Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камтарликлари
22.8.2015 4962

     Саййидул башар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсониятнинг энг улуғ ва энг камтар вакили эдилар. У зот мўминларга мулойимлик билан муомала қилардилар. Саҳобалар бой-камбағал, чиройли-хунуклигидан қатъи назар, бир хил муносабатда бўлганлар. У зот ҳаммага табассум қилардилар, сахий, мўминларга раҳм-шафқатли эдилар.

 

وَعَنْ أَبِي مَسْعُودٍ قَالَ: أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلٌ فَكَلَّمَهُ فَجَعَلَ تُرْعَدُ فَرَائِصُهُ فَقَالَ لَهُ: هَوِّنْ عَلَيْكَ فَإِنِّي لَسْتُ بِمَلِكٍ إِنَّمَا أَنَا ابْنُ امْرَأَةٍ تَأْكُلُ الْقَدِيدَ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَابْنُ سَعْدٍ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

     Абу Масъуддан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. У зот ўша киши билан гаплашдилар. Шунда у дағ-дағ қалтирай бошлади. Расулуллоҳ унга: “Қўрқма! Мен подшоҳ эмасман, қуёшда қуритилган гўшт ейдиган (оддий) аёлнинг ўғлиман”, дедилар (Ибн Можа, Ҳоким, Ибн Саъд ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Ривоятда айтилишича, бир киши ҳожат юзасидан Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига келиб, у зот билан гаплашганда ҳаяжондан қалтирай бошлади. Буни кўрган Расули акрам:

– Қўрқма! Ўзингни бос. Мен подшоҳ эмасман! Балки қуёшда қуритилган гўшт ейдиган оддий бир аёлнинг ўғлиман, – деб марҳамат қилдилар.

    У зотнинг камтарликларини қаранг! Баъзилар соясидан қўрқишларини, кўрганда тик туриб салом беришларини ёқтиради. Аммо инсониятнинг энг яхши вакили бўлган зот бир киши ҳузурларида ҳаяжондан қалтираганида, унга мулойимлик билан муомала қилдилар. Камтарлик қанақа бўлишини Пайғамбаримиздан ўрганайлик, азизлар!

 

وَعَنْ يَحْيَى بْنِ أَبِي كَثِيرٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: آكُلُ كَمَا يَأْكُلُ الْعَبْدُ وَأَجْلِسُ كَمَا يَجْلِسُ الْعَبْدُ فَإِنَّمَا أَنَا عَبْدٌ وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجْلِسُ مُحْتَفِزًا. رَوَاهُ ابْنُ سَعْدٍ فِي الطَّبَقَاتِ الْكُبْرَى.

 

   Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен бир қул каби (овқат) ейман. Бир қул каби ўтираман. Зеро, мен бир қулман”, дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (туриб кетишга шайланаётгандек) тик ўтирардилар (Ибн Саъд “Ат-табақотул кубро”да ривоят қилган).
    Расули акрам пайғамбар бўлишларига қарамай жуда камтар инсон эдилар. Қолаверса, “Мен оддий одамман. Қул қандай таом еса, шундай ейман. Қул қандай ўтирса, шундай ўтираман”, деб марҳамат қилардилар.


عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا عَلِمْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَكَلَ عَلَى سُكْرُجَةٍ قَطُّ وَلاَ خُبِزَ لَهُ مُرَقَّقٌ قَطُّ وَلاَ أَكَلَ عَلَى خِوَانٍ قَطُّ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

 

    Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сукружа еганларини, у зот учун юмшоқ нон ёпилганини, хонтахта устида таомланганларини билмайман” (Бухорий, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти). “Сукружу”ни баъзилар сиркага ўхшаш нарса, овқат ҳазми енгил бўлиши учун истеъмол қилинади, десалар, бошқалар уни лаган, дейишган.
Бу ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом таомланиш бобида ўта камтар бўлганларига ишора қилинмоқда.

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: أُتِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِتَمْرٍ عَتِيقٍ فَجَعَلَ يُفَتِّشُهُ يُخْرِجُ السُّوسَ مِنْهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эски хурмо олиб келинди. Шунда у зот хурмодаги зараркундаларни чиқариш учун уни диққат билан текшира бошладилар” (Абу Довуд ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Бу ерда эски мевалар таркибида қурт-қумурсқа бўлиши эҳтимоли бўлганда, уни текшириб истеъмол қилиниши зикр қилинмоқда. Шунингдек, бу ривоятдан мева қурт тушиши билан ҳаром бўлмаслигини ҳам билиб оламиз.
    Мазкур ривоятда Пайғамбаримизнинг камтарликларига ҳам алоҳида урғу берилмоқда. У зот пайғамбар бўла туриб, эски хурмоларни қабул қилар, уларни ўзлари текшириб кўрардилар. У зотнинг ўта улуғ мақомлари одамлар наздида кичик саналган бундай ишларни қилишдан тўсмасди.

