Ўзбек халқининг этник таркиби
16.7.2015 15682

 

        Ўзбеклар Ўрта Осиёнинг қадимги халқларидан бири бўлиб, кўҳна ва бой тарихга, юксак маданиятга эга халқ. Улар сон жиҳатдан ҳам катта.

 Ўтроқ ўзбеклар тожиклар каби Ўрта Осиёнинг энг қадимий халқларидан саналади. Улар Жайҳун (Амударё) ва Сайҳун (Сирдарё) оралағидаги Ўрта Осиё ҳудудида яшаган бақтрийлар, сўғдлар ва хоразмийларнинг авлодларидир.

 

Ўрта аср давридаги ёзма манбаларда Мовароуннаҳрнинг асосий аҳолисини тавсифлаш учун одатда “турк” ва “тожик” атмасидан фойдаланадилар ва бу билан Ўрта Осиёдаги иккита асосий этник бирикмани белгилайдилар. Уларнинг таркибига асрлар давомида турли этник қатламлар кирар эди.

Илк ёзма манбалардаги маълумотларга, шунингдек археологик ва антропологик материалларга асосланиб шуни айтиш мумкинки, бақтрияликлар, сўғдлар, хоразмийлар, фарғоналиклар ва кангуйлар ўзбек элатининг таркиб топишида дастлабки асосий этник қатлам бўлишган. Кейинчалик турли давларда Мовароуннҳарга кўчиб келган қабилалар янги қатлам бўлиб қўшилишган.

 

X аср охири – XI аср бошларида қорахонийлар билан бирга Олтой, Еттисув ва Шарқий Туркистондан Мовароуннаҳрга кўчиб келган бир талай қабилалар: тургашлар, тўхсилар, қорлиқлар, чигиллар, ўғузлар, арғин ва бошқа туркийзабон қабилалар ўлканинг шарқий эрон ва турк тилларида сўзлашувчи аҳолиси таркибини этник жиҳатдан бойитди, туркий этник қатламнинг устунлигини бир қадар таъминлади. Шундай қилиб, Қорахонийлар даврида ўзбек халқи тўла шаклланиб, ижтимоий-иқтисодий ва маданий жиҳатдан ривожланди. Эски ўзбек тилига асос бўлган қорлиқ - чигил лаҳжаси ривож топди ва ёзма адабиёт даражасига кўтарилди. Қорлиқ - чигил лаҳжаси, айтиш мумкинки, шу ўзбек халқининг умумий тили бўлиб қолди. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билик”, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк”, Хожа Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикмат” асарлари мана шу даврнинг ижодий маҳсулидир.

 

XIII асрнинг бошларида, аниқроғи 1219 йили Мовароуннаҳрга Чингизхон катта қўшин билан бостириб кирди. Бу қўшин таркибида мўғуллар билан бир қаторда турклар ва турклашган мўғуллар ҳам кўп эди. Қорлиқлар, жалоирлар, тоторлар, маркитлар, қурловутлар, буркутлар, қўнғиротлар, барлослар, сулдуслар, боёвутлар, баҳринлар шулар жумласидандир. Бу қабилалар, шубҳасиз, ўзбек халқининг этник таркибини янада бойитди. Лекин ўша замонларда, XV асрга қадар булар ўзбек номини олмаган эдилар. Улар турк деб ёки ўз қабилалари номи билан аталганлар.

 

Ўзбекларнинг аждодлари тарихда сезиларли из қолдирдилар. Улар Сомонийлар (819-1005), Чиғатой улуси (1227-1370), Темур ва Темурийлар давлати (1370-1506)нинг ижтимоий - сиёсий ҳаётида катта ўрин эгаллаб келганлар. Ўзбекларнинг аждодлари Салжуқийлар (1038-1194) ва Ғазнавийлар (977-1186) давлатининг ҳарбий-сиёсий таянчи бўлдилар.  Ўзбеклар XVI асрнинг бошларида Шайбонийлар давлати (1500-1601)га асос солдилар. Аштархонийлар (1601-1757) ва Манғитлар (1757-1920) давлатини ҳам асосан улар бошқардилар. Қўқон (1709-1876) ва Хива (1512-1920) хонликлари ҳам ўзбекларнинг давлати эди.

 

XI-XII асрларда таркиб топган ўзбек элатига кейинчалик янги қатламлар келиб қўшилган. Бу даврда кўплаб турк - мўғул қабилалари, шу жумладан аср бошларида Шайбонийхон бошчилигида Дашти Қипчоқдан Мовароуннаҳрга кўчиб келган қабилалар ўзбек элати таркибига кирган энг муҳим қатламдирлар.

