Террорчилар инсониятни йўқ қилмасдан аввал, инсоният терроризмга барҳам бериш керак
11.7.2015 6033

Яқин Шарқда ўзини “Ислом Давлати” деб атовчи гурухнинг таъсир доираси тобора кенгайиб бормоқда. Бу гуруҳ ғояларини тушуниб етмаган ёшлар қўлига қурол олиб, ислом “ақидалари”ни ёйишга “интилмоқда”. Яқин Шарқда тажриба ортирган хорижий ёлланма жангариларнинг ватанларига қайтиб борганидан сўнг янада баттар вахшийлашишига шак - шубха йўқ. Кўзни каттароқ очадиган вақт келмадими? Чаласавод, диний ақидапараст, экстремист ва террорчиларга қарши кураш мақсадида қўлга қалам олишга қарор қилдим.


Куни кеча Нигериянинг Майдугури шаҳридаги масжидда ўзини ўлимга маҳкум қилган жангари портлаш уюштирди. Бунинг оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлиб, 30 киши жароҳат олди. Бундан аввал “Боко Харам” жангарилари Майдугури атрофига хужум қилган эди. Бу икки ҳодиса янги президент Муҳаммад Бухарининг қасамёд қабул қилганидан бир кун ўтиб юз берди. Маълумки, у “Боко харам” жангариларини “ақлсиз ва худосизлар” деб атаган эди. 22 май куни Саудия Арабистонидаги Аль - Кудейх қишлоғидаги масжидда портлаш юз берди. Орадан бир ҳафта ўтиб - 29 май куни жангарилар подшоҳликнинг Дамам шаҳридаги масжидда портлаш уюштиришди. Хар икки портлашда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, жароҳат олди.


Ўзини “шариат билимдонлари” деб атовчи жангарилар ибодатхоналарга хужум қилиш муқаддас Қурьон Каримда ҳам, Ҳадиси Шарифда хам йўқлигини билишармикан?! Динимида ҳар бир мўмин - мусулмон - у ҳоҳ аёл, ҳоҳ эркак бўлсин билим олиши шарт дейилади. Бу борада Қурьони Каримдаги “Иқра” (“Ўқи”) деган оятини, пайғамбаримизнинг “Хитойда бўлса ҳам илм изла” деган ҳадисларини эслашнинг ўзи кифоя. Лекин жангарилар нима қилишаяпти? Масжид ва ўқув даргоҳларида қўпорувчилик уюштирмоқда.


Кениянинг Гарисса шаҳридаги университет ётоқхонасида юз берган террор ҳодисасини бир эслаб кўрайлик. “Ал Қоида” террор тармоғи билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келадиган “Аш Шабаб” гуруҳи (тўлиқ номи — "Ҳаракат аш - Шабаб аль - Муджахидин”) яъни “Ёш мужоҳидларнинг ҳаракати” жангариларининг ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган 147 талабанинг, жароҳат олган 79 кишининг айби нима эди?


Ўқув даргоҳларига террорчиларнинг хужумлари билан боғлиқ мисолларга мурожаат қилайлик. 2004 йилнинг 1 сентябрида Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳрида жанггарилар 1 минг 100 дан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчиларни гаровга олди. Хужум вақтида 335 киши ҳалок бўлди. Уларнинг 186 нафари болалар, 17 нафари ўқитувчи эди. 800 дан ортиқ киши жароҳат олди. 2007 йилнинг 16 январида Боғдоднинг шимолий шарқида жойлашган "Аль-Мустансирия" университетида ўзини ўлимга маҳкум қилган террорчилар миналаштирилган иккита машинани портлатиб юборди. Бунинг оқибатида камида 70 киши халок бўлиб, 169 киши жароҳат олди.


2013 йилнинг 6 июл куни “Боко харам” гуруҳи Нигериянинг Йобе штатидаги Мамуду мактаб-интернатининг ётоқхонасига хужум қилди. Хужум вақтида бу ерда 1 минг 200 киши бор эди. Бинога ўт қўйилди. 42 киши ҳалок бўлди. Айни шу гуруҳ ўша йилнинг 29 сентябрининг оқшомида Йобе штатидаги Гужба шахрида жойлашган қишлоқ хўжалик коллежи ётоқхонасига хужум қилди. Уйқуда бўлган 44 нафар талаба ўлдирилди. 2014 йилнинг 25 феврал куни “Боко харам” жангарилари Гужюбадаги Федерал ҳукумат коллежи ётоқхонасига хужум уюштирди. Отишма ва портлаш оқибатида 59 нафар ўқувчи ҳалок бўлди. Жангариилар томонидан Борно штатида ўғирлаб кетилган 300дан ортиқ ўқувчи қизнинг тақдири ҳамон номаълумлигича қолмоқда.


