Рўза тутмасликни мубоҳ қилувчилар
5.1.2018 5599

Аллоҳ таоло Рамазон ойига соғ-саломат етиб келган бандалари рўза тутишлари лозимлигини баён қилган. Ундан кейин рўзага қодир бўлмаган тоифаларни ҳам санаб ўтган. Зеро рўза тутишга ҳамманинг бирдек кучи етавермайди. Ичимизда рўза тутишга қодир бўлмаган, қодир бўлса-да кейинроқ тутиб бериши мумкин ёки лозим бўлган кишилар ҳам бор. Қуйида рўза тутмасликни мубоҳ қилувчи ҳолатларни келтириб ўтамиз.

1. Сафар.

Тонг отмасидан йўлга чиққан мусофир рўза тутмаслиги жоиз. Бироқ ҳамроҳларининг кўпчилиги рўзадор бўлса ва озуқаларини баҳам кўришса, рўза тутиши фазилатлироқ. Ҳамроҳлари рўза тутмаса ва унинг рўзадорлиги бошқаларга малол келса, рўза тутмагани яхши.

2. Касаллик.

Банда касал бўлса ва рўза тутганида касалининг тузалиши чўзилиб кетиши ёки ҳалок бўлиш хавфи бўлса, тузалганидан кейин Рамазон рўзасини тутиб беради. Агар касал одам рўза тутиб, кейин рўзани давом эттиролмаслиги маълум бўлса, оғзини очади ва қазосини тутиб беради.

Бемор одам рўза тута олиш ёки тутолмаслигини ўзи белгиламайди, балки бу нарса моҳир мусулмон табиб томонидан аниқланади. Агар табиб ҳақиқатан унга рўза тутиш мумкин эмаслигини айтса, тутмайди. Акс ҳолда рўза тутиши мумкин. Зеро аксар касалликлар айнан рўза туфайли тузалиши тажрибалар орқали аниқланган.

Рўза тутганида касал бўлиб қолишдан қўрққан одам ҳам касал ҳукмидадир (“Табйин”да шундай дейилган).

3. Аёлнинг ҳомиладор ёки эмизувчи бўлиши.

Агар ҳомиладор аёл Рамазон рўзасини тутиб, кейин кун давомида боласига зарар бўлишидан қўрқиб рўзасини очиб юборса, у туққанидан кейин Рамазон рўзасининг қазосини тутиб беради. Каффорат бермайди. Эмизикли аёл ҳам худди шундай. У хоҳласа рўза тутади, хоҳламаса йўқ. Бунда мазкур икки тоифа бемор ҳукмида бўлади. Маълумки, Аллоҳ таоло Ўз каломида беморлар, рўза тутишга қийналадиганлар Рамазон рўзаси қазосини бошқа кунларда – қодир бўлганларида тутиб беришларини баён қилган.

Бу икки тоифа агар ўзлари ёки болаларига бирон азият етишидан қўрқсалар, рўза тутмасликлари, рўза тутган бўлсалар, кун давомида оғизларини очишлари мумкин. Агар онанинг ўзи ёки боласига азият етиши аниқ бўлса, рўза тутмаслик ёки рўза тутган бўлса, оғизни очиш вожиб бўлади.

4. Аёлнинг ҳайз ёки нифосли бўлиши.

Агар аёл Рамазон кирганида ҳайз кўрса ёки нифосли бўлса, рўза тутмайди. Қачон узрли ҳолатдан чиққандан кейин неча кун қолдирган бўлса, шунча вақт рўза тутиб беради.

Агар аёл ҳайз кўрдим, деб рўзасини очса ва аслида ҳайз кўрмаган бўлса, рўзанинг қазосини тутади ва каффорат беради.

Агар аёл тунда покланиб, тонггача ғусл қилиб олишга вақти бўлса, рўза тутади. Агар поклангач, ғусл қилгунича тонг отиб қолса, рўза тутмайди. Сабаби ҳайздан кейинги ғусл қилиш ҳам ҳайз муддатига киради.

5. Чанқоқлик ва очлик.

Агар рўза тутса ҳалок бўлиш ёки ақлдан озиш даражасига етса, оғзини очиш мумкин бўлади. Сабаби инсон умри азиздир. Ибодатни бажараман деб ўз нафсига зулм қилиш мумкин эмас. Албатта бу нодир ҳолатдир. Чанқоқ ва очлик рўза тутмасликка сабаб бўлиши учун банда ҳалок бўлиши ёки ақлдан озиши аниқ бўлиши шарт. Бундан бошқа ҳолатларда оддий чанқоқлик ёки очлик, умуман сабрсизлик ва бетоқатлик рўза тутмасликка сабаб бўла олмайди.

6. Кексалик.

Рўза тутишга қуввати етмайдиган, йилдан-йилга куч-қувватдан қолиб бораётган жуда кекса одам Рамазон рўзасини тутмайди. Бунинг ўрнига ҳар куни бир мискин қорнини тўйдиради ёки унинг қийматини беради. Бунда хоҳласа, Рамазоннинг бошида, хоҳласа бу ой охирида беради.

Рўза тутолмайдиган чол ва кампирлар рўза тутмаганлари учун бир кунга ярим соъ буғдой миқдорида фидя берадилар. Даволаш имконсиз бўлган касалликка чалинганлар ҳам ўта қари кишилар ҳукмидадир. Улар ҳам фарз рўза учун фидя беришлари мумкин.

Юқорида санаб ўтилган тоифалар, аниқроғи Рамазон рўзасини кейин тутиб берувчилар Рамазондан кейин қодир бўлишлари билан қазони тутиб берадилар. Агар кейинги Рамазон келиб қолиб, ҳали қазони адо қилишга улгурмаган бўлса, аввал вақтидаги Рамазон рўзаси тутилади ва кейин қазо бажарилади. Сабаби аввал қазо тутиладиган бўлса, вақтидаги Рамазон рўзаси ҳам қазо бўлади.

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216797
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24574