Ризқ эшиги ёпилмасин десангиз...
Зубайр ибн Аввом ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Эй Зубайр! Аллоҳ таоло айтади: “Инфоқ - эҳсон қил, Мен ҳам сенга эҳсон қиламан, қўлингни кенг оч, Мен ҳам сенга “қўл”имни кенг очаман, қурумсоқлик қилма, Мен ҳам сенга қурумсоқлик қилмайман. Ҳамёнингни боғлаб йиғинма, Мен ҳам сенга нисбатан йиғинмайман. Ризқ эшиги етти осмон узра Аршга боғланган ҳолда очиқдир, кечаю кундуз ёпилмайди”. Аллоҳ таоло ризқни ҳар бир кишининг нияти, берган ҳадяси, садақаси ва инфоқ-эҳсонига яраша туширади. Ким кўпайтирса, кўпайтиради, ким озайтирса, озайтиради, ким хайрни қисса, Аллоҳ ҳам унинг ризқини қисади. Эй Зубайр, еб - ич ва бошқаларга ҳам едириб - ичир... Аллоҳ таоло инфоқни яхши кўради, хасисликни ёмон кўради. Саховат аниқ ишончдан, бахиллик эса шубҳаланишдан келиб чиқади. Ишончи комил (имонли) одам дўзахга кирмайди, шак қилган эса жаннатга кирмайди. Эй Зубайр, Аллоҳ таоло бир бўлак хурмо билан бўлса ҳам саховат кўрсатилишини яхши кўради...” (Ҳаким Термизий. “Наводирул усул”).
Шарҳ. Бу ҳадис анча узун, уни қисқартириб, мавзуга дахлдор қисминигина келтирдик. Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло бандаларини инфоқ - эҳсон қилишга буюриб, унинг акси бўлган бахиллик ва хасисликдан қайтарганини айтмоқдалар. Аллоҳ таоло айримларнинг ризқини кенг, айримларнинг ризқини эса тор қилиб синайди. Банда охиратда ўзига ризқ берилган неъматлардан сўралади. Аллоҳ таоло бандаларга ризқ бериб, ундан қандай фойдаланишни ҳам ўргатди. Инсон ўз эҳтиёжларидан ташқарисини бошқалар билан баҳам кўриши зарур. Бу ишнинг энг тўғриси ва хайрлиси Аллоҳ учун эҳсон қилишдир.
Ўз оиламизга инфоқ қилишимиз вожиб, буни аксариятимиз бажарамиз. Бироқ бошқаларга ёрдам қўлини чўзишга унчалик ҳам шошилавермаймиз. Бу инсон табиатига хос хусусият. Шу сабабли ҳам кўпгина оят ва ҳадислар эҳсон қилишга чақиради.
Аслида, банданинг қадри ризқи кенг ёки тор экани билан эмас, ўша ризқдан қандай фойдалангани билан белгиланади. Бунда кишининг имон - эътиқоди муҳим аҳамиятга эга. Ризқимни Аллоҳ берди, энди уни Ўзи буюрганидек сарфлашим керак, бу билан ризқим камайиб қолмайди, балки барака киради деб ишонган мўмин садақа бериш ва саховат кўрсатишда иккиланмайди. Чунки у Аллоҳ таоло ва Расули алайҳиссаломнинг ваъдаларига тўлиқ ишонади. Аллоҳ таоло айтади: “Бирон нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдиради. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39 - оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, садақа билан мол камайиб қолмайди”, деганлар (Термизий ривоят қилган).
Садақанинг савоби кўп ёки озлиги билан белгиланмайди. Бой садақа қилган 100.000 сўм пулнинг савоби камбағал берган 1000 сўм пулнинг савоби билан бир хил бўлиши мумкин. Чунки ҳар иккиси ўз имкониятидан келиб чиқяпти. Эҳсоннинг қадри ва даражаси қандай ихлос-эътиқодда қилинганига кўрадир.
Ризқ кенг ёки тор бўлиши неъматга қандай муносабат кўрсатишга ҳам боғлиқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳуга: “Мол - дунё ширин, ким уни нафсини тийган ҳолда қабул қилса, унга барака киради. Агар акси бўлса, ундан барака қочади ва у еб тўймас каби бўлади. Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир”, дея насиҳат қилганлар (Ибн Ҳиббон ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизнинг ризқимизни кенг, қўлимизни очиқ қилсин.
Муҳаммад Сиддиқ Мукаррам