Рўзанинг ҳикматлари
11.7.2015 9647

 

        Рўза тутишнинг ўзига хос ҳикматлари ҳам мавжуд. Бу ҳикматларни рўзадор билмоғи ва тўғри англамоғи лозим. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандасини бир амалга бекордан - бекор буюрмайди, албатта. Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонни буюрган амалларнинг барча сир ва ҳикматларидан тўлиғича воқиф этмади. Аллоҳ таоло: "Сизларга жуда оз илм берилгандир" (Исро, 85 - оят), деган.

 

Одамзотга илм ва тафаккур тоқатига яраша берилди. Одам эса бу оламдаги воқеа -ҳодисаларнинг моҳияти ва сирини тўлиқ билишга қодир эмас. Биринчидан, билишга инсоннинг ақл қуввати заифлик қилса, иккинчидан, сирларни билиш-билмасликдан унга ҳеч қандай фойда бўлмаслиги мумкин. Қолаверса, инсон бир нарсани билиб олгач, унга бошқа қизиқмай қўяди.

 

Инсон табиатида сирли нарсаларга қизиқиш ҳисси кучли бўлади. Шунинг учун бўлса керак, Аллоҳ таоло ўзи буюрган ибодатларнинг ҳамма сиридан бандасини воқиф қилмади. Бир қисмини шу дунёда билдирган бўлса, бир қисмини охиратга сақлаб қўйди. Шу боис банданинг ибодатга қизиқиши асло сўнмайди, ҳар доим уни чин дилдан бажаришга интилади. Масалан, намоз, рўза, ҳаж ва закот каби шариат рукнларини олайлик. Мўмин банда бу ибодатларни адо этишда (иймони бут бўлса) ҳеч қачон зерикмайди. Намоз бадан билан бажариладиган ибодат, закот нафс ёқтирган молидан фақир - муҳтожларга бериш билан боғлиқ ибодат, рўза эса нафсни у ёқтирган нарсалардан тўсиш ва ман этиш билан боғлиқ ибодат. Банда бу амалларни бир умр бажариб юрса ҳам, асло зерикмайди, кўнгли совимайди ва иштиёқи сўнмайди.

 

Аллоҳ таоло ва Унинг Расули рўзанинг бу дунё ва охиратдаги бир қанча фойдаларини айтган. Аммо унинг барча сирларини муфассал баён қилмаслигининг бир қанча сабаблари бор, албатта. Ожиз банда ўша сабаб ва сирларни тўлиғича англаб олишга қодир эмас. Шундай экан, биз ҳам ушбу ўринда рўзанинг ҳикматларини Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билдирганига мувофиқ баён қилишга ҳаракат қиламиз:

             

Биринчи ҳикмат

 

Бу ҳикматга кўра, банда Аллоҳ таоло ризолиги ниятида рўза тутганда нафси ёқтирган таом, ичимлик ва жимоъни тарк қилиш билан қурбат ҳосил этади. Шунингдек Аллоҳга убудияти мукаммаллиги, муҳаббати зиёдалиги ва унинг ҳузуридаги ажр - савобдан умидворлигини амалда намойиш этади. Мана шу ҳолат қайси банданинг нафсига оғирлик қилса, иймони заиф бўлса, рўза қаттиқ машаққат ва қийинчилик бўлиб туюлади. Демак, рўзадор нафси ёқтирган лаззатли нарсалардан бежиз воз кечмайди. Балки келажакда ўзи учун бундан ҳам лаззатлироқ ва ширинроқ таом ва ичимликлар бўлишига ишонади. Фақат бунинг мавжудлиги хусусида инсонда етарли билим бўлса, рўза ҳолатида фоний лаззатдан ўзини тийиш осонлашади.

 

Иккинчи ҳикмат

 

Бу ҳикматга кўра, рўза тақвони оширишда ёрдам беради. Иймонли киши учун тақво жуда ҳам зарур. Тақво эгаси рўза тутиб, ўзини аста - секин синовдан ўтказиб боради. Ҳаттоки у ҳалол таом ва ичимликдан тийилиш, ё хотинига яқинлик қилишда нафс истагини қанчалик жиловлай олишини намоён этиши айнан шу тақво билан боғлиқ. Аслида рўзадор ўзини тийган лаззатли нарсалар ҳаром эмас. Лекин рўза тутиш маҳали маълум вақтгача улардан фойдаланиш ҳаром қилинган. Рўзадорнинг тақвоси кучли бўлса, бундай синовлар пайти ўзини йўқотиб қўймайди ва ўз сабр -бардошининг қувватини билиб олади.