2014 йилнинг 16 декабрида “Техрик - и - Талибан Покистан” ҳаракати Пешаварда ҳарбий хизматчиларнинг 500га яқин фарзанди таълим оладиган мактабга хужум қилди. Натижада 145 киши, жумладан 9 ёшдан 14 ёшгача бўлган 132 ўқувчи ўлдирилди. 114 киши жароҳат олди.


Айни дамда жангариларнинг тарихий обидаларини йўқ қилаётганини кўриб, умрбод йўқотилган бойликларга дилингиз оғринади. Ахир бу ёдгорликларга ҳеч ким сиғинаётгани йўқ эдику?! Ироқнинг маданий жиҳатдан энг бой, диний жиҳатдан энг ранг - баранг шаҳарларидан бири бўлмиш Масулни “Ислом давлати” деб атаган террор ташкилоти ўз пойтахти деб эълон қилганидан бери у ердаги бебаҳо маданий мерос жиддий хавф остида қолди. Шу йилнинг февраль ойида жанггарилар Мосулдаги марказий кутубхонани портлатиб юборган ва ўт қўйган эди.


Улар жаҳондаги энг қадимий деб айтилаётган кутубхона ҳовлисида китоб ва қўлёзмаларни ёқиб, гулхан ясашди. Умумий ҳисобда маданият, фалсафа ва тарихга оид 10 минг том китоб йўқ қилинди. Жанггарилар Мосул музейидаги дурдоналар – минглаб йиллар давомида кўзни қувонтириб турган бебаҳо санъат асарларини бир неча дақиқа ичида ер билан яксон қилди. Террочилар қадимий оссурияликларнинг Нимруд шаҳрини ер билан яксон қилишди. Террорчилар Юнус пайғамбарнинг қабри ва масжидини ҳам бузиб ташлашди. Эрамиздан аввалги 3 асрдан бери машҳур бўлган ва Парфия империяси таркибига кирган Хатра шаҳри ҳам ер юзидан супуриб ташланди. Унгача жанггарилар Саргон Иккинчи саройи билан машхур бўлмиш қадимий Дур-Шаррукин шаҳрини ер билан текислаб ташлаган эди. БМТ Бош котиби Пан Ги Мун “Ислом Давлати” томонидан Ироқдаги қадимий шаҳарларни вайрон этилаётганини кескин қоралаб чиқар экан “бу каби хатти - ҳаракатларни ҳарбий жиноят сифатида қабул қилиш керак” деди. ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова террорчилар томонидан инсониятнинг қадимий мероси йўқ қилинишини “даҳшатли маданий тозалаш стратегияси” деб атади.


Шу ўринда бундан 14 йил муқаддам Афғонистоннинг Бомиён вилоятида тоғ бағрига эрамизнинг 3 - 7 асрларида ўйиб ишланган қадимий улкан Будда ҳайкаллари портловчи моддалар ёрдамида “Толиблар” томонидан вайрон этилганини эслатиб ўтиш керак. Малидаги вазият ҳам кишини ташвишлантиради. Жанггарилар ўтган йили Тимбукту шаҳридаги ноёб архивга ўт қўйди. Бу ердаги иккита бинода - қадимий омборхона ва янги Тадқиқот Марказида 12 - 13 асрларда яратилган биология, астрономия, тарих, математика, мусиқа ва бошқа фанларга оид юз мингдан ортиқ қўлёзмалар, манускриптлар сақланарди. Манускриптлар нафақат Мали, балки жахон мероси эди. Террорчилар шахарнинг маданий қадриятларини, жумладан қадимий Жингуеребер масжиди ва сўфийларнинг қадамжолари хамда мақбараларини тахқирлашди, бузиб ташлашди. Террорчиларнинг кўр - кўрона хатти - харакатлари оқибатида инсоният ўзининг тарихий ва маънавий бойлигидан махрум бўлмоқда.


