Сийратнависликда янгича услуб
4.7.2015 5036

 

        Маълумки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ташқи кўринишлари, одоб - ахлоқлари, шунингдек, туғилишларидан то вафотларига қадар бўлган ҳаёт йўлларини ёритиб берувчи илм сийрат илми деб аталади. Бу илм шариат илмларининг асосларидан ҳисобланади. Зеро, Қуръони Каримнинг кўплаб оятлари сийрат воқеалари асосида тафсир қилинган. Чунки, аксар оятларнинг нозил бўлишига пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётларида турли муносабатлар билан содир бўлган воқеалар сабаб бўлган. Шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сийратларини ўрганиш орқали инсон онгида ёру дўстларига садоқатли, оиласига вафодор, фарзандларига меҳрибон ота, бир сўз билан айтганда, чин маънодаги комил инсон намунаси гавдаланади. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 33 - оятида: “Дарҳақиқат, сизлар учун Аллоҳнинг расулида гўзал намуна бор”, - деб марҳамат қилган. Оиша онамиз (разияллоҳу анҳо) эса у зотнинг хулқлари Қуръон бўлганини таъкидлаганлар.

 

Шунга кўра, уламолар ислом тарихининг илк даврларидан бошлаб сийрат илмига катта аҳамият қаратганлар. Сийрат борасида илк асар ёзганлар Урва ибн аз - Зубайр (вафоти 92 ҳ.), Абон ибн Усмон (вафоти 105 ҳ.), Ваҳб ибн Мунаббеҳ (вафоти 110 ҳ.), Шураҳбил ибн Саъд (вафоти 123 ҳ.) ва Ибн Шиҳоб аз - Зуҳрийлардир (вафоти 124 ҳ.). Лекин, уларнинг ёзганлари бизгача етиб келмаган. Фақат айрим қисмларигина Имом Табарий ривоятлари орқали етиб келган. Ваҳб ибн Мунаббеҳ ёзган сийратнинг бир қисми эса Германиянинг Ҳейделберг шаҳрида сақланади. Шу тариқа сийрат илми ривожланиб, Муҳаммад ибн Исҳоқ (вафоти 152 ҳ.), Абдулмалик ибн Ҳишом каби етук сийратнавис уламолар ҳам етишиб чиқдилар.

 

Сийрат уламолари ўз фаолиятларида муҳаддисларнинг услубларидан фойдаландилар. Улар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сийратларига тегишли маълумотларни уларни кўрган, эшитган ровийлар силсиласига суянган ҳолда тўплаганлар. Дастлабки сийрат китобларида ҳар бир маълумотнинг ровийлар санади ҳам келтирилган.Авваллари сийрат бобидаги маълумотларни иложи борича тўлиқ тўплашга ҳаракат қилинган. Ҳаттоки, сийрат китобларига шарҳлар ҳам ёзилган.Кейинчалик ривоятларнинг қуввати ва ҳоли маълум бўлгандан сўнг, ўқувчиларга осонликни кўзлаб, ровийлар силсиласини тўлиқ зикр қилишдан воз кечилди. Ва ровийлар силсиласидаги саҳобийни зикр қилиш билан кифояланиладиган бўлди.

 

Вақт ўтиши билан кишиларнинг юмуш ва ташвишлари кўпайиб, катта китобларни ўқиб - ўрганиш имкониятлари камайиб кетгани инобатга олиниб, мухтасар сийратлар яъни қисқа баён услубида ёзилган сийрат асарлари, мавлидномалар пайдо бўлди. Аксар ҳолда мавлидлар назм йўли ила ёзилар эди. Мақсад, қандай қилиб бўлса ҳам мўмин - мусулмонларга уларнинг маҳбуб пайғамбарлари Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ибратли ҳаётлари ҳақида маълумот бериш эди. Мусулмон ўлкалар бирон - бир асрда ўз сийрат олимлари ва Набавий сийрат ҳақидаги асарларидан холи бўлиб қолмади. Ҳозирда ҳам сийрат борасида янгидан - янги асарлар битилмоқда. Бир неча бор сийрат ҳақидаги энг яхши асарлар кўриги ҳам ўтказилди.

 

Бу борада қувонч билан таъкидлайдиган нарсалардан бири, ҳамаср уламоларимиз набавий сийрат бобида «Фиқҳус сийра» (сийрат фиқҳи) номи остидаги янги йўналишга асос солдилар. Бу каби асарларда сийратга тегишли маълумотларни чуқур таҳлил қилиб, улардан келиб чиқадиган сабоқлар ва ҳикматларга алоҳида эътибор берилади. Аввалгиларидан фарқли ўлароқ, ушбу услубда ёзилган сийрат китобларида муаллиф воқеа - ҳодисаларни чуқурроқ таҳлил этиб, унинг фиқҳ, ақида ҳамда одоб - ахлоққа доир жиҳатларини кенгроқ ёритишни ўз олдига мақсад қилиб қўяади.