 

عَنْ أَنَسٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اللَّهُمَّ أَحْيِنِي مِسْكِينًا وَأَمِتْنِي مِسْكِينًا وَاحْشُرْنِي فِي زُمْرَةِ الْمَسَاكِينِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَقَالَتْ عَائِشَةُ: لِمَ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: إِنَّهُمْ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ قَبْلَ أَغْنِيَائِهِمْ بِأَرْبَعِينَ خَرِيفًا يَا عَائِشَةُ لاَ تَرُدِّي الْمِسْكِينَ وَلَوْ بِشِقِّ تَمْرَةٍ يَا عَائِشَةُ أَحِبِّي الْمَسَاكِينَ وَقَرِّبِيهِمْ فَإِنَّ اللَّهَ يُقَرِّبُكِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

   Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Аллоҳ, мени мискин ҳолда яшатгин. Мени мискин ҳолда вафот эттир! Қиёмат куни мени мискинлар жамоасида ҳашр қил!” деб дуо қилдилар. Шунда Оиша: “Нима сабабдан (бундай дуо қиляпсиз,) эй Расулуллоҳ?” деб сўради. У зот: “Сабаби улар бойлардан қирқ йил олдин жаннатга кирадилар. Эй Оиша, мискинни (қуруқ) қайтарма! Яримта хурмо бериб бўлса ҳам (уларга садақа қил). Эй Оиша, мискинларни яхши кўр, уларга яқин бўл. Шунда Аллоҳ қиёмат куни сени уларга яқин қилади”, дедилар (Термизий ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
    Ибн Асир: “Бу билан у зот тавозеъ ва хокисорликни, мутакаббир кимсалардан бўлмасликни ирода қилганлар”, деган (“Мадорижус соликин”). Бошқа ривоятларда Пайғамбар алайҳиссалом бойлик сўраганлари келтирилган. Бу бобдаги далилларни жамлаган уламолар: “У зот алайҳиссалом хорликка сабаб бўлувчи қашшоқликдан, туғёнга етакловчи бойликдан паноҳ сўраганлар”, деб айтишган.

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعُودُ الْمَرِيضَ وَيَشْهَدُ الْجَنَازَةَ وَيَرْكَبُ الْحِمَارَ وَيُجِيبُ دَعْوَةَ الْعَبْدِ وَكَانَ يَوْمَ بَنِي قُرَيْظَةَ عَلَى حِمَارٍ مَخْطُومٍ بِحَبْلٍ مِنْ لِيفٍ عَلَيْهِ إِكَافٌ مِنْ لِيفٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَأَبُو يَعْلَى وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

 

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касални бориб кўрар, жанозада иштирок этар, эшак минар, қулнинг таклифини қабул қилардилар. Бани Қурайза куни ўсимлик толасидан эшилган арқон билан юганланган эшакка мингандилар. Унинг эгари ҳам толадан эди” (Термизий, Ибн Можа, Ҳоким ва Абу Яъло ривояти. Ривоят санади заиф).
   Расули акрам жундан либос кияр, эшак минар, оддий қул бирон жойга таклиф қилса, мамнуният билан қабул қилар, қўйни боғлаб қўйиб, ўзлари соғардилар. У зот меҳмонларга ўзлари хизмат қилардилар. Мўмин-мусулмонлар жанозасида қатнашиб, ҳақларига дуолар қилардилар.

 

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجْلِسُ عَلَى الأَرْضِ وَيَأْكُلُ عَلَى الأَرْضِ وَيَعْتَقِلُ الشَّاةَ وَيُجِيبُ دَعْوَةَ الْمَمْلُوكِ عَلَى خُبْزِ الشَّعِيرِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

 

   Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ерда ўтирар, ерда таомланар, қўйни боғлар, агар мамлук арпа унидан тайёрланган нонга таклиф қилса, ижобат қилардилар” (Табароний ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади ҳасан).
    Пайғамбар алайҳиссалом хонтахтада ўтирмаганлар. Таомни ерда истеъмол қилганлар. Агар бир қул арпа унидан нон ёпиб, меҳмонга чақирса, албатта ижобат қилардилар.

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ مَرَّ عَلَى صِبْيَانٍ فَسَلَّمَ عَلَيْهِمْ وَقَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَفْعَلُهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

 

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у болалар олдидан ўта туриб уларга салом берди ва: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар”, деди (Бухорий ривояти).
Болаларга салом беришлари Пайғамбаримизнинг нақадар камтар инсон бўлганларини кўрсатади.
    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ёшлигида болалар билан ўйнаб юрганида Расулуллоҳ алайҳиссалом улар олдига келиб, салом берганлар (Ибн Можа ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216815
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24574