 

Ҳар бир инсон ўзига хос табиат эгаси бўлиб, у ўзи яшаётган муҳит таъсирида яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ўзлаштиради. Кўпинча бунга аҳамият берилмайди. Инсон ана шундай муҳитда яшаб рўза тутиш туфайли яхши амалларини кўпайтириб, ёмон амаллардан воз кечишга киришади. Чунки инсон яшайдиган муҳитда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам ҳар доим ёнма - ён юради. Бунда қайси жиҳат устунлик қилса, инсон феъл - атвори ҳам шунга қараб шаклланади. Рўза ана шундай ҳолларда яхшиликни қабул қилиш ва ёмонликдан воз кечишда ўзига хос кўринмас қалқон вазифасини ўтайди. Кимки рўзадор ҳолида ўзининг камчилик ва нуқсонларини тафтиш қилиб, улардан қутулиш чораларини ўйласа, рўзанинг ҳикматларини англаб олади. Шу боис бу ой тақво, сабр - қаноат ва покланиш ойи, деган бир қанча сифатлар билан тавсифланади.

 

Учинчи ҳикмат

 

Бу ҳикматга кўра, фикр ва зикр учун қалб очиқ бўлади. Чунки қорин ҳар доим тўқ юришга одатланса, бундай ҳолат қалбни қотириб, инсонни фикр ва зикрдан узоқлаштиради ва Аллоҳни танимайдиган қилиб қўяди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар доим оз еб-ичишга буюрганлар. Абу Сулаймон Дороний: "Агар нафс оч қолса ва чанқаса, қалб покланади ва юмшайди. Агар у тўқ бўлса, қалб кўр бўлади", деган экан. Ҳақиқатдан ҳам қорни тўқ одам бора -бора танбаллик, дангасалик ва ҳафсаласизлик касалига мубтало бўлади. У ҳатто қўлини совуқ сувга урмасдан яшашни хоҳлаб қолади. Арзимас уй юмушларини бажаришда қийналади. Бу ҳолат кўпроқ айрим бой-амалдор кишилар ҳаётида кузатилади. Демак, бундай кишилар қалби фикр ва зикрдан бутунлай узоқлашган десак хато бўлмайди. Чунки фикр ва зикр деганда улар ўз нафсини қийнамаслик ва жиндай бўлса ҳам унга малол келтирмасликни ўйлайдиган бўлиб қолади. Демак, рўза инсонни уйғотади, қалбини фикр ва зикрга мойил қилади. Рўза ибодати инсон ўз ҳаддини билиш, туғёнга тушмаслик ва инсоний даражасини сақлашда катта аҳамият касб этади.

 

Тўртинчи ҳикмат

 

Бу ҳикматга кўра, бой ва тўқ яшайдиган кишилар рўза туфайли Аллоҳнинг неъматлари қадрини англайди. Ҳатто ўзи учун оддий ҳолга айланган еб - ичиш ҳам оч қолган маҳалда қанчалик катта неъмат эканини ҳис этади. Шундан кейин у муҳтож қариндош - уруғ ва таниш - билишларини эслаб, уларга ёрдам беришни ўйлайди, фақир - муҳтожлар ҳолидан хабар олади. Умуман олганда, кўпчилик Аллоҳ неъматларини бир ёқлама тасаввур қилади. Мабодо озгина мол - дунё берилса, шуни Аллоҳ берган неъмат деб қаралади. Бундай кишилар Аллоҳнинг неъматларини тор маънода тушунадилар. Ҳаётга тўғри назар ташланса, Аллоҳ ўз неъматларини ҳеч кимдан аямагани, ҳаммага баробар улашгани аён бўлади. Инсон яратилиши – неъмат, унга берилган аъзолар ва уларнинг фаолияти – неъмат, яратилган озуқа, ичимлик ва бошқа нарсалар ҳам ўзига хос алоҳида бир неъмат. Бу саноқни чексиз давом эттириш мумкин. Рўза ибодати инсонга Аллоҳ берган неъматларни кенгроқ тасаввур этишга йўл очади ва ҳақиқий шукр қилишга ўргатади.

 

Бешинчи ҳикмат

 

Бу ҳикматга кўра, рўза туфайли инсон нафсини тийиб, уни ўзига бўйсундиради. Инсонга нафсини тия олиши ҳар доим мушкул бўлган. Тақводор зотлар ҳам нафсини тергаб турган. Нафс бир нарсани хоҳлаб турган вақтда уни қилишдан бош тортган. Шундай қилиш билан нафс жиловини қўлга олганлар. Молик Динор сут ичишни хоҳлаганида қирқ йил сут ичмади. Бир киши унга сут келтирганида сутни бир муддат қўлида тутиб турди - да, у кишига қайтарди ва шундай деди: “Сен ичгил, мен қирқ йилдан бери сабр қилдим. Шунча сабр қилиб энди нафсни истагига етказмайман”.

