Улуғ насаб
16.7.2015 5463

 

      Инсонларни Аллоҳнинг ҳақ йўлига мушарраф этган пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳ, оналари Омина эди. Омина қурайш қабиласи Зуҳра жамоасига мансуб Ваҳбнинг қизи эди. Абдуллоҳнинг отаси Абдулмутталиб қурайш қабиласининг мўътабар оқсоқолларидан бўлиб, қабиладошларининг бошига мушкул иш тушганда тўғри йўл - йўриқ кўрсатар, катта ишларда одамлар ҳамиша унинг пешини тутишарди.


Онаси Фотима махзум жамоасига мансуб Умарнинг қизи эди. Абдулмутталибнинг отаси Ҳошим, онаси Салмо бўлиб, у хазраж қабиласи, нажжор жамоасига мансуб Амрнинг қизи эди. Ҳошимнинг отаси Абдуманоф, онаси эса Отика эди. Отика Суламий жамоасига мансуб Мурранинг қизи эди. Абдуманофнинг отаси Қусай, онаси Ҳубба бўлиб, у ҳузоъа жамоасига мансуб Ҳулайлнинг қизи эди.

Жоҳилият* даврида Байтуллоҳ хизматини бошқариш, зиёратга келувчиларни овқат ва сув билан таъминлаш, қурайш қабиласининг маслаҳат йиғинларини очиш Қусайнинг қўлида эди. Бундай йиғинлар унинг уйида ўтказилар, жангларда туғ кўтариш ҳуқуқи ҳам унинг ихтиёрида, эди. Қусай жон таслим қилаётган чоғида бу вазифаларни ўғли Абдуддорга топширди. Лекин Абдуманофнинг авлоди амакиси Абдуддорнинг бундай фахрли лавозимни эгаллашига норозилик билдиришди. Улар ўртасидаги келишмовчилик катта можарога айланиш хавфи туғилганда икки томоннинг оқил кишилари кенгашиб, Абдуманоф авлодига Байтуллоҳ зиёратига келувчиларни замзам суви ҳамда овқат билан таъминлаш ҳуқуқини берди. Байтуллоҳни бошқариш ҳуқуқи Абдуддор авлодида қолди. Бу ишга шариат ҳам рухсат берди, Бу вазифа ҳанузгача шу авлоднинг илкида.


Туғ қадаш Абдуддорнинг бир авлодидан иккинчисига ўтаверди, фақат Ислом дини келгач, бу вазифа халифанинг ихтиёрига ўтиб, ҳукмдор ўзи муносиб кўрган кишини тайин этадиган бўлди. Маслаҳат кенгашлари ва фармон чиқариш ҳуқуқи ҳам халифага берилди. Қусайнинг отаси Килоб, онаси Фотима яманлик Аздушануа қабиласидан бўлмиш Саъднинг қизи эди. Килобнинг отаси Мурра, онаси Ҳинд эди. Ҳинд эса Фиҳр ибн Молик жамоасига мансуб Сарирнинг қизи эди. Мурранинг отаси Каъб, онаси Ваҳшия Фиҳр жамоасидан бўлмиш Шайбоннинг қизи эди. Калбнинг отаси Луай, онаси Мория қузоъа қабиласига мансуб Каъбнинг қизи эди. Луайнинг отаси Ғолиб, онаси хузаъо жамоасига мансуб Амрнинг қизи Салмо эди. Ғолибнинг отаси Фиҳр, онаси Ҳузайл қабиласидан бўлмиш Саъднинг қизи Лайло эди. Кўпгина ривоятларда Фиҳр Қурайшнинг ўзи, қурайшлар Фиҳрнинг авлоди дейилади.


Қурайш қабиласи ўн икки жамоадан иборат: Абдуманоф жамоаси, Абдуддор ибн Қусай жамоаси, Асад ибн Абдулъуззо ибн Қусай жамоаси, Зуҳра ибн Килоб жамоаси, Махзум ибн Яқиза ибн Мурра жамоаси, Тайм ибн Мурра жамоаси, Адий ибн Каъб жамоаси, Саҳм ибн Ҳусайс ибн Амр ибн Каъб жамоаси, Омир ибн Луай жамоаси, Тайм ибн Ғолиб жамоаси, Ҳорис ибн Фиҳр жамоаси, Муҳориб ибн Фиҳр жамоаси. Улардан Маккада ўтроқлашганлари сой қурайшлари, шаҳар атрофига жойлашганлари эса сиртдаги қурайшлар дейилади. Фиҳрнинг отаси Молик, онаси журҳумлик Ҳарснинг қизи Жандала эди. Моликнинг отаси Назр, онаси Қайс Айлонга мансуб Адвоннинг қизи Отика эди. Назрнинг отаси Кинона, онаси Мурр ибн Однинг қизи Барра эди. Кинонанинг отаси Хузайма, онаси Қайс Айлонга мансуб Саъднинг қизи Авона эди. Хузайманинг отаси Мудрика, онаси қузоъалик Асламнинг қизи Салмо эди. Мудриканинг отаси Илёс, онаси шараф ва обрўъда зарбулмасал бўлган Хиндаф эди. Илёснинг отаси Музар, онаси Рабоб Жунда ибн Маъднинг қизи эди. Музарнинг отаси Низор, онаси Савда Акнинг қизи эди. Низорнинг отаси Маъд, онаси Муона журҳумлик Жавшамнинг қизи эди. Маъднинг отаси эса Аднон эди.


Муҳаммад алайҳис - саломнинг насл - насаби ҳақида тадқиқотчи олимлар ва муҳаддислар шундай якдил фикрга келишган. Шунингдек, улар Адноннинг аждодларини санаш дуруст эмас, деб ҳисоблашади... Қисқаси, пайғамбар алайҳис - саломнинг насл - насаби Иброҳим алайҳис - саломнинг араблашиб кетган ўғли Исмоилга бориб туташади. Бундан кўринадики, Расулуллоҳнинг аждодлари пок, мўътабар ва нуфузли кишилар бўлган. Пайғамбар бўлишнинг энг зарур шартларидан бири насл - насабнинг тоза бўлишидир. Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг аждодларини жоҳилият давридаги нопок ишлардан, бузуқликлардан, разолатдан ўз ҳифзу ҳимоасига олиб асраган.



Манба: Муҳаммад Хузарийнинг “Нурул - йақийн” номли китобидан

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216436
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24556