Рўзанинг каффорати
5.1.2018 2545

Ким Рамазон ойининг кундуз кунида рўзадор ҳолида жинсий яқинлик қилса, қасдан таом ва даво бўладиган нарсани1 еса ёки ичса, унинг рўзаси бузилади. Бундай одам рўзанинг қазосини тутади, каффоратни адо қилади. Бунда у ҳеч кимнинг мажбурлашисиз, шаръий узрсиз рўзани очган бўлиб, бундай банда жазога муносибдир. Рўзани узрсиз очишнинг жазоси қазо ва каффоратни адо қилишдир.

Каффорат лозим бўлган киши бир қул озод қилиши, бунга имкони бўлмаса, узлуксиз – рўза ва Қурбон ҳайити бўлмаган вақтда икки ой рўза тутиш, агар бу рўзани тута олмаса, бир кунда икки марта эрталаб ва кечқурун 60 нафар фақирнинг қорнини тўйдириши керак. Олтмиш фақирнинг ҳар бирига ярим соъ бўғдой ёки ун ёки қовурилган ун ёки бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа ё бўлмаса, булардан бирининг қийматини берса ҳам бўлади.

Бу ишлар рўзани қасдан бузиб, лоқайдлик қилган банданинг гуноҳини ювиши билан бирга қул озод қилиш, мискинларга яхшилик қилинишига сабабдир. Бу ишда Ислом кишиларнинг эркинлиги, фаровонлигига қанчалик аҳамият берганини кўришимиз мумкин.

Жумҳур уламолар: “Жинсий алоқада қатнашгани учун аёл ҳам каффорат беради”, деб айтишган.

Қуйидаги ҳолатларда рўза бузилади, рўзанинг қазосини тутиш ва каффорат бериш вожиб бўлади:

1. Таом ва шунга ўхшаш нарсаларни бирон узрсиз истеъмол қилиш. Озуқа сифатида истеъмол қилинадиган барча нарсалар таом сирасига киради.

2. Жинсий алоқа қилиш. Бунда маний тўкилишининг фарқи йўқ. Яъни, рўзадор ҳолида жинсий яқинлик қилиб, шаҳват сувини тўкмаса ҳам, рўзанинг қазосини тутиб, унинг каффоратини адо қилади.

3. Бировнинг ғийбатини қилганидан, қон олдирганидан, аёлини шаҳват билан ушлаганидан ёки ўпганидан, мўйлабини мойлаганидан кейин “рўзам очилиб кетди”, деган хаёл билан қасдан еб-ичиб юбориш.

4. Оғзига кирган ёмғир сувини, хотинининг тупугини лаззат олиш учун ичига ютиши.

Каффоратни бекор қилувчи ҳолатлар.

Рўзаси очилиб, каффорат қилиши керак бўлган одам ўша куни рўза очишни мубоҳ қиладиган касалликка учраса, аёл ҳайз ёки нифос кўрса, каффорат бекор бўлади.

Каффорат лозим бўлган киши ўша кунда мажбурий сафарга чиқадиган бўлиб қолса, каффорат бекор бўлмайди.

Қарилик каффорати.

Рўза тутолмайдиган даражада қари, қувватсиз чол ва кампирлар рўза тутмасликлари жоиз. Бироқ улар бир кунда ярим соъ буғдой миқдорида фидя берадилар. Даволаш имконсиз, тузалмайдиган касалликка чалинган беморлар ҳам қари кишилар ҳукмидадир. Улар ҳам рўза тутиш ўрнига фидя берадилар.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

1 Дори, тамаки, афюн, наша кабилар ҳам рўзани очувчи, каффоратни вожиб қилувчилардир.

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 66690
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

9572