 

Чунки нафс кўпинча нопок ишларни ҳам кишининг кўзига чиройли қилиб кўрсатади ва сабр-қаноатни хуш кўрмайди. Ҳаётимизда нафс жиловини ўз ҳолига ташлаб қўйиб, турли - туман бало -офат ва мусибатларга учраётган кишилар кўп. Улар нафс нимани буюрса, шуни бажаришни ўзи учун ҳар кунги машғулотга айлантириб олади. Бу тоифа одамлар охир - оқибат нафс истагини қондириш учун бошқа бировларнинг ҳақ - ҳуқуқига тажовуз қилишдан ҳам тоймайдилар. Уларни ўзининг роҳат-фароғати ва айш-ишрати қизиқтиради, шу йўлда қимматли умрини бой берадилар. Шунинг учун ҳам рўза ибодати баднафсликка қарши тўсиқ бўлиб, нафс истагини енгади ва инсонга ўзини танитади.

 

Олтинчи ҳикмат

 

Бу ҳикматга кўра, рўза нафс истагини енгишда ёрдам беради, инсонни ҳаққа бўйсундиради, кибр -ҳавосини кетказади. Нафс истагини енгиб ўтиш осон иш эмас. Бунинг учун дастлаб очлик ва ташналикни бошдан ўтказиш лозим. Оддий очлик ва ташналикка тоқат қила олмаган одам каттароқ лаззатлардан ўзини тийиб туриши мушкул. Таом иштаҳа қўзғаб турган вақтидан бир оз кечикса, қанчалик жаҳл қилиб, безовта бўламиз. Айни чанқаб турган маҳалда бир ҳўплам сув кўзимизга жуда қадрли туюлади, уни ичмасак кўзимизга дунё қоронғу бўлиб кўринади. Ривоятларда, қорин ва фарж дўзахнинг икки эшиги, ким бу икки эшикни ёпса, дўзахнинг икки эшигини беркитади, дейилган. Бир ривоятда Юсуф алайҳиссаломга: "Ер хазиналари қўлингда бўла туриб, нима учун оч юрасан?" дейилганда, у киши: "Очларни унутиб, тўйишдан қўрқаман", деган эканлар.

 

Нафс худди тутқич бермас асов ва ўжар ҳайвон. Агар қорнини тўйдирсанг, у сенга тутқич бергиси келмайди . Агар уни оч қолдирсанг, сенга бўйсуниб, нима ишга буюрса ҳам индамай бажаради. Нафс ҳам шу жонивор сингари ҳамма нарса муҳайё бўлган вақтда қайсарлик қилади. Агар очлик ва ташналик туфайли қийналса, ортиқча ҳою ҳаваслардан тийилиб, ўз ҳолига қайтади ва уни бошқариш осонлашади.

 

Еттинчи ҳикмат

 

Бу ҳикматга кўра, танадаги қон томирлар очлик ва ташналик сабабли тораяди. Шундан сўнг шайтон ҳам баданда юра олмайди. Маълумки, шайтон одам фарзандининг қон томирларида айланиб юриб, уни туғён ва васвасага солади. Рўза ибодати туфайли шайтоний васваса сўниб, шаҳват ва ғазаб қуввати кетади. Шунинг учун Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Эй йигитлар, сизлардан ким уйланишга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни юмувчи ва фаржни сақловчироқдир. Ким унга қодир бўлмаса, ўзига рўзани вожиб қилсин. Албатта, рўза шаҳватни сўндиради", деганлар (Муттафақун алайҳ). Демак, шайтоннинг ҳийла-найранги ва васвасаси нафс билан боғлиқ. У инсонни нафс воситасида турли ёмонликларга ундайди ва ҳалокатга бошлайди. Очлик ва ташналик шайтоннинг ана шундай бемалол ҳаракатига тўсқинлик қилади. Шайтон шундан сўнг ноумид бўлиб, рўза тутган кишини йўлдан оздириш чорасини тополмай қийналади.

 

Саккизинчи ҳикмат

 

Бу ҳикматга кўра, рўза пайти таом ейиш камайганидан ҳазм қилиш аъзолари «дам олади». Бадан тўпланиб қолган турли рутубат ва ортиқча нарсалардан қутулади. Рўзанинг соғлик учун ниҳоятда фойдали экани шу вақтга қадар табиблар томонидан жуда кўп айтилган, муолажаларда амалиётга татбиқ қилинган. Аммо тиб илми ҳам рўзанинг фойдалари ва сирларини тўлиғича очиб беролган эмас. Биз ҳам бунга ортиқча эътибор қаратишдан ўзимизни тиямиз. Чунки мўмин - мусулмон киши рўза тутишда фақат бадан соғлиги ва танага фойда бериш жиҳатларини мақсад қилиб олмайди. Зотан, рўза тутишдаги ният ёлғиз баданга қаратилган эмас. Рўза ибодатидан руҳ ҳам шифо топади. Руҳий шифодан эса дунё манфаати билан бирга охират фойдаси ҳам кўзланади.

 

Рўза тутишнинг ҳикматлари бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Биз ҳозирча шулар билан кифояландик. Шуниси ҳам ҳар бир ақл эгаси учун етарлидир. Аллоҳ ҳаммамизни бу ҳикматлардан воқиф бўлишга мушарраф этсин.

 

Бобомурод Эрали

                                                                                             

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216428
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24556