Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг камтарликлари
13.12.2016 7146

   Саййидул башар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсониятнинг энг улуғ ва энг камтар вакили эдилар. У зот мўминларга мулойимлик билан муомала қилардилар. Саҳобалар бой-камбағал ёки чиройли-хунуклигидан қатъи назар, уларга бир хил муносабатда бўлардилар. У зот ҳаммага табассум қилардилар, исрофга йўл қўймаган ҳолда сахий, қалби хокисор, мўминларга раҳм-шафқатли эдилар. 
     У зот кечиримли бўлганлар. Ўзларига етказилган озорларни авф этардилар. Шунча азият етказишига қарамай қавмларини лаънатламаганлар. “Ё Аллоҳ, уларни кечир! Чунки улар билишмайди!” деб дуо-илтижо қилардилар. Бироқ шариат ҳукми топталганда, Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқилганда, адолатли ҳукм чиқарар, жиноятчига муносиб жазолардилар. 
Мана бу ривоят сўзимизнинг исботидир. 

 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: مَا انْتَقَمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِنَفْسِهِ فِي شَيْءٍ يُؤْتَى إِلَيْهِ حَتَّى يُنْتَهَكَ مِنْ حُرُمَاتِ اللهِ فَيَنْتَقِمَ للهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ. 

 

   Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига қилинган иш учун интиқом олмасдилар. Магар Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқилса, Аллоҳ учун интиқом олардилар” (Бухорий ривоят қилган). 
   Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳар бир ҳолатлари, ҳатто сукутларида ҳам Аллоҳ розилиги ният қилинарди. У зот зинҳор ўз нафслари учун бировдан қасос олган эмаслар. Агар Аллоҳ белгилаб қўйган қонун-қоидалар бузилса, ўшанда жиноятчиларни муносиб жазолаганлар. Оламларга раҳмат этиб юборилган зот – фақат шариат ҳукмига ҳурматсизлик қилингандагина – жиноятчиларга қаттиққўл муомалада бўлардилар. Чунки вазият шуни тақозо этарди. 

 

وَعَنْ أَبِي مَسْعُودٍ قَالَ: أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلٌ فَكَلَّمَهُ فَجَعَلَ تُرْعَدُ فَرَائِصُهُ فَقَالَ لَهُ: هَوِّنْ عَلَيْكَ فَإِنِّي لَسْتُ بِمَلِكٍ إِنَّمَا أَنَا ابْنُ امْرَأَةٍ تَأْكُلُ الْقَدِيدَ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَابْنُ سَعْدٍ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. 

 

    Абу Масъуддан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. У зот ўша киши билан гаплашдилар. Шунда у дағ-дағ қалтирай бошлади. Расулуллоҳ унга: “Қўрқма! Мен подшоҳ эмасман. Балки қуёшда қуритилган гўшт ейдиган (оддий) аёлнинг ўғлиман”, дедилар (Ибн Можа, Ҳоким, Ибн Саъд ва Табароний ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ). 
    Ривоятда айтилишича, бир киши ҳожат юзасидан Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига келиб, у зот билан гаплашганда ҳаяжонланиб кетиб дағ-дағ қалтирай бошлади. Буни кўрган Расули акрам унга қарата: – Қўрқма! Ўзингни бос. Мен подшоҳ эмасман! Балки қуёшда қуритилган гўшт ейдиган оддий бир аёлнинг ўғлиман, – дедилар. 
    У зотнинг камтарликларини қаранг! Одамлар бор, ҳамма унинг соясига салом беришини хоҳлайди. Одамлар бор, келганида тик туриб хизматида ҳозиру нозир бўлиши, ҳурматини жойига қўйишини ёқтиради. Одамлар бор, маросимларда давранинг туридан жой берилишини истайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса нафақат инсонларнинг, пайғамбарларнинг улуғ бўлсалар ҳам камсуқум, камтар инсон эдилар. Бир киши ҳузурларида туриб, салобатларидан қўрқиб, ҳаяжондан қалтирай бошлаганида унга мулойимлик билан муомала қилдилар. Камтарлик қанақа бўлишини Пайғамбаримиздан ўрганайлик, азизлар! 
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам подшоҳлардан ортиқ бўлсалар ортиқ эдиларки, зинҳор кам эмасдилар. Тасарруфларида бойлик ҳам етарли эди. Айтганлари айтган, деганлари деган эди. Минглаб саҳобалари хизматларида камарбаста туришарди. Ислом жамиятининг ҳукмдори эдилар. Шундай бўлса-да, ўта хокисор бўлганлар. Нега? Чунки у зот манманлик қандай офат эканини яхши билганлар, Аллоҳни сизу биздан кўра яхшироқ таниганлар. Шунинг учун қалбларида кибрга тариқча жой бермаганлар, тавозеъ либосини лозим тутганлар. Аллоҳ таоло у зотга гўзал хулқларни, чиройли одобларни берганди. 

