Заҳириддин Муҳаммад Бобур
14.2.2016 5049

    Мустақилликка эришганимиздан сўнг юртимизда илм-фанга, таълим соҳасига бўлган эътибор янада кучайиши билан бирга, миллий қадриятларимиз, урф - одатларимизни қайта тиклаш, миллий ўзлигимизни англаш ва дунёга танитишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аждодларимиз руҳини ёд этиб, уларнинг таваллудларини кенг нишонлаш шулар жумласидандир.
    Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, давлат арбоби, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиз таваллудларининг 533 йиллиги бу йил ўлкамизда кенг нишонланмоқда.
     Бобур Мирзо барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқҳ, араб ва форс тилларини ёшликдан ўрганди. Илм-фанга, шеъриятга ихлос қўйди. Отасидан эрта ажраган Бобур Мирзо оиланинг тўнғич фарзанди сифатида 12 ёшида тахтга ўтирди. Буюк аждодимиз ҳаёти фаолияти давомида юритган оқилона сиёсати, ҳарбий маҳорати, Ҳиндистон замирида буюк давлатчиликни бунёд этиши унинг улуғ саркарда, буюк давлат арбоби эканлигидан далолатдир.
     Бобур Мирзо ўзининг ёзган асарлари, шеърлари ва рубоийлари билан мумтоз адабиётимиз равнақига ҳам улкан ҳисса қўшди. Ёшлигидан ҳазрат Алишер Навоий билан ёзган ёзишмалари ҳанузгача кўпчиликни ҳайратга солади. Мирзо Бобур энг оғир дамларда ҳам ижоддан чекинмади, доим илм аҳлини ўз атрофига жамлаб уларга ҳомийлик қилар ва рағбатлантирар эди.
      Кўплаб ғазаллар, рубоийлар муаллифи бўлган саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур етук диний билимлар эгаси ҳам эди. Бобур Мирзо Ҳиндистонга юришлари даврида ўзининг “Мубайян” асарини яратди. Кўпгина илмий ва адабий манбаларда “Мубаййин” номи билан келган асарнинг асли номи “Мубайян” бўлиб, “Мубаййин” бу унга ёзилган шарҳнинг номидир. Маснавий тарзида ёзилган ушбу асар ҳанафий фиқҳига оид бўлиб, унда ислом динининг беш асоси фарз-иймон, намоз, закот, рўза ва ҳаж масалалари батафсил ёритилган. Бу асарни муаллиф ўз фарзандлари Ҳумоюн ва Камрон Мирзоларга дастуруламал сифатида ёзган. Баъзи манбаларда бу асар “Фиқҳи Бобурий” деб ҳам юритилади. Ушбу асарни Бобур Мирзо ўз фарзандлари учун ёзган бўлсада лекин у бу билан бутун халққа ислом динининг асосини таълим беришни хоҳлаган. Асарнинг биринчи бобида иймон эътиқод масаласи, иймоннинг шартлари батафсил ёритилган. Иккинчи намоз бобида эса намознинг фарзлари, таҳорат масаласи, таҳоратнинг фарзи, суннати, одоблари, сувларнинг ҳукмлари, таҳоратда ўқиладиган дуолар, нафл ва суннат намозлар каби масалалар батафсил ёритилган. Шу каби кейинги закот, рўза ва ҳаж масалаларига оид бобларда ҳам бу ибодатларнинг энг нозик ва аҳамиятли жиҳатлари ҳадислар асосида ёритиб берилган. Ушбу асарнинг матни назмий яъни шеърий ифодаланиши ҳам аждодимизнинг ниҳоятда етук шоирлигидан дарак беради. Асарнинг дуо матнлари ҳам ишончли ҳадис китоблардан яъни машҳур олти муҳаддиснинг китобларидан танлаб олинганлиги ҳам илмий тадқиқотларда маълум бўлган.
     Бобур Мирзо ўз фаолияти давомида араб хатини соддалаштириб “Хатти Бобурий” деган ёзувни ишлаб чиққани ва шу хатда Қуръони каримни кўчиртириб Маккайи мукаррама маъмурларига юборгани ҳам ватандошимиз диний илмларга муҳаббатли ва уларни пухта эгаллаган олимлардан эканлигига далилдир.
      Мустамлака даврида ушбу асар матни ва мазмуни халқдан яширилди ва сир тутиб келинди. Мустақиллик шарофати ва давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан истиқлол йилларида аждодларимиз илмий меросини чуқур ўрганилишга қараилган чора тадбирлар натижасида мазкур асар олимларимиз томонидан тадқиқи этилди ва бир неча бор нашр этилди.
       Буюк аждодларимизнинг барчалари нафақат давлат арбоби ёки шоир бўлиш билан диний билимлар эгаси, олими замон ҳам бўлишган. Ўз фаолиятларида оқу - қорани, ҳалолу - ҳаромни, яхши - ёмонни ажрата олишган. Мустаҳкам иймон, ҳар бир ишда ҳалоллик, адолат каби тамойилларга оғишмай амал қилишлари ҳам балки уларнинг номлари бугунги кунимизгача тарих саҳифаларида фахрла эсланишига сабабдир.



Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси
Абдувалиева Комила

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216194
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24531