Ўткир Ҳошимов: бадиий ижодга назар
13.7.2015 4360

 

Худо кўнглига солмагунича ҳақиқий ёзувчи қўлига қалам олмайди.

 

* * * * *

 

Қаламкашга қишлоқнинг қалби, шаҳарнинг ақли керак.

 

* * * * *

 

Ёзувчилик икки фоиз талант, тўқсон тўққиз фоиз меҳнатдир, деган гап тўғри бўлса, дунёдаги ҳамма чумолилар ёзувчи бўларди!

 

* * * * *

 

Ижод – юз метрли масофани ким ўзарга югуриб ўтиладиган спринтерлик мусобақаси эмас, узоқ ва машаққатли йўлдир.

 

* * * * *

 

Ҳақиқий денгизчи уммонда ўзини қанчалик эркин ҳис қилса, ҳақиқий ёзувчи ҳам сўзлар уммонида шунчалик эркин сузиши керак. Тўртта жумла ёзмай туриб, уёғига сўз тополмай қоладиган одамдан ёзувчи чиқмайди.

 

* * * * *

 

Ҳаётнинг бошқалар кўрмаган томонини кўриш – талант. Ўша нарсани қандай кўрган бўлса, шундайлигича тасвирлаш талантсизликдир. Ҳақиқий истеъдод бошқалар кўрмаган нарсани топади ва ўша “нарса” инсонни, халқни, борингки, жамиятни қаёққа бошлаши мумкинлигини тасвирлаб беради. Илмий тилда айтадиган бўлсак, ҳаёт ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга айлантиради. Талант дегани – шу...

 

* * * * *

 

Ўз халқи танимаган, ўз халқи севмаган ёзувчини жаҳон китобхони севишига ишонмайман.

 

* * * * *

 

Иккита энг холис ҳакам – Китобхон ва Вақт синовидан ўтган асар ҳақиқий асардир.

 

* * * * *

 

Ўқувчи асар қаҳрамонларини тирик одам деб қабул қилса, уларнинг қувонч ва изтиробларига шерик бўлсагина ўша ҳақиқий асардир.

 

* * * * *

 

Изтироб чекиб ёзилган асар роҳат қилиб ўқилади.

 

* * * * *

 

Ёзувчининг ўқувчига айтадиган дарди қанча кучли бўлса, асар тили шунча бийрон бўлади.

 

* * * * *

 

Ёзувчи ўзи ҳис қилган ҳамма нарсани тўла - тўкис қоғозга тушира олмайди. Китобхон қоғозга тушганларнинг ҳаммасини тўла-тўкис ҳис қилолмайди. Бинобарин, китоб ёзаётган қаламкаш ҳаяжони китоб ўқиётган ўқувчи ҳаяжонидан ўн карра кучлироқ бўлади.

     

Асар ўқиётганингизда жиндай табассум қилсангиз, билингки, ўша саҳифаларни қаламкаш ростмана кулиб ёзган. Китоб ўқиётганингизда кўзингизга бир қатра ёш келса, билингки, қаламкаш ўша саҳифаларни ростмана йиғлаб ёзган.

 

* * * * *

 

Мактаб ўқитувчисининг сўзи ўттиз болага етиб боради. Дорилфунун домласининг сўзи юз талабага етиб боради. Нотиқнинг сўзи минг тингловчига етиб боради. Қаламкашнинг сўзи бир йўла ўн минг, юз минг китобхонга етиб боради. Демак, унинг сўз масъулияти ҳам бошқаларникидан минг ҳисса ортиқроқдир.

 

* * * * *

 

Адиблар улуғ ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг ушбу сўзларини ижодхона пештоқига ёзиб қўйсалар арзийди. “Адабиёт атомдан кучли. Унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак!”

     

Мунаққидлар устоз Озод Шарафиддиновнинг ушбу сўзларини шиор қилиб олсалар арзийди. “Танқидчи ижод боғига болта эмас, тоққайчи кўтариб кириши керак!”

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216398
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553