”, деди” (Абу Довуд ва Насоий). Яна бир ҳадис Мутаррифдан, у отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқаётганлари кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди” (Сунан эгалари ривоят қилганлар). 
     Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи васаллам) энг аъло намозхон бўлиб, намоз ўқишни бошқаларга ҳам таълим берганлар. Намоз ибодат нима эканлигини ҳаммадан яхши англаб етганлар. У зот(соллалоҳу алайҳи васаллам) қачон намоз ўқисалар хушуъ ва хузуъни ўз ўрнига қўйиб ўқиганлар. У кишининг умматлари ичида ҳам хушуъ ва хузуъни жойига қўядиганлар кўп бўлган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу) намоз ўқисалар, хушуълари сабабли қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида эса, қушлар у зотни девор ҳисоблаб, устларига қўнар эди. 
    Мазкур оят, ҳадислар ва ривоятлардан хулоса қиладиган бўлсак, ҳар бир мўмин-мусулмон қилаётган ибодатларини хушуъ, хузуъ ва тавозеъ билан адо этмоқлиги лозим. Хушуъ ва хузуъ ила қилинадиган ибодатлар Аллоҳ азза ва жалланинг офияти ва мағфиратига сазовор бўлади. Ундай банданинг қалби нафсий касалликлар бўлган ҳасад, нафрат ва барча мункар фикру хаёллардан покланади. Чунки, хушуъ, хузуъ ва тавозеъ бўлган қалбда уларга жой қолмайди. Мўмин инсон нафақат намоз, рўза, закот ва ҳаж ибодатларида, балки бошқа амалларда, ўзаро муносабат ва муомалаларида ҳам ана шу сифатларга эга бўлиши даркор. Аллоҳ таоло ҳар бир банданинг қилаётган амалларини кўриб, кузатиб туради. Банда ибодатларини Аллоҳнинг кузатиб турганини ҳис қилиб, қабул бўлишига умид қилиб, қабул бўлмай қолишидан қўрқиб адо этиши зарур. У зот ана шундай хушуъ ва хузуъ бўлган қалбдан қилинган ибодатларни қабул қилади. Мазкур сифатларга эга бўлмаган қалб эгалари бирон бир ибодатни ҳузур ҳаловати ва фойдасини ҳис этолмайдилар. Демак, ибодатларни адо этишда қалбдан, барча ўй-фикр ва дунё ташвишларни унитиб У Зот билан сўзлашаётганини ҳис этиши лозим. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Албатта, Аллоҳ сувратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади”, дедилар” (Имом Муслим ва Ибн Можа). 
      Албатта, бир инсон қилган ишни бошқа киши ҳам қилиши мумкин, фақат ихлос ва ҳаракат қилиши лозим. Бугунги кунимизда айнан ибодатларимизда хушуъ, хузуъ ва тазарруъ етишмайди. Шунинг учун бўлса керак, ибодатларимиз талаб даражасида эмас. Бу эса ўз навбатида ҳамма нарсага таъсирини ўтказади. Аллоҳ таъоло айтади: “Ва намозни тўкис адо эт. Албатта, намоз фаҳш ва мункар (ишлар)дан қайтаради” (Анкабут, 450-оят). Мазкур оятдан кўриниб турибдики, намозни тўкис адо этиш керак, намоз билан намознинг фарқи бор.Ҳақиқий намоз ўз соҳибини фаҳш ва мункар ёмон ишлардан қайтаради.Намоз мўминга Аллоҳ таъолонинг мағфирати раҳмати, сокинлик ва хотиржамликни олиб келиши учун уни қалб ҳозирлиги хушуъ ва хузуъни жойига келтириб адо этиш лозим. Агар ибодатларимизда хушуъ ва хузуъ бўлмас экан, у тўкис бўлмайди, у ҳеч қандай фаҳш ва мункар ишлардан қайтаролмайди. Амр ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Усмоннинг ҳузурида эдим. Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: “Қайси бир мусулмон одамга фарз намоз (вақти) келсаю, унинг таҳоратини, хушуъини ва рукуъини яхшилаб адо этса, албатта, у ўзидан олдинги гуноҳларга каффорат бўлур. Модомики, катта гуноҳ қилмаган бўлса, бу доимо ҳамма вақт учундир”, деганларини эшитганман”, деди” (Имом Муслим). 
     Мазкур ҳадиси шарифда ҳам юқоридаги маънолар таъкидлаб келинмоқда. Орадаги фарқи гуноҳларнинг кечирилиши учун намозни яхшилаб, таҳоратини, хушуъини ва рукуъини ўрнига қўйиб ўқишни шарт қилиб қўймоқда. Шундай экан, ҳар бир мўмин банда талаб даражасида хушуъ ва хузуъ ила намоз ўқишга, олий мақомга эришишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро, пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам), саҳобийлар ва аждодларимиз ҳаётидан ўрнак олиши керак. Қилаётган ибодатларимизни хушуъ ва хузуъ ила адо этмоқликни, у ила гуноҳларимиз мағфират этилишини Яратган Зот барчамизга насиб этсин. 

 


Маъруф НОРҚУЛОВ, 
“Баланд” жомеъ масжиди ноиб имоми 

 

www.muslim.uz  

 


Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 66690
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9572