Таҳоратнинг ухровий фойдалари
5.1.2018 6159

Аллоҳ таоло бандалари намоз ўқишларидан олдин таҳорат қилишни буюрган. Бунда кўплаб фойда ва манфаатлар бор. Юқорида таҳорат қилиш банданинг баъзи гуноҳларига каффорат бўлиши ҳақидаги ҳадислар билан танишиб чиқдик. Энди таҳоратда аъзоларнинг ювилиш кетма-кетлигидаги ҳикматларни кўриб чиқамиз.

1. Таҳоратда ювиш фарз бўлган аъзоларнинг биринчиси юздир. Юз инсоннинг энг асосий аъзоси бўлиб, бу аъзо айни пайтда гуноҳ содир этишда ҳам бош сабабчи саналади. Чунки унда кўз, бурун, оғиз-тил каби гуноҳ содир этишда воситачи бўлган аъзолар бор. Чунончи, номаҳрамларга тикилишда кўз, ҳаром луқмани чайнашда оғиз, кишиларни ғийбат қилиб, уларнинг обрўъсини тўкишда тил “хизмат” қилади. Шу сабаб энг биринчи навбатда Аллоҳ таоло шу аъзони ювишни, ундаги кир ва нопок нарсалар билан бирга, истиғфор ва тавба билан улар ёрдамида содир этилган гуноҳларни кетказишни амр қилган.

2. Юздан сўнг қўллар гуноҳ қилишда кейинги ўринда туради. Сабаб кўз кўради ва қўллар ёмонлик содир этади. Шу сабаб юздан сўнг икки қўл ювилиши керак.

3. Таҳоратдан кўзланган фойда кўпроқ маънавий покликка эришиш эканини бошга масҳ тортиш мисолида кўришимиз мумкин. Сабаби бош тўлиқ хўлланиб, яхшилаб ювилмаса, тоза бўлмайди. Таҳоратда эса қўллар хўлланиб, бошга суртилади. Бу эса, аввало, Аллоҳ тарафидан бандаларга берилган енгиллик ва гуноҳлардан фориғ бўлиш учун яхши имкониятдир. Сабаби гуноҳ қилишда бошда жойлашган мия асосий ўрин тутади. Айнан у маъсият иш ҳақида ният ва режа тузиб, сўнг бошқа аъзоларга буйруқ беради. Мана шунинг учун меҳрибон Аллоҳ миямизда ожизлик билан тугиб қўйган гуноҳ ҳақида қинжир режаларимизга, яъники гуноҳларимизга каффорат бўлиши учун бизларни бошга масҳ тортишга амр қилган.

4. Таҳоратда ювиш фарз қилинган кейинги аъзо бу оёқдир. Оёқнинг ёмон иш қилишда қўшган улуши кам эмас. Шу сабаб бу аъзонинг моддий кирларини кетказиш билан бирга маънавий доғларини поклашга буюрилганмиз.

Энди таҳоратнинг ухровий фойдалари ҳақидаги хулосавий фикрларни келтирамиз:

– таҳорат қилиш билан банда Аллоҳ розилиги ва муҳаббатига эришади;

– таҳорат улуғ ибодат бўлмиш намознинг калитидир;

– таҳоратни мукаммал адо этиш имоннинг ярмига тенгдир;

– таҳорат банданинг баъзи гуноҳларига каффорат бўлади;

– таҳорат билан банданинг илоҳий даргоҳдаги мақоми кўтарилади;

– кўп таҳорат қилиш ва аъзоларни мукаммал ювиш банданинг қиёматдаги нурини зиёда қилади;

– мукаммал таҳорат қилиб, ҳадисларда келган дуоларни ўқиган банда учун жаннатнинг саккиз эшиги очилади ва у ўша эшикларнинг хоҳлаганидан киради;

– доим таҳорат билан юриш банда имонининг комиллигидандир;

– таҳорат устига таҳорат қилиш банда учун нур устига нур бўлади.

Эътибор берган бўлсангиз, ҳадисларда таҳоратнинг фақат охиратга тегишли манфаатлари зикр қилинган. Бу, таҳорат фақат охиратда фойда беради, дегани эмас. Балки таҳоратнинг дунёвий фойдалари ҳам бисёр. Фақат дунёвий манфаати ухровийдан кўра кичикроқ бўлгани учун улар ҳадисларда алоҳида айтиб ўтилмаган. Ниятни холис қилиб, таҳоратни яхшилаб адо қилган банда дунёда ҳам, охиратда ҳам кўплаб фойдаларга эришади. Шу маънода қуйида таҳоратнинг тиббий фойдалари ҳақида маълумот берамиз. Зеро, бу маълумотлар таҳоратга бўлган эътиборимизни янада ошириши шубҳасиз.

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216300
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24550