Яхши феълли хотинлар дўстларга муборак бўлсин
20.1.2016 3412

   Қози Шурайк тобеинлардан Шобий ҳазратларига шундай насиҳат берди:

—    Эй Шобий, агар уйлансанг, Бани Тамим қабиласидаги бир қизга уйлан. Улар қизларига яхши тарбия беришади.

Шобий:

—     Қаердан биласан? — деб сўради.

Қози Шурайк тушунтирди:

—     Ёш ва бекорчилик пайтларимда Банн Тамим қабиласи томонга борган эдим. Қайтиб келаётиб, қари бир аёл билан ёш қиз ўтиришганини кўрдим. Қиз ғоятда чиройли, латофатли кўринар эди. Қизни яқинроқдан кўрмоқ учун сув ичиш баҳонасида уларнинг олдига бориб, сув сўрадим. Аёл қизга сув олиб келишни буюрди. Сув ичгач, ул хотиндан:

—     Бу қиз кимнинг қизи, исми нима, — деб сўрадим.

Кекса аёл:

—     Бу қиз Худоёрнинг қизидир, исми Зайнаб, — деди.

—     Турмушга чиққанми?

—     Йўқ, турмуш қурмаган.

—     Аллоҳнинг амри ила менга берасизми?

—    Куёв бўладиган бўлсанг, сўраб-суриштириб, лойиқ бўлсанг берамиз, — деди.

   У ердан уйимга келдим. Қизни кўргим келди. Унга уйланишни ихтиёр этдим. Қариндошимдан бирини олиб, қизнинг амакиси олдига бордик ва мақсадимизни айтдик. У ерда қизни суриштирдик. «У сенга муносиб», дедилар. Никоҳ бўлгандан кейин, Бани Тамим қабиласининг аёллари қандай эканлигини яхши билмайман, бошқа-бошқа муҳит, бошқа қабила одамларимиз, деб чин дилимдан пушаймон бўлдим. Лекин ҳеч кимга айтмай, охири бахайр бўлар, деб кутдим. Уйландим, келинни олиб келдик. Кечаси қиз (келин) менга:

—     Афандим, бу оқшом куёв икки ракъат намоз ўқиши керак. Аллоҳ ризоси учун ўқиладиган бу намоздан кейин келиннинг хайрли ва бахтли бўлишини тилаши, Жаноби Ҳақдан эзгуликлар, баракот ниёз этмоғини тилаши суннатдир, — деди.

—     Хўп, майли, — деб икки ракъат намоз ўқидим. Саломдан кейин қарасам, у ҳам намоз ўқимоқда. Намозларимизни ўқиб бўлгач, қиз менга бундай деди:

— Афандим, мен саҳройи бир муҳитнинг қизиман, Сиз эса бошқа муҳитда тарбия топгансиз. Тақдир бизни бирлаштирди. Сизга ўз муҳитингиздан бир қиз, менга эса ўз қабиламдан бир йигит топилар эди. Аммо тақдири илоҳий шундай экан, бир-биримизнинг феъли-атворимиз ва ахлоқимизни билмаганимиз ҳолда тақдир ҳукми билан оила қурдик. Сиздан илтимосим, яхши кўрадиганингиз ва мамнун бўладиганингиз нарсаларни менга айтиб қўйсангиз. Сизнинг истагингизга мос хизмат қиламан, ёқтирмайдиган ва хуш кўрмайдиган ҳолларни ҳам айтиб қўйинг, токи мен улардан сақланай. Шундан кейин Сиз менга лутф этиб, мулойим феълли бўлинг, мен ҳам Сизга хотинлик вазифаларимни ўрнига қўймоқ учун астойдил ҳаракат қилай. Агар мен ўз вазифамни бажармай, танбаллик ва итоатсизлик қилсам, мени отамнинг уйига қайтариб юборишингиз мумкин. Бунинг учун ҳеч хафа бўлмайман. «Бошга тушганни кўз кўрар», «Бошга тушса йиғламас», дейдилар. Мен Сиздан шуларни илтимос қиламан. Жаноби Ҳақдан бир-биримиз учун хайрли ва баракотли турмуш қуришимизни тилайман. Исломий бир оила ҳаёти ила яшамоғимиз учун дуо қиламан.

Мен:

— Хоним, сен менга шундай бир пурмаъно сўзлар айтдингки, агар айтганларингни адо этсанг, мени толеи баланд ва бахтиёр этасан. Агар сўзингда турмасанг, аҳвол бошқача бўлади. Мен ушбуларни истайман. Бундай нарсаларни севаман, ундайларни ёқтирмайман. Мен орзу қилганларимни адо эт, хуш кўрмаганларимни яшир, кўрсатма.

Қиз:

—     Қариндошларимнинг келиб-кетишларини хоҳлайсизми?

Мен:

— Узоқ турмаслик шарти билан майли, лекин тез-тез келишини хоҳламайман.

Қиз:

—     Қўшниларимдан кимлар кириб-чиқа олади? Хоҳламаганингиз билан кўришмайман.

Мен:

—     Фалон қўшнилар чиқиши мумкин. Улар номусли ва диндор одамлардир. Фалон кимсаларни хоҳламайман, уларнинг ҳаёти яхши эмас, исломий эмас. Ундайларнинг уйимизга келишлари яхшилик келтирмайди. Бундай мезонлар билан қурилган оила қисқа вақт ичида бир жаннати хонадон бўлади..

Бирор йил ўтгач, бир кун уйимга келсам, бир кекса аёл меҳмон бўлиб ўтирган эди. У уй соҳибасига: «Қизим, бундай қил, ундай қилма», деб насиҳат қилар эди. Мен хотинимдан:

—     Бу ким? — деб сўрадим.

Хотин:

—     Қайнонангиз, — деди. Мен қайнонамнинг қўлини ўпиб, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатдим.

Кекса аёл:

—    Хотинингдан мамнунмисан? — деб сўради.

Мен:

—    Жуда мамнунман, Аллоҳ сизлардан рози бўлсин, жуда ҳам яхши фарзанд етиштирибсиз. Бундан яхшиси бўлмайди, ниҳоятда мамнунман, — дедим.

Бунга жавобан қайнона:

—     Мен уни жаннатдай оила гўшасида ўстирганман, ўғлим. Аёлнинг бадфеълидан Аллоҳ сақласин. Қариндошларимиз сизни кўргани келишмоқчи, қачон келишсин? — деб сўради.

Мен:

—     Истаган кунлари келишсин. Уйимнинг тўри уларники, — дедим.

Қайнона ҳар йили бир марта келиб, насиҳатлар қилиб кетаркан. Қози Шурайк у хоним билан роса йигирма йил турмуш қурди. Бу вақт ичида хотинининг бирорта айбини кўрмади.

 

Юсуф Товаслийнинг “Ҳикматлар хазинаси” китобидан

www.qadriyat.uz  

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 70800
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

10583