Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Солиҳ амаллар истиғфор ўрнига ўтадими? 10.04.2018

Савол:

Ассалому алайкум! Ҳадисларда баъзи амалларни адо қилиш гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлиши айтилган. Мисол учун, таомланишдан кейин ўқиладиган ҳамд маъносидаги дуолар ёки баъзи нафл намозлар, яна нафл рўзалар. Ўша амалларни ихлос ила адо қилган банданинг гуноҳлари кечирилиши ваъда қилинган. Сўрамоқчи бўлганимиз шуки, маълум бир ададларда истиғфор калималарини айтмаётган, лекин ҳадисларда тарғиб қилинган юқоридаги каби амалларни адо қилаётган мусулмон банда қайсидир маънода истиғфор амалини адо қилган ҳисобланадими?

Булим
8960
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Қуръони карим оятлари ва кўплаб ҳадисларда солиҳ амаллар, шунингдек, баъзи синовлар содир этилган гуноҳларга каффорат бўлиши айтилган.

 

عَنْ أَبِي ذَرٍّ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: اتَّقِ اللهِ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعْ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил, ёмонлик ортидан яхшиликни эргаштир. Шунда уни ўчириб юборади ва одамлар билан чиройли хулқ ила муомалада бўл!” дедилар” (Термизий, Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий ва Табароний ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Бу ривоятда гуноҳ иш ортидан савобли амал қилиш билан ўша гуноҳ ўчирилиши, Аллоҳ тарафидан мағфират қилиниши айтилмоқда.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг!” дедим. Шунда у зот: “Аллоҳга тақво қил. Агар бирон ёмон иш содир этсанг, ортидан дарров яхши иш қил. Шунда уни ўчириб юборади”, дедилар. Мен: “Лаа илааҳа иллаллоҳ ҳам ҳасанотларданми?” деб сўрагандим, у зот: “У ҳасанотларнинг энг афзалидир”, дедилар” (Аҳмад, Байҳақий ва Ибн Мардавайҳ ривояти).

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَمَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَالدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким имон билан ва савоб умидида Лайлатул қадрни қоим қилса, аввалги гуноҳлари кечирилади. Ким имон билан ва савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, аввалги гуноҳлари кечирилади” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Доримий, Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти).

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ حَجَّ هَذَا الْبَيْتَ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَمَا وَلَدَتْهُ أُمُّهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَالدَّارِمِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким бу Байтни ҳаж қилса ва нолойиқ сўз ва амал ҳамда бузғунчиликдан сақланса, (уйига) онаси туққан кундагидек (гуноҳлардан пок бўлиб) қайтади” (Бухорий, Муслим, Насоий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

Ривоятнинг зоҳиридан сағира, кабира ва уларга боғлиқ гуноҳларнинг мағфират қилиниши маълум бўлади (Ибн Ҳажар, “Фатҳул борий”).

 

وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا تَوَضَّأَ الْعَبْدُ الْمُسْلِمُ أَوْ الْمُؤْمِنُ فَغَسَلَ وَجْهَهُ خَرَجَ مِنْ وَجْهِهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ نَظَرَ إِلَيْهَا بِعَيْنَيْهِ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ فَإِذَا غَسَلَ يَدَيْهِ خَرَجَ مِنْ يَدَيْهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ كَانَ بَطَشَتْهَا يَدَاهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ فَإِذَا غَسَلَ رِجْلَيْهِ خَرَجَتْ كُلُّ خَطِيئَةٍ مَشَتْهَا رِجْلاَهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ حَتَّى يَخْرُجَ نَقِيًّا مِنْ الذُّنُوبِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَمَالِكٌ وَأَحْمَدُ.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини ривоят қилади: “Агар мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилиб, юзини ювса, юзидан икки кўзи қараб қилган барча гуноҳлари сув билан ёки сувнинг охирги томчиси билан чиқиб кетади. Агар қўлини ювса, икки қўли ушлаб содир этган ҳамма гуноҳлари сув билан ёки сувнинг охирги томчиси билан чиқиб кетади. Агар оёғини ювса, оёғи (билан) юриб содир этган жамики гуноҳлар сув билан ёки сувнинг охирги қатраси билан чиқиб кетади. Шундай қилиб у гуноҳлардан (бутунлай) покланади” (Муслим, Термизий, Молик ва Аҳмад ривояти).

Ушбу ривоятда таҳорат аъзоларни поклаши билан бир қаторда гуноҳларнинг кечирилишига ҳам сабабчи экани айтилмоқда.

Ривоятларда банда бошига тушган мусибатлар ҳам гуноҳларга каффорат бўлиши айтилган.

 

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ وَأَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّهُمَا سَمِعَا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَا يُصِيبُ الْمُؤْمِنَ مِنْ وَصَبٍ وَلاَ نَصَبٍ وَلاَ سَقَمٍ وَلاَ حَزَنٍ حَتَّى الْهَمِّ يُهَمُّهُ إِلاَّ كُفِّرَ بِهِ مِنْ سَيِّئَاتِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَالْبَزَّارُ وَالْقُضَاعِيُّ.

Абу Саид ва Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳумолардан ривоят қилинишича, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар мўмин бандага оғриқ, чарчоқ, касаллик ёки қайғу етса, ҳатто уни ташвишга соладиган муаммо сабабли ҳам унинг гуноҳлари каффорат қилинади”, деб айтганларини эшитишган (Муслим, Аҳмад, Баззор ва Қузоъий ривояти).