 

Ҳозирги Ўзбекистон ерларидан турли даврларда бошқа элатлар – юнонлар, араблар, мўғуллар ҳам яшашган. Улар маҳаллий аҳоли билан қўшилиб, аста - секин сингишиб кетишган. XVI асрда ва шундан кейин қорақалпоқлар, қозоқлар, туркманлар ва қирғизлар гуруҳ - гуруҳ бўлиб, баъзан эса маҳаллий аҳоли билан қўшилиб яшашган. Асрлар давомида турли ҳалқларнинг вакиллари ўзаро хўжалик ва маданий алоқаларда бўлиб келишган.

 

“Ўзбек” этнонимининг келиб чиқиши ва моҳияти

 

XVI аср бошларида Мовароуннаҳрга кўчиб келган турк - мўғул қабилалари “ўзбек” номини олиб келишди. Кейинчалик бу ном этгик аҳамият касб эта бошлади. Аммо, бундан ўзбек элат сифатида XVI асрнинг бошларидагина шаклланди, деган маъно келиб чиқмайди. Халқнинг тарихи унинг номидан қадимийроқ бўлишини тасдиқловчи мисолларни бошқа кўпгина мамлакатлардан ҳам келтириш мумкин. Ана шундай мисоллардан бири Мовароуннаҳрдир.

 

Ҳозирги Ўзбекситон ерларидан кейинчалик ўзбеклар деб аталган аҳоли жуда қадим замонлардан яшаб келган.

 

XIII асрнинг 80-йиллари – XIV асрнинг бошларида “ўзбек” атамаси Дашти Қипчоқнинг турк - мўғул кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳолисининг умумий номи сифатида араб ва форс тилидаги асарларда қўллана бошланди.

 

“Ўзбек” этнонимининг келиб чиқиши ва моҳияти хусусида турли фикрлар мавжуд. Олимларнинг бир гуруҳи бу атаманинг келиб чиқишини Олти Ўрданинг машҳур ҳокими Ўзбекхон (1313-1342) номи билан боғлайдилар. Бошқа бир гуруҳ олимлар “ўзбек” атамаси Дашти Қипчоқнинг шарқий қисмида вужудга келган ва бу ерда яшовчи барча турк - мўғул қабилаларига нисбатан қўлланилган деб ҳисоблайдилар. Учинчи гуруҳ тадқиқотчилар эса Дашти Қипчоқдаги турк - мўғул аҳолиси учун умумий ном сифатида “ўзбек” атамаси XIII асрнинг охирида, яъни Ўзбекхондан илгари вужудга келган, деб таъкидлайдилар.

 

Аммо, деярли барча тадқиқотчиларнинг фикрича, XVI асрнинг бошларида Дашти Қипчоқдан Мовароуннаҳрга кўчиб келган турк-мўғул қабилаларининг бир қисми аста - секин маҳаллий турк аҳолиси билан сингишиб кетиб, турк аҳолиси таркибига сўнгги асосий қатлам бўлиб қўшилди ва шу билан бирга уларга ўз номини берди.

 

Шимолдан келган кўчманчи қабилалар аста - секин ўтроқ бўла бошладилар. Улар Мовароуннаҳрга келган дастлабки йилларидаёқ Самарқанд, Бухоро ва Ўрта Осиёдаги бошқа марказларнинг аҳолиси сингари кўчманчи зодагонларнинг ва шайбонийлар янги ҳукмрон сулоласининг вакиллари сифатида тилга олинадилар. Аммо, кўчиб келган қабилаларнинг бир қисми анча вақтгача кўчманчилик ва яримкўчманчилик турмуш тарзини тарк этмадилар.

 

Кўчманчиларнинг қишлоқ деб аталадиган илгариги қишки манзилгоҳлари аста - секин доимий истиқомат жойига айлана бошлади. У ёки бу қабила ўтроқ бўлиб қолган жойлар шу қабила номини ола бошлади. Қўнғирот, Манғит, Қипчоқ, Мажар, Дўрмон ва шу сингари аҳоли яшайдиган жойларнинг номи ана шу тарзда келиб чиққан.

 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мураккаб этник жараён умуман шунга олиб келдики, Дашти Қипчоқ қабилалари аста - секин “ўзбек” деган умумий ном билан атала бошладилар ва бу ном Ўрта Осиё икки дарё оралиғидаги қадимий ўтроқ турк тилида гаплашадиган аҳоли томонидан қабул қилиниб, унинг илгариги “турк” номи ўрнига ишлатила бошлади. XVI асрнинг охирларида Бухоро хонлигининг бутун аҳолиси (Дашти Қипчоқ ўзбекларидан ташқари) турклар ва тожикларга бўлинган бўлса, кейинчалик, XVII асрнинг охирларида тарихчилар фақат ўзбеклар ва тожикларни тилга оладилар. Бундан кейинги асрларда ҳам этник марказлашув жараёни давом этди.

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216802
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24574