Фарзандига “Муҳаммад” исмини қўйиш жоизми? 10.12.2016
Савол:Ассалому алайкум, қори ака! Айтишларига қараганда, фарзандга “Муҳаммад” исмини қўймоқчи бўлса, ёнига бирор-бир қўшимча қўшиш керак экан. Яъни, Муҳаммадали, Муҳаммаджон каби. Бу ҳақида аҳли илмлар фикри қандай? Шу тўғрими? Инсонга “Муҳаммад” исмининг ўзини қўйса бўлмайдими? Жавобингиз учун аввалдан раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин!
Булим49298
Ва алайкум ассалом. Мусулмон киши фарзандига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам исмларини қўйиши жоиз. Бунга ҳеч қандай монеълик йўқ. Ҳатто “Муҳаммад” исмининг фазилати ҳақида ҳадислар ҳам нақл қилинган.
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ وُلِدَ لَهُ ثَلاثَةٌ فَلَمْ يُسَمِّ أَحَدَهُمْ مُحَمَّدًا فَقَدْ جَهِلَ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг уч нафар фарзанди бўлиб, улардан бирига “Муҳаммад” исмини қўймаса, аниқ жоҳиллик қилибди”, деганлар” (Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
Бу бобда бошқа ривоятлар ҳам бор.
وَعَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا سَمَّيْتُمْ الْوَلَدَ مُحَمَّدًا فَأَكْرِمُوهُ وَأَوْسِعُوا لَهُ الْمَجْلِسَ وَلاَ تُقَبِّحُوا لَهُ وَجْهًا. رَوَاهُ الدَّيْلَمِيُّ وَالْخَطِيبُ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар болага “Муҳаммад” исмини қўйсангиз, уни ҳурматланг, мажлисда унга кенгроқ жой беринг ва уни “қоббаҳаллоҳу важҳак” (Аллоҳ юзингни хунук қилсин, Аллоҳ сени Ўз раҳматидан узоқлаштирсин!) деган сўзлар билан қарғаманг!” (Дайламий ва Хатиб ривояти. Ривоят санади заиф).
Бу ҳадисга кўра, “Муҳаммад” исмли болакайларни иззат қилиш, уларга озор бермаслик керак. Арабларда бирор киши бирорта ёмон иш қилса, унга “қоббаҳакаллоҳ!” (Аллоҳ сени қабиҳ, раҳматдан узоқ қилсин!) ёки “қоббаҳаллоҳу важҳак!” (Аллоҳ юзингни қора қилсин!) деган қарғиш сўзларни гапириш одат эди. Ушбу ҳадисда фарзандларга Муҳаммад исми қўйилган бўлса, унга нисбатан хунук сўзларни гапирмаслик, уни қарғамаслик ва лаънатламаслик кераклиги таъкидланмоқда. Ҳадисда муайян бир қарғиш ва лаънат тури зикр қилинишининг сабаби бошқача қарғиш билан қарғаш мумкинлигини англатмайди, балки, мазкур лаънат арабларда энг кўп ёйилган қарғиш турларидан бўлганлиги учун ҳам айнан ўша сўз тилга олинган, холос.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تَسَمَّوْا بِاسْمِي وَلاَ تَكْتَنُوا بِكُنْيَتِي. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Менинг исмим билан исмланинглар, аммо куням билан куняланманглар” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган). Ушбу ҳадисга кўра, фарзандига “Муҳаммад” деб исм қўйиш жоиз.
Хулласи калом, “Муҳаммад” исмининг ўзини қўйса бўлади. Унга “жон”, “хон”, “Амин”, “Содиқ”, “Али” каби қўшимча ва исмлар қўшиш шарт эмас. Лекин, қўшимча қўшса ҳам бўлади. Ва фарзандларга “Муҳаммад” исми қўйилган бўлса, уни сўкиш, ҳақоратлаш, уриш ва лаънатлаш, озор бериш ва хафа қилиш яхши эмас. Айниқса, уни “Муҳаммад” исми билан чақирган ҳолда қўпол гапириш яхши эмас. Чунки, бунда қайсидир маънода Набий алайҳиссаломга нисбатан ҳурматсизлик ҳосил бўлади. Валлоҳу аълам!