Ота-онага насиҳат қилса бўладими? 22.03.2017
Савол: Ассалому алайкум ҳурматли домла! Саволим: Агар ота ва оналарнинг бирор амалларида, ҳаракатларида, тадбирларида ва гапираётган гапларида аниқ хатолар, айбу нуқсонлар, ҳатто гуноҳлар кўринаётган бўлса, буларнинг оқибатида хайрнинг ўрнига ёмонлик бўлаётган бўлса, у ҳолда буни сезиб ва англаётган фарзандлар у ота-оналарнинг ҳаракат ва гапларини тўғрилашлари жоизми?
11905
Ва алайкум ассалом. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Каттани ҳурмат қилмаган, кичикка раҳм(-шафқат) кўрсатмаган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармаган биздан эмас!” (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Табароний ва Қузоий ривояти).
Мўмин-мусулмон банда ёши катталарни эъзозлайди, кичикларга раҳм-шафқат қилади. Шу билан бирга, бирон номаъқул ишни кўрганида, амру маъруф ва наҳий мункар қилади, хатони кўра-била туриб индамасдан ўтиб кетмайди.
Аслида амру маъруф ва наҳий мункар ёш билан боғлиқ эмас. Борди-ю, кексалар билиб-билмай ёмон ишларни қилаётган бўлишса, чиройли муомала билан уларга тўғри йўл кўрсатилади. Агар ота-она гуноҳга қўл уришса, шариатга тескари иш тутилса, ҳолатга қаралади. Шароит уларни огоҳлантиришни тақозо этган тақдирда ҳам мулойимлик билан иш тутилади. Бу борада Иброҳим алайҳиссалом бизга ўрнакдир. Қуръони каримда у зотнинг отасига қилган насиҳати келтирилган. Аллоҳ таоло айтади: “Ушбу китобда Иброҳимни зикр қилинг. Ҳақиқатан, у жуда ростгўй пайғамбар эди. Эсланг, у отасига: “Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон нарсада асқотмайдиган бутга ибодат қиласан? Эй ота, ҳақиқатан, сенга келмаган илм-маърифат менга келди. Шундай экан, менга эргашгин, сени ҳақ йўлга ҳидоят қиламан. Эй ота, сен шайтонга ибодат қилмагин! Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлган. Эй ота, ҳақиқатан мен Раҳмон томонидан азоб етиб, шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан қўрқаман”, деганида, (отаси) айтди: “Сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан, эй Иброҳим?! Қасамки, агар тўхтамасанг, албатта, сени тошбўрон қиламан ва мени узоқ вақтга тарк эт!” (Иброҳим) деди: “Сенга омонлик бўлсин. Энди мен Парвардигоримдан сени мағфират қилишини сўрайман. Шак-шубҳасиз, У менга меҳрибон бўлган Зотдир. Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётганингиздан ҳам четланаман ва Парвардигоримга илтижо қиламан. Шояд Парвардигоримга илтижо қилганим шарофатидан бадбахт бўлиб қолмасман, деб умид қиламан” (Марям сураси, 41-48-оятлар).
Демак, ота-онага фақат энг зарур ўринлардагина насиҳат қилишга рухсат этилади. Мисол учун, улар Аллоҳ ва Унинг расулининг амрига ўта хилоф ишларни қилишаётган бўлса, фарзанд дин-диёнатдан хабардор бўлса, ўшанда ҳам ота-онасига оҳиста мурожаат қилинади. Арзимас нарсалар учун ота-онани тергаш тўғри эмас, “ота ундай қилинг”, “она бундай юринг”, деб уларга ақл ўргатилмайди. Фақат, уларни яхши кўрганимиз, охиратда бахтли бўлишларини чин дилдан хоҳлаганимиз учун меҳрибонларимизни огоҳлантириб қўйишимиз мумкин бўлади.
Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси мушрик эди, бут-санамларга сиғинарди. Иброҳим Халилуллоҳ отасига: “Эй ота, мен сенинг ўғлинг бўлсам ҳам, ёшим кичик бўлса ҳам, Аллоҳ тарафидан менга илм берилди. Мен сени тўғри йўлга, жаннат йўлига чақираман”, деди. Отаси бўлса: “Эй Иброҳим, менинг илоҳларимдан юз ўгиртирмоқчимисан? Бўлди, бас қил. Акс ҳолда сени тошбўрон қиламан!” деб дўқ-пўписа қилса ҳам, Иброҳим алайҳиссалом “Саломат бўл. Ҳақингга Раббим Аллоҳдан истиғфор айтаман”, деб яхши муомала қилди.
Бундан чиқди, ҳар қандай ҳолатда ота-онага ширинсуханлик ила муносабатда бўлинади, уларга қўполлик қилиш, ота-онасининг юзига сапчиш, бетгачопарлик қилиш тўғри эмас. Зеро, Аллоҳ таоло бизларга “ота-онангга яхшилик қил, уларга оҳиста гапир, кўнгилларини ол!” деб буюрган, “насиҳат қил, ақл ўргат!” демаган.
Хуллас, ота-онага ақл ўргатилмайди, ҳаёт сабоқлари берилмайди. Чунки, улар фарзандларига қараганда тажрибалироқ, кўпни кўргандирлар. Агар ота-она шариат илмидан бехабар бўлишса, ана ўшандагина уларга мулойимлик билан тушунтирилади.
Кейин, ота-онага буйруқ оҳангида эмас, хабар майлида, яъни, “ота, мана бундай қилинг”, эмас, “ота, Исломда бундай, бу ишни мана бундай қилинади”, деб йўл-йўриқ кўрсатилади. Валлоҳу аълам!