Мусулмон мамлакатларида истиқомат қилувчи аҳоли террорчиларнинг бу ишлари муқаддас ислом динига мос келмаслигини англаб етган. Бироқ, номусулмон халқлар эса, бу каби ишларни кўриб, “ислом дини бузиш, вайронагарчилик келтириш, бегуноҳ одамларни ўлдириш экан - да”, деган фикрга келиши аниқ. Устозларимиздан бири ёзганидек, бугун жаҳон оммавий ахборот воситаларида Исломга тош отиш ва тамға босишнинг, умуман, мусулмонларни ёмонотлиқ қилишнинг асосий сабаби битта - бу ғарб дунёсида исломни қабул қилаётганлар сони йил сайин кўпайиб бораётганлигидир.


Вазиятга ойдинлик киритиш (яъни, террорчиларнинг исломга алоқаси йўқлигини исботлаш) мақсадида биринчи навбатда араб ва мусулмон мамлакатларининг журналистлари, уламолари, давлат раҳбарлари ғарбдаги хамкасбларига мурожаат билан чиқишлари, террорчиларни “исломчилар” деб атамасликларини талаб қилишлари керак.


Исломни бутун дунёга ёмон кўрсатиб, мусулмонларга туҳмат уюштираётганларга тарихнинг ойдин саҳифаларини эслатиб ўтиш вақти келмадимикан?!


АҚШ Президенти Барак Обаманинг 2009 йил 4 июнь куни Қоҳира Университетида сўзлаган нутқини бир бор (аслида кўп бор) эслатиб ўтиш керакка ўхшайди. Оқ уй раҳбари ўшанда шундай деган эди: “Тарихга қизиққан инсон сифатида мен цивилизация ислом олдида қанчалик қарздор эканлигини ҳам биламан. Айнан ислом, Ал - Азҳор каби жойларда, асрлар давомида илм нурини таратиб келди ва Европадаги тикланиш ва маърифатга йўл очди. Мусулмон жамиятларининг илғорлик руҳи туфайли алгебра тартиб - қоидалари, магнитли компасс ва навигация ускуналари, ёзув маҳорати ва нашриётга эга бўлдик, касалликлар тарқалиши ва уларни даволаш йўллари ҳақида тушунча ҳосил қилдик. Ислом тамаддуни бизга улуғвор аркалар ва баланд миноралар, вақт ҳукмига бўйсунмайдиган шеърият ва жозибали мусиқа, ҳусни ҳаттотлик ва ҳузур - ҳаловат ила таффакур қилиш имконларини берди”, деган эди.


Бу нутқ билан танишар экансиз, АҚШ президенти ўзбек мутафаккирларини назарда (алгебра тартиб - қоидалари деганда Ал Хоразмийни, магнитли компасс деганда Абу Райхон Берунийни, навигация ускуналари деганда ал Фарғонийни, касалликлар тарқалиши ва уларни даволаш йўллари дейилганда Ар - Розий ва Ибн Сино) тутганлигига ишонч ҳосил қиласиз. Улуғвор аркалар ва баланд миноралар (Самарқанд, Бухоро, Хива, Шахрисабз), вақт ҳукмига бўйсунмайдиган шеърият (А. Навоий, З.Бобур) ва жозибали мусиқа (Ал Фаробий) дейиш билан Барак Обама Ўзбекистонни назарда тутмадимикан?! Демак, АҚШ президенти фикрича, “цивилизация ислом олдида қанчалик қарздор” бўлса, халқимиз олдида ҳам шунчалик қарздордир.


Ёшлигимизда катталар “Инсон номи мағрур жаранглайди”, деган сўзни кўп ишлатишарди. Бунинг учун инсоннинг ўзи мағрур яшаши керак. Мағрур яшаш учун эса урушларга йўл қўймаслик лозим. 21 аср – уруш ва зўравонликлардан ҳоли аср бўлиши керак. Бунинг учун ҳар бир инсон бузғунчилик билан эмас, балки бунёдкорлик билан шуғулланиши керак. Биз ер шари деб аталмиш катта оилада тинчлик - хотиржамликда яшашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, хар қандай урушларга қарши чиқишимиз керак.


Шу ўринда АҚШ президенти Жон Кеннедининг “уруш инсониятни йўқ қилишдан олдин, инсоният урушга барҳам бериш керак”, деган сўзларини эслатиб ўтиш керак. Демак, “террорчилар инсониятни йўқ қилмасдан аввал, инсоният терроризмнга бархам бериш керак” дейдиган вақт етиб келди.



                                                                                                                            Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ



 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 229179
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 101247
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 51193
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 49399
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

25686