Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Қиблага оёқ узатиб ухлаш ҳукми 27.09.2017

Савол:

Ассалому алайкум, ҳурматли Устоз! Мен қиблага оёқ узатиш ва қиблага оёқ узатиб ухлаш ҳукми қандайлигини билмоқчи эдим. Яна масжидда ўтириш одоби ҳақида маълумот берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

Булим Одоб-ахлоқ
24852
Жавоб:

Ва алайкум асссалом. Қибла Исломнинг шиорларидан биридир. Қибла мусулмон банда намозда юзланадиган, дуода муборак юзини қаратиб, Аллоҳга илтижо қиладиган тарафдир. Шу сабаб қиблага қараб оёқ узатиш, катта ёки кичик ҳожат чиқариш, тупуриш дуруст эмас. Қиблага қараб ҳожат чиқариш мумкин эмаслиги ҳақида ривоятлар кўп келтирилган. Қуйида шуларнинг баъзиларини кўриб чиқамиз.

 

عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ:قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا أَتَى أَحَدُكُمْ الْغَائِطَ فَلاَ يَسْتَقْبِل الْقِبْلَةَ وَلاَ يُوَلِّهَا ظَهْرَهُ شَرِّقُوا أَوْ غَرِّبُوا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالدَّارَقُطْنِيُّ.

Абу Айюб Ансорий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар биронтангиз ҳожатхонага борса, қиблага юзаланмасин ва у томонга орқасини ҳам ўгирмасин, балки шарққа ёки ғарбга юзланинглар” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Дорақутний ривояти).

Ушбу ҳадисда қазои ҳожат пайтида қиблага юзини ёки орқасини қилмаслик кераклиги таъкидланмоқда. Бу нарса ҳожатхона одобларининг энг асосийларидан биридир.

Ривоятдаги “балки шарққа ёки ғарбга қараб юзланинглар” жумласи Мадина аҳлига тегишли. Улар шу тарафга қараб ўтирсалар, қибла ён томонларида бўлади. Бошқа юртларда қибла айнан шарқ ёки ғарб томонда бўлиши мумкин. Улар бу ҳадиснинг зоҳирига эмас, балки моҳиятига амал қилишлари керак бўлади.

 

وَعَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: رَقِيتُ عَلَى بَيْتِ أُخْتِي حَفْصَةَ فَرَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَاعِدًا لِحَاجَتِهِ مُسْتَقْبِلَ الشَّامِ مُسْتَدْبِرَ الْقِبْلَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ ومُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен опам Ҳафсанинг уйига бордим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларини Шом тарафга ва орқаларини қиблага қаратиб ҳожат чиқараётганларини кўрдим” (Бухорий, Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти).

Бу ривоят ҳақида турли фикрлар айтилган. Жумладан, Ибн Умар кўрган ҳолат бино ичида бўлган ёки бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига хос, деган талқинлар бор. Баъзилар: “Агар ҳожатхона бино шаклида бўлса, у ерда юзни қиблага қаратиш ёки у томонга орқа ўгиришнинг зарари йўқ”, дейишган. Лекин, афзали, хоҳ очиқ жойда бўлсин, хоҳ бино ичида бўлсин, ҳожат чиқариш учун қиблага юзланмаслик ёки орқани қаратмасликдир. Ҳожатхона қураётганда шу жиҳатни эътиборга олиш лозим.

Ҳанафийлардан бошқа жумҳур уламолар фикрича, қазои ҳожат учун мослаб қурилган бино ичида қиблага олди ёки орқасини қилиб ўтириш макруҳ эмас. Бунга улар мана шу ва бошқа ривоятларни далил қилганлар.

Шу каби ривоятлар уламолар томонидан бу бобда турли фикрлар айтилишига сабаб бўлган[1].

Имом Нававий “Саҳиҳу муслим”га ёзган шарҳида шундай дейди: “Уламолар қиблага юзланиб ҳожат чиқариш ҳукми борасида турли фикрлар айтишган:

Биринчиси. Очиқ жойда қиблага юзланиб ҳожат чиқариш ҳаром, бино ичида бўлса, жоиз. Бу Шофеъий ва Молик фикри. Аббос ибн Абдулмуттолиб, Абдуллоҳ ибн Умар, Шаъбий, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ ва Аҳмад ибн Ҳанбаллардан шундай ривот қилинган.

Иккинчиси. Хоҳ очиқ жойда, хоҳ бино ичида бўлсин, бу иш ножоиз. Бу Абу Айюб Ансорий, Мужоҳид, Иброҳим Нахаъий, Суфён Саврий ва Абу Саврлар фикри.

Учинчиси. Очиқ жойда ҳам, бино ичида ҳам қиблага юзланиб ҳожат чиқариш жоиз. Бу Урва ибн Зубайр, Моликнинг шайхи Робийъа ва Довуд Зоҳирийлар фикри.

Тўртинчиси. Очиқ жойда ҳам, бино ичида ҳам қиблага юзланиб ҳожат чиқариш мумкин эмас, аммо у иккисида орқа ўгириб ўтириш жоиз. Бу Абу Ҳанифа ва Аҳмаддан қилинган икки ривоятдан бири”.

Юқорида келтирилган фикрга ҳадиси шарифларда далиллар бор. Имом Нававий Молик ва Шофеъийлар фикрини маъқул кўрган. Шунингдек, Ибн Ҳажар ҳам шу фикрни афзал деб билган ва: “Уларнинг фикри энг адолатлиси”, деган. “Туҳфатул-аҳвазий” муаллифи: “Менинг фикримча, очиқ жойда ҳам, бино ичида ҳам қиблага юзланиб ҳожат чиқариш мумкин эмас, деганлар фикри энг афзал ва энг кучлисидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган чегарага кўра, қибла тарафга юзланиб ҳам, у томонга орқа ўгириб ҳам ҳожат чиқариш мумкин эмас. Бу нарса мутлоқ, бино ва очиқ жойнинг фарқи йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳукмни умматлари учун ҳам ўзгартирмаганлар”, деган. Биз ҳам шу фикрга қўшиламиз[2].

Юқорида қиблага юзланиб ҳожат чиқариш ҳукмини ўргандик. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ўтирганда қиблага оёқ узатиш, қиблага оёғини узатиб ухлаш одобдан эмас. Агар катта ёшли кишиларнинг оёқларида узрлари бўлса, ҳечқиси йўқ. Аммо шунда ҳам одоб юзасидан қиблага оёқ узатмаслик афзал. Яна Аллоҳ билгувчироқдир.

[1] Ибн Ҳажар бу ҳадис ҳақида: “Бу ривоятдан ҳужжат олишга шошилмаслик керак. Сабаби бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари қилган иш, умумий эмас. Бу ҳолат узр сабабидан ёки бино ичида бўлган бўлиши эҳтимолдан холи эмас”, деган.

[2] Шавконий “Найлул-автор”да: “Энг адолатли ҳукм бу ишнинг мутлоқ мумкин эмаслиги, шубҳасиз ҳаром эканидир”, деган. Яна кўплаб уламолар қибла томонга қараб ҳожат чиқариш мутлоқ жоиз эмаслигини баён қилишган.

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216263
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Қиблага оёқ узатиб ухлаш ҳукми 27.09.2017

Ассалому алайкум, ҳурматли Устоз! Мен қиблага оёқ узатиш ва қиблага оёқ узатиб ухлаш ҳукми қандайлигини билмоқчи эдим. Яна масжидда ўтириш одоби ҳақида маълумот берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24852