Қизингизнинг сирдош дўсти ким?
19.12.2016 6128

    Фарзанд – бу Аллоҳ таолонинг бандасига берган энг бебаҳо моддий неъмати ҳисобланади. Неъматнинг барчасини Аллоҳ таоло беради, лекин ундан қай ҳолда фойдаланиш бандасининг фаҳмига, уқувига ва илмига боғлиқ бўлади. Айтайлик, Аллоҳ бир-бирига ўхшамас турли меваларни дарахтларда етиштириб беради. Бу гўзаллик дарахтдан узилиб, то дастурхонга тортилгунга қадар унинг ҳолати эса инсонга боғлиқ бўлади. Шу каби, фарзанддек неъматнинг камолоти ва унинг балоғатга етиб хонадондан жамият томон учирма бўлишидаги ҳолати, уни парваришлаган боғбоннинг, яъни ота-онанинг масъулиятида бўлади. Фарзанд хоҳ ўғил бўлсин, хоҳ қиз, ҳар бирининг тарбиясининг ўзига яраша масъуллиги ва талаб доираси мавжуд. Ҳар бир фарзанд туғилар экан, бу барча учун шодиёна бўлиши билан бир қаторда, ота-оналарга яна бир улкан масъулиятнинг юкланишини ҳам англатади. 
    Фарзанд тарбияси қачондан бошланиши керак? Аслини олганда, бу ишнинг учини топишнинг иложи йўқ. Чунки, бир инсонни тарбия қилиш учун тарбиячининг ўзи тарбия кўрган бўлиши лозим. Шундан маълум бўладики, тарбиянинг учини тутиш мушкул. Энг яқин нуқтасидан оладиган бўлсак, албатта, тарбия фарзанднинг онанинг юраги остида гуручнинг катталигида пайдо бўлишидан ҳам аввал бошланиши керак. Чунки, тарбия нафақат жисмоний, балки маънавий томонларни ҳам ўз ичига олади. Бунга бўлажак онанинг ҳаёт тарзи, жисмоний аҳволи, соғлиғи ва одоб-ахлоқи каби ҳолатлар киради. Маълумки, онадаги кечаётган ҳар бир жисмоний ва маънавий жараёнлар болада ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Келинг, ҳозир қиз фарзандларимизнинг тарбиясига доир баъзи масалаларни кўриб чиқсак. Яъники, ҳозир орамизда: “Қизларнинг “жинсий тарбияси” (буёғига “тарбия” деб чекланамиз) қачондан бошланиши керак?, Она қиз фарзандига бу тарбияни бериши керакми ёки бу уятми?” каби турли мулоҳазаларга сабаб бўлаётган саволлар йўқ эмас. 
    Қулоқ тутинг! Қўшни хонадонда шодиёна, қиз фарзанд дунёга келди. Яна бир нозик пардага ўралган хилқат дунё юзини кўрди. Сўнгги пайтларда, ана шу шаффоф пардага ўралган жонни, ўз эгасига топширгунга қадар, сақлай олиш каби улкан масъулият маромида адо этилаяптими деган савол туғилади. Онанинг вужудида эканлигида бошланган тарбия энди янада хушёрлик билан давом этади. Маълумки, инсон танасидаги асосий жисмоний шаклланиш ва жиддий ўзгаришлар айнан балоғат ёшигача содир бўлади. Шундан келиб чиқиб, тарбия балоғат ёшига етганида, яъни қиз бола ўзидаги ҳар бир руҳий ва жисмоний ўзгаришни ё ўзича ё атрофдагиларнинг қаричи билан ўзлаштириб бўлганда эмас, балки гўдаклигидан бошланиши керак. Она бу масалада қиз фарзандининг ҳаётидаги ҳар бир сониясида бирга бўлиши ва устозлик қилиши керак. Бу, авваламбор, (гигиена) жисмоний тозалик меъёрларига риоя қилишдан бошланиб, орасталик, ҳаё ва одоб-ахлоқ томонларини қамраб олади. Ҳали тафаккури шаклланмаган гўдак тақлидга жуда мойил бўлади, яъни у қуруқ гап эмас, балки хатти-ҳаракатдан кўпроқ ўрганади. Демак, она, авваламбор, ўзи ўрнак бўла оладиган даражада ҳаёт тарзини олиб бориши керак. Ўзи одоб меъёрларидан чиққан, лафзи хунук бўлган ва бетартиб ҳаёт кечирадиган онадан кутилган натижани олиш мушкул. Ахир, бежиз “Онасини кўриб, қизини ол”, дейишмайди. 
    Она қизининг тарбиясини назорат қилиши учун ва ундаги ҳар бир ўзгариш ва кечинмаларидан бохабар бўлиб туриши учун, албатта, гўдаклигидан у билан эринмай вақт ажратиб суҳбат қуриши, ҳар бир саволига сабр билан жавоб бериши ва ўзи ҳам уни саволга тутиши лозим. Бу жараён болаларнинг эртак китобларини, фарзандига суратини тамоша қилиб, ўзи билганича тушуниши учун эмас, балки биргаликда ўқиб, фикр алмашинишдан, эртакни шунчаки эртак деб қабул қилаётган фарзандига унинг моҳиятини ва тарбиявий аҳамиятини болалар тилида изоҳлаб бериб, ҳаётга татбиқ эттира билиш каби, аслида, оддий кўринган жараёнлардан бошланади. Онанинг фарзанди билан мулоқоти ва ҳаракатлари қанчалик бирга амалга оширилса, фарзанд шунчалик ўзини онага яқин олади ва бу кундалик юмушлар масаласидаги яқинликдан шахсий ва нозик масалаларда ҳам сирдошга айланишига олиб келади, шубҳасиз. Ва кейинчалик, фарзанд сиз кутмаган вақтларда ҳам атрофида бўлаётган ҳар бир таассуротидан тортиб, вужудида кечаётган ўзгаришлар, кечинмалар ва муаммолари билан ҳам ўртоқлашиб, маслаҳатингизни кутади. Бу ишда энг катта ютуқ шундаки, қизингиз бу саволларга жавобни атрофидагилардан эмас, балки сиздан қидиради. Чунки, бундай ёшда уларда шундай нозик ва қалтис саволлар туғиладики, уларга бегоналарнинг ўз турли қаричлари билан берадиган жавоблари ҳар доим ҳам яхши натижага олиб келмаслиги мумкин. 
   Болалик даври ҳам ўтиб, балоғат даври бошланади. Қизимиз “эртак”дан ҳақиқатга қадам қўяди. Бу жуда мураккаб ва қийин давр бўлиб, бу вақтда болада ҳам тафаккур, ҳам жисмоний етилиш ва “мен” ҳисси баробар уйғониб, ҳар бири бир-бирига йўл бермайдиган айрича ҳис бўлиб, болада бу нарса турлича акс этади. Ана шу акс этиш, авваламбор, айниқса, онанинг фарзандини бу ҳолатга қанчалик тайёрлаганига боғлиқ бўлади ва дарахт илк мевасини беради. Албатта, шаръий меъёрлардан бохабар ҳолда олиб борилган тарбия натижаси – фарзандингиз юқорида саналган ҳисларни жиловлай олишида таянч бўлади. Жисмоний етуклик билан ўсмирларда уйғонадиган, аслида, жисмоний меъёр ҳисобланган, хирс ва шаҳват ҳисси, айниқса, қизларда ўта нозик масала ҳисобланади. Тарбия жиловини йўқотган ҳолларда бу ўзгаришнинг оқибатлари, ички ва ташқи томондан ўзини намоён этиши жуда хунук оқибатларга олиб келади. Юқоридаги ўзгаришларнинг ижобий ва салбий оқибатларининг ўртасидаги “парда” деганда, жуда катта мазмун назарда тутилган бўлиб, она қай даражада ана шу пардани сақлай олгани айнан шу даврда ўз ифодасини топади. Бунинг гувоҳи бўлиш учун, бир муддат кўча-куйда ёшларнинг ўзларини жамиятда қандай тутишларини кузатиб туриб хулоса қилса бўлади. Энг ачинарлиси шуки, баъзи қизларда ички жисмоний ўзгаришнинг жўш ураётгани, нафақат, уларнинг ўзини тутиши ва кийинишида, балки нигоҳларининг ўткирлиги ва пардасизлигида яққол намоён бўлаяпти. Ана шу жўшиб кетишга олиб келаётган сабабларни санайдиган бўлсак, булар ота-онанинг назоратисиз қолган ўғил ва қизларнинг телефон, Интернет каби воситалардан ўзи билганича фойдаланиши, мумкин ва мумкин бўлмаган нарсаларни тамоша қилиб, тенгдошлари билан меъёрини билмаган мавзуларда мулоқот қилишлари ва ўзларини катта бўлиб қолган деб ҳисоблашлари бўлаяпти. Аввал, бу нарсаларга кўз гувоҳ бўлиб, онгга узатади ва худди назарий билимни амалда қўллангани каби жисмоний ўзгаришларга қўшилиб хирсни уйғотади. Оқибатида, бу нарсанинг илк белгиси – ўзини кўз-кўз қилиш, эътиборни тортишга ҳаракат қилиш бўлади. Бунинг кейинги оқибатларини тафаккур қилишнинг ўзи қўрқинчли. 
   Бу муаммони бошқа томондан олиб қарайлик. Қиз фарзанднинг сирдоши, юқорида айтиб ўтганимиздек, она бўлиб, у ҳар бир ҳолатдан хабардор ва ҳар бир тўсиқ учун қизини олдиндан тайёрлаб боради. Балоғат ёшидаги ўзгаришлар жуда тушунарсиз ва жиловлаш мушкул бўлган вазиятки, бунинг назорати ва чегарасини тутишнинг ягона йўли – қизингизни миллий анъаналар ва шаръий меъёрлар доирасида, яъни ҳаё ва одоб каби ҳислатлар билан тарбия қилишдир. Қиз фарзанднинг кўраётган нарсаларидан тортиб, унинг атрофидаги муҳитни назоратда сақланса, ана шу “парда” ҳам тўғри, ҳам мажозий маънода ўз бутунлигини йўқотмайди. Она қизи билан