 

وَعَنْ يَحْيَى بْنِ أَبِي كَثِيرٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: آكُلُ كَمَا يَأْكُلُ الْعَبْدُ وَأَجْلِسُ كَمَا يَجْلِسُ الْعَبْدُ فَإِنَّمَا أَنَا عَبْدٌ وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجْلِسُ مُحْتَفِزًا. رَوَاهُ ابْنُ سَعْدٍ فِي الطَّبَقَاتِ الْكُبْرَى. 

 

     Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен бир қул каби (овқат) ейман. Бир қул каби ўтираман. Зеро, мен бир қулман”, дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (туриб кетишга шайланаётгандек) тик ўтирардилар (Ибн Саъд “Ат-табақотул кубро”да ривоят қилган). Расули акрам пайғамбар бўлишларига қарамай жуда камтар инсон эдилар. Қолаверса, “Мен оддий одамман. Қул қандай таом еса, шундай ейман. Қул қандай ўтирса, шундай ўтираман”, деб марҳамат қилардилар. Пайғамбар алайҳиссалом фақат тил билан эмас, амал билан ҳам кўпчиликка ўрнак эдилар. Саҳобалар у зотнинг муборак ҳаётлари, ибратли хислатлари ҳақида келтирган ривоятлар шуни кўрсатади. 
     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг бандаликлари билан фахрланар, Аллоҳга қул эканларини айтишдан тортинмасдилар. У зотнинг қалблари тавозеъ хислати билан зийнатлангани боис оддий бандаларга хос турмуш тарзини маъқул кўрганлар. Қул қандай яшаса, шундай яшаганлар, қул қандай ўтирса, овқатланса, шундай ўтирганлар, таомланганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг юриш-туришларида, умуман ҳаётларида мутакаббирларга хос биронта ҳам жиҳатни кўрмайсиз. Ҳаммаси оддий ва улуғвор. 

 

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا عَلِمْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَكَلَ عَلَى سُكْرُجَةٍ قَطُّ وَلاَ خُبِزَ لَهُ مُرَقَّقٌ قَطُّ وَلاَ أَكَلَ عَلَى خِوَانٍ قَطُّ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ. 

 

    Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сукружа еганларини, у зот учун юмшоқ нон ёпилганини, хонтахта устида таомланганларини билмайман” (Бухорий, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилган). 
    “Сукружа”ни баъзилар сиркага ўхшаш нарса, у овқат ҳазми енгил бўлиши учун истеъмол қилинади, десалар, бошқалар уни лаган, деб изоҳлашган. Бу ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом таомланиш бобида ўта камтар бўлганларига ишора қилинмоқда. 

 

   Ривоятдан олинадиган фойдалар: 

 

1. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам иштаҳа очадиган, овқат ҳазм қиладиган қўшимча маҳсулотларга эҳтиёж сезмаганлар. Сабаби у зот кўпинча оз миқдорда таом истеъмол қилардилар. Табиийки, одам кам овқат еганидан кейин ошқозон фаолияти ҳам яхши бўлади, овқат ҳазм қилишга ёрдам берадиган турли зираворлар ва кўкатларни ейишга ҳожат қолмайди. 
    Асри саодат даврида одамларнинг ҳаёти жуда оддий ва содда бўлган. Таом турлари ҳам унча кўп бўлмаган. Бизнинг даврларга келиб, зиёфатларга ўн хил таом тортиладиган бўлиб кетди. Қуюқ-суюқ таомлар, норин дейсизми, кабоб ва ош – буларнинг ҳаммасини бир инсон еб улгуриши қийин. Энг қизиғи, охири музқаймоқ тортиш ҳам урф бўлмоқда... 
    Тўкин-сочинлик, фаровонлик бўлгани яхши албатта. Лекин бу нарса исрофгарчиликка сабаб бўлмасин. Аллоҳ берган неъматларни У Зот рози бўладиган ўринларга сарфласак, Аллоҳ янаям зиёда қилиб беради. Унутмайлик, Аллоҳ исроф қилувчиларни хуш кўрмайди! 