 

Ана шу услубда ёзилган асарлардан бири замонамиз олимларидан Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг “Фиқҳ ас - сийра ан - набавия” асаридир. Муаллиф ушбу асарда дастлаб, сийрат илмини ўрганувчиларга муҳим маълумотларни муқаддима сифатида келтириб ўтган. Жумладан, сийрат илмининг аҳамияти, унинг вужудга келиши ва ривожланиш босқичлари, айнан Арабистон ярим ороли Ислом динининг ёйилиши учун замин этиб танланиш ҳикматлари, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъватларининг аввалги самовий даъватлар билан алоқаси, жоҳилият муҳити ва унда Ҳанифийликдан қолган баъзи кўринишлар каби мавзуларда батафсил маълумотлар берилган. Шундан сўнг муаллиф сийрат воқеаларини баён қилиш асносида улардаги фиқҳий, ақидавий ҳамда ахлоқий жиҳатларини кенг тарзда ёритиб берган. Ҳар бир воқеа сўнггидан ундан олинадиган ибрат ва панд-насиҳатларга алоҳида урғу берилади.

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида мушрик, кофир ва мунофиқлар у зотнинг гап - сўзлари, ишлари ва шахсларидан нуқсон топишга ҳаракат қилганлари ҳаммага маълум. У зотга нисбатан бўҳтон ва иғволар уюштирганлари ҳам, бу нопок тасарруфлари оқибатида шарманда бўлганлари ҳам очиқ ҳақиқат. Кейинчалик ҳам турли тоифалар, шахслар, муассасалар томонидан Пайғамбар (солаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак сиймоларига доғ тушириш учун қанчадан-қанча ғаразгўй ҳаракатлар содир этилган. Сийратнинг айрим жиҳатлари борасидаги шу каби нотўғри талқин этилган фикрларга муаллиф томонидан илмий равишда асосли раддиялар бериб ўтилган.

 

Муаллиф мусулмонлар орасига турли мақсадлардаги ботил фикрларни олиб кириш орқали уларнинг иймонларини сусайтириш, эътиқодларида турли шубҳалар пайдо қилиш, динларининг моҳиятидан узоқлаштириш каби уринишларнинг бир неча турларини келтириб, бу борадаги фикрларнинг асоссиз эканини баён этишга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Ўзларини илм кишиси деб номлаган Ҳусайн Ҳайкал, Муҳаммад Фарид Важдийларни мисол қилиб келтиради. Ҳусайн Ҳайкал “Ҳаяту Муҳаммад” китобида шундай дейди: “Мен сийрат ва ҳадис китобларидаги маълумотларга суянмадим, балки ушбу изланишимда илмий йўлдан боришни афзал билдим”. Муҳаммад Фарид Важдий эса, “Нурул Ислам” журналидаги ўзининг “Ас - сийра ал - Муҳаммадийя таҳта зовъ ал - илм ва ал - фалсафа” номли мақоласида қуйидагиларни айтган: “Биз, гарчи такаллуф билан бўлсада, оддий сабабият қонунлари билан изоҳлаш мумкин бўлган жиҳатларнинг мўъжизалигига ортиқча эътибор бериб, вақт кетказишни хоҳламаётганимизни ўқувчиларимиз аллақачон мулоҳаза қилиб бўлишган”. 

 

Сийратга бундай ёндашув орқали набавий сийратдан пайғамбарлик ҳаётининг асоси бўлган илоҳий ваҳий олиб ташланади. Натижада, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқувчи кўз ўнгида Аллоҳнинг башариятга юборган, доимо Ўзи мўъжизалар билан қувватлаб турган пайғамбари эмас, балки илоҳий ваҳийдан холи бўлган кучли нотиқ, ўткир воиз, фавқулодда истеъдоли бир шахс сифатида гавдаланади. Ваҳоланки, сийрат воқеаларининг аксари илоҳий ваҳий билан бевосита боғлиқдир. Яна баъзилар эса, Муҳаммаднинг даъвати – фақирларнинг бойларга қарши қўзғолони, дея сийрат моҳиятини бузиб кўрсатишга уринадилар. Бошқалар эса, пайғамбаримизнинг кўп хотинли бўлганлари каби масалаларни нотўғри изоҳлаш орқали у зотнинг сийратига нуқсон етказиш пайидан бўлади. Муаллиф эса, асар муқаддимасида набавий сийратга қаратилган шу каби салбий ва ғаразли қарашларни асосли рад этиб,  уларнинг асл моҳиятни илмий - мантиқий тарзда баён этади.Сийрат воқеалари сўнггидан хулафои рошидин даври ҳам юқоридаги услубда баён қилинган. Китобнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шундаки, унинг ниҳоясида фойдаланувчига қулайлик туғдириш мақсадида мавзуларнинг фиқҳий кўрсаткичи келтириб ўтилган.

 

Бундан ташқари, асарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг етим ҳолда дунёга келганлари, қўй боқишлари, Хадича онамиз р.а.га уйланишлари, Каъбанинг қурилишидаги иштироклари, ваҳий нозил бўлишидан олдин кўп узлатта бўлишлари каби сийратнинг ҳар бир воқеасидан сўнг унинг ҳикматлари атрофлича баён қилинга

 

Ушбу асар ўзининг бетакрор услуби, илмий - амалий аҳамияти, воқеаларнинг сабаб ва натижалари теран таҳлил этилгани сабабли катта шуҳрат қозонган.

 

Афзал  АЛМEТОВ

“Обидхон Маҳдум” жомеъ масжиди имоми

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216209
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24534