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا يَزَالُ الْبَلاَءُ بِالْمُؤْمِنِ وَالْمُؤْمِنَةِ فِي نَفْسِهِ وَوَلَدِهِ وَمَالِهِ حَتَّى يَلْقَى اللهَ وَمَا عَلَيْهِ خَطِيئَةٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الأَدَبِ الْمُفْرَدِ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَأَبُو يَعْلَى وَسَنَدُهُ حَسَنٌ صَحِيحٌ.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мўмин ва мўмина Аллоҳга гуноҳи йўқ ҳолида рўбарў бўлгунича уларнинг жони, фарзанди ва молига муттасил тарзда мусибат етиб туради” (Бухорий[1], Термизий, Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Абу Яъло ривояти. Ҳадис санади ҳасан-саҳиҳ).

Юқорида солиҳ амаллар банда гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб экани ҳақидаги ривоятларнинг баъзиларини келтирилди. Аммо бунда мағфират қилинишнинг шартлари бор. Буни қуйидаги ривоятда кўриб чиқамиз.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الصَّلاةُ الْخَمْسُ وَالْجُمْعَةُ إِلَى الْجُمْعَةِ كَفَّارَةٌ لِمَا بَيْنَهُنَّ مَا لَمْ تُغْشَ الْكَبَائِرُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Беш маҳал намоз ва жума келаси жумагача улар ўртасидаги (гуноҳлар)га каффорат бўлади. Магар кабиралардан сақланса” (Муслим, Термизий, Ибн Можа, Ибн Хузайма ва Байҳақий ривояти).

Демак, ривоятларда зикр қилинган гуноҳлардан мурод кичик гуноҳлар экан. Таҳорат, намоз, рўза каби амаллар банданинг кичик гуноҳларига каффорат бўлади. Аммо кабира гуноҳларнинг кечирилиши учун тавба ва истиғфор шарт қилинган.

Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби эътиқодига кўра, бу бобда айтилган ҳадислардаги гуноҳларнинг мағфират қилиниши кичик гуноҳларга тааллуқли, кабираларга эмас. Мулло Али Қорий “Мирқот”да: “Намоз, рўза ва ҳаж каби амаллар кабира гуноҳларга каффорат бўлмайди. Кабира гуноҳни тўғри қилинган тавба ўчира олади”, деган.

Баъзилар: “Бу амалларни қилиш билан банданинг кичик гуноҳлари мағфират қилинади, катта гуноҳлари енгиллаштирилади. Агар катта ва кичик гуноҳи бўлмаса, даражаси кўтарилади”, дейишган (“Туҳфатул аҳвазий”).

Демак, содир этилган гуноҳга қилинадиган солиҳ амаллар мутлоқ каффорат бўла олмайди. Улар кичик гуноҳларни ўчириши мумкин экан.

Банда хатокор. У ўзи билмаган ҳолда баъзи кичик гуноҳларни содир этиб қўйиши мумкин. Аллоҳ бандага шу қадар меҳрибонки, уни бу гуноҳлардан поклашни банданинг ўзига боғлиқ қилиб қўйган. Яъни банда таҳорат қилса, намоз ўқиса, рўза тутса ёки бирон муаммо ва ташвишга йўлиқса, унинг кичик гуноҳлари ўчирилади. Аммо катта гуноҳларнинг кечирилиши учун қатъий азму қарор билан қилинган тавба шартдир. Масалан, бир банда ўғрилик қилди. У тавба қилиши ва молни ўз эгасига қайтариши керак. Ўғрилик қилган кимса бир марта жума намозида қатнашиб қўйиш билан гуноҳдан покланмайди.

Хулоса қиладиган бўлсак, ривоятларда зикр қилинган солиҳ амаллар банданинг гуноҳларига каффорат бўлади. Аммо бу бандани истиғфордан тўсмаслиги керак. Масалан, бир гуноҳни бехосдан содир этган банда истиғфор айтади ва тавба қилади. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсияларига биноан, бирон савобли амални бажаради. Демак, бунда истиғфор ва тавбани ҳам унутмаслик керак. Гуноҳларнинг ўчирилишига ёлғиз солиҳ амалнинг ўзи кифоя қилмайди. Сабаби банда бўйнида фақат кичик гуноҳлар эмас, катталари ҳам бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Яна Аллоҳ билгувчироқдир. Бунда энг афзали истиғфор, тавба ва солиҳ амални бирга бажарилса, нур устига нур бўлади.

[1] Бухорий ушбу ривоятни “Ал-адабул-муфрад”да келтирган.

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216326
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Солиҳ амаллар истиғфор ўрнига ўтадими? 10.04.2018

Ассалому алайкум! Ҳадисларда баъзи амалларни адо қилиш гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлиши айтилган. Мисол учун, таомланишдан кейин ўқиладиган ҳамд маъносидаги дуолар ёки баъзи нафл намозлар, яна нафл рўзалар. Ўша амалларни ихлос ила адо қилган банданинг гуноҳлари кечирилиши ваъда қилинган. Сўрамоқчи бўлганимиз шуки, маълум бир ададларда истиғфор калималарини айтмаётган, лекин ҳадисларда тарғиб қилинган юқоридаги каби амалларни адо қилаётган мусулмон банда қайсидир маънода истиғфор амалини адо қилган ҳисобланадими?

8960