 

2. Пайғамбар алайҳиссалом учун алоҳида юмшоқ нонлар ёпилмаган, асосан қотган нон еганлар. Хоҳласалар энг сифатли нонларни, оқ ундан тайёрланган турфа нонларни есалар бўларди, аммо у зот бу борада ҳам камтарин бўлганлар. 
   Бизнинг даврга келиб, нонларнинг ўнлаб-юзлаб турлари пайдо бўлди. Олий сифатли унлардан ёпилган патирлар бозорлар кўркига айланди. Бу фаровонлик натижаси. Биз бунга шукр қилишимиз керак. Неъматнинг шукри “Алҳамдулиллаҳ”, дейиш билан, ўша неъматни яхшилик йўлида, савоб амаллар учун ишлатиш билан адо этилади. 

 

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастурхон устида овқатланмаганлар, ерда ўтирганлар. Буям камтарлик белгиси. Одатда, шоҳона дастурзон тузаш, турли хил овқатлар тайёрлатиш “улуғ”лар ва мутакаббир кимсаларга хос деб билинади. Шу сабаб бўлса керак, Пайғамбар алайҳиссалом ерда ўтиришни афзал билганлар. Шундан келиб чиқиб, ерда ўтириб овқатланиш пайғамбарларга хос одат эканини билиб оламиз. 
    Шаҳар жойларда дастурхонда ёки стол-стулда ўтириш анча урф бўлган. Аммо қишлоқ жойларда ерда ўтириш одати ҳалиям сақланиб қолган. Мана шу одатга амал қилиш билан бирга, бу иш Пайғамбар алайҳиссалом ёқтирган одат эканини ҳисобга олиб, ният қилиб ерда таомлансак, савобга эришамиз. Чунки бу билан суннатга амал қилган бўламиз. 

 

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари учун зуҳд ва тақвони лозим тутганлар, дунёнинг ўткинчи зийнатларига, ялтир-юлтир нарсаларга, жуда шоҳона ҳаёт кечиришга қизиқмаганлар, охиратни – боқий ҳаётни ўткинчисидан афзал билганлар. Шунинг учун турмуш тарзлари ҳам жуда оддий ва улуғвор бўлган. Бундай содда ҳаёт тарзи Пайғамбар алайҳиссаломнинг инсониятнинг энг улуғ вакили бўлишларига тўсқинлик қилмади. Демак, улуғлик, буюклик ҳашаматли саройларга яшаш, шоҳона таомларни истеъмол қилиш, фаровон ҳаёт соҳиби бўлишда эмас, имонда, тақвода экан. Ҳақиқий мусулмон бўлган инсон, Аллоҳга ва охират кунига имон келтириб, солиҳ амалларни чин ихлос ила бажарган банда дунё ва охиратда азизу мукаррам бўлади, икки дунё саодатига эришади. 

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: أُتِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِتَمْرٍ عَتِيقٍ فَجَعَلَ يُفَتِّشُهُ يُخْرِجُ السُّوسَ مِنْهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. 

 

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эски хурмо олиб келинди. Шунда у зот хурмодаги зараркундаларни чиқариш учун уни диққат билан текшира бошладилар” (Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ). Бу ерда эски мевалар таркибида қурт-қумурсқа бўлиши эҳтимоли бўлганда, уни текшириб истеъмол қилиниши зикр қилинмоқда. Шунингдек – бу ривоятдан – мевага қурт тушиши билан ҳаром бўлмаслигини ҳам билиб оламиз. Мазкур ривоятда Пайғамбаримизнинг камтарликларига ҳам алоҳида урғу берилмоқда. У зот пайғамбар бўла туриб, эски хурмоларни қабул қилар, уларни ўзлари текшириб кўрардилар. У зотнинг ўта улуғ мақомлари одамлар наздида кичик саналган бундай ишларни қилишдан тўсмасди. Камтарлик мана шундай бўлади! 

 

Ривоятдан олинадиган хулосалар: 

 

1. Эскирган хурмо қоқиси, туршак, майиз кабиларни ейиш жоизлиги; 

 

2. Қурт тушган дея тахмин қилинаётган хурмони ейишдан олдин текшириб кўриш кераклиги. 

 

3. Таомга қурт тушиши билан нопок бўлмаслиги, уни тозалаб истеъмол қилиш мумкинлиги. Сабаби қуртда оқадиган қон бўлмайди. 

 

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эскирган хурмо меваси ҳам ҳадя этилгани. У зот буни қабул қилишдан бош тортмаганлари, эски хурмоларни текшириб истеъмол қилганлари. 

 

5. Аллоҳ бандаларига ато этган ҳар бир неъматни авайлаб-асраб, унинг қадрига етиш лозимлиги, уволдан қўрқиш кераклиги. 

 

عَنْ أَنَسٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اللَّهُمَّ أَحْيِنِي مِسْكِينًا وَأَمِتْنِي مِسْكِينًا وَاحْشُرْنِي فِي زُمْرَةِ الْمَسَاكِينِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَقَالَتْ عَائِشَةُ: لِمَ يَا رَسُولَ اللهِ قَالَ: إِنَّهُمْ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ قَبْلَ أَغْنِيَائِهِمْ بِأَرْبَعِينَ خَرِيفًا يَا عَائِشَةُ لاَ تَرُدِّي الْمِسْكِينَ وَلَوْ بِشِقِّ تَمْرَةٍ يَا عَائِشَةُ أَحِبِّي الْمَسَاكِينَ وَقَرِّبِيهِمْ فَإِنَّ اللهَ يُقَرِّبُكِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. 

 

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Аллоҳ, мени мискин ҳолда яшатгин. Мени мискин ҳолда вафот эттир! Қиёмат куни мени мискинлар жамоасида ҳашр қил!” деб дуо қилдилар. Шунда Оиша: “Нима сабабдан (бундай дуо қиляпсиз,) эй Расулуллоҳ?” деб сўради. У зот: “Сабаби улар бойлардан қирқ йил олдин жаннатга кирадилар. Эй Оиша, мискинни (қуруқ) қайтарма! Яримта хурмо бериб бўлса ҳам (уларга садақа қил). Эй Оиша, мискинларни (чин дилдан) яхши кўр, уларга яқин бўл. Шунда Аллоҳ қиёмат куни сени уларга яқин қилади”, дедилар (Термизий ва Байҳақий ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ). 
    Ибн Асир: “Бу билан у зот тавозеъ ва хокисорликни, мутакаббир кимсалардан бўлмасликни ирода қилганлар”, деган (Манба: “Мадорижус соликин”). Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Сизлар ибодатларнинг энг афзалидан: тавозеъдан ғафлатда қоляпсизлар” (Бухорий ривоят қилган). 
    Бошқа ривоятларда Пайғамбар алайҳиссалом бойлик сўраганлари келтирилган. Бу бобдаги далилларни жамлаган уламолар: “У зот алайҳиссалом хорликка сабаб бўлувчи ўта қашшоқликдан ва туғёнга кетказувчи бойликдан паноҳ сўраганлар”, деб айтишган. 

 

Ушбу ривоятдан олинадиган хулосалар: 

 

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мискин ҳолда яшаб, мискин ҳолда вафот этишни, охиратда мискинлар жамоасида ҳашр қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилганлари. Баъзилар буни “қалб мискинлиги”, яъни қалбнинг ортиқча нарсалардан холи бўлиши деб таъвил қилишган. Айрим уламоларга кўра, мискинлик виқор, хотиржамлик, Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлиш, ўзига берилган ризққа қаноат қилишдир. Баъзи уламолар бу дуони: “Мени камтарин қил, мутакаббир қилма!” деб тушунтиришган. 

 

2. Мискинлар бойлардан қирқ йил олдин жаннатга киришлари. Улар имон-эътиқодлари, одоб-ахлоқлари, эзгу хислатлари боис шундай мақомга эришадилар. 

 

3. Камбағаллар бойлардан афзал эканлари. Албатта бунда биринчи мезон имон-эътиқод ва тақво. Зеро, қуруқ фақирлик банда учун шараф бўлолмайди. Мўмин, муттақий бадавлат одам имонсиз, тақвосиз камбағалдан минг марта афзалдир. 

 

4. Ривоятда мискинларга тасалли берилмоқда, уларнинг кўнгли кўтарилмоқда. Зотан, камбағаллик айб эмас. Фақирлик банданинг Аллоҳ даргоҳида юқори мартабаларга кўтарилишига, жаннатга киришларига тўсиқ бўлолмайди. 

 

5. Бирон нарса сўраб келган мискинни қуруқ қўл билан қайтармаслик лозимлиги, яримта хурмо бериб бўлса ҳам садақа қилиш кераклиги. Садақани энг ҳақдор, муносиб одамга берилади, жойини топиб, ҳақиқатан муҳтож бўлса, ўшанда инфоқ-эҳсон қилинади. Агар эшигингизга биров нарса сўраб келса, тиланчиликни касб қилиб олган бўлса, унга ҳеч нарса берилмайди. Чунки тиланчилик касб қилиб олинмайди. Шундай экан, садақани кимга беришни ҳам билиш лозим. Кўп ҳолларда уйингизга садақа сўраб келган лўлидан кўра, иффатини сақлаб юрган одамлар садақага муносиброқ бўлади. Буни сезиш учун инсондан зийраклик, фаҳм-фаросат талаб этилади. 

 

6. Мискинларни – бева-бечорларни ва камбағал кишиларни яхши кўрган, уларга қалби билан яқин бўлганлар қиёмат куни ҳам мискинларга яқин бўлади. Ривоятларда келишича, жаннат аҳлининг кўп қисми бечора ва заифҳол кишилардан иборат бўлади. 

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعُودُ الْمَرِيضَ وَيَشْهَدُ الْجَنَازَةَ وَيَرْكَبُ الْحِمَارَ وَيُجِيبُ دَعْوَةَ الْعَبْدِ وَكَانَ يَوْمَ بَنِي قُرَيْظَةَ عَلَى حِمَارٍ مَخْطُومٍ بِحَبْلٍ مِنْ لِيفٍ عَلَيْهِ إِكَافٌ مِنْ لِيفٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَأَبُو يَعْلَى وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ. 

 

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касални бориб кўрар, жанозада иштирок этар, эшак минар, қулнинг таклифини қабул қилардилар. Бани Қурайза куни ўсимлик толасидан эшилган арқон билан юганланган эшакка мингандилар. Унинг эгари ҳам толадан эди” (Термизий, Ибн Можа, Ҳоким ва Абу Яъло ривоят қилган. Ривоят санади заиф). 
    Расули акрам жундан либос кияр, эшак минар, оддий қул бирон жойга таклиф этса, мамнуният билан қабул қилар, қўйни боғлаб қўйиб ўзлари соғардилар. У зот меҳмонларга ўзларига хизмат қилардилар. Мўмин-мусулмонлар жанозасида қатнашиб, ҳақларига дуолар қилардилар. Бирон киши касал бўлиб қолганини эшитсалар, бориб кўриб, ҳол-аҳвол сўрар, беморнинг кўнглини кўтарадиган илиқ сўзларни айтардилар. 

 


عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجْلِسُ عَلَى الأَرْضِ وَيَأْكُلُ عَلَى الأَرْضِ وَيَعْتَقِلُ الشَّاةَ وَيُجِيبُ دَعْوَةَ الْمَمْلُوكِ عَلَى خُبْزِ الشَّعِيرِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ. 

 

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ерда ўтирар, ерда таомланар, қўйни боғлар, агар мамлук арпа унидан тайёрланган нонга таклиф этса, ижобат қилардилар” (Табароний ва Байҳақий ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан). 
    Пайғамбар алайҳиссалом хонтахтада ўтирмаганлар, таомни ерда истеъмол қилганлар. Агар бир қул арпа унидан нон ёпиб, меҳмонга чақирса, албатта ижобат қилардилар. Ҳаммага – шоҳга ҳам, гадога ҳам, бойга ҳам, камбағалга ҳам бирдек яхши муносабатда бўлардилар. 

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ مَرَّ عَلَى صِبْيَانٍ فَسَلَّمَ عَلَيْهِمْ وَقَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَفْعَلُهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ. 

 

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у болалар олдидан ўта туриб уларга салом берди ва: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар”, деди (Бухорий ривоят қилган). Болаларга салом беришлари Пайғамбаримизнинг нақадар камтар инсон бўлганларини кўрсатади. 
     Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ёшлигида болалар билан ўйнаб юрганида Расулуллоҳ алайҳиссалом улар олдига келиб салом берганлар (Ибн Можа ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ). 

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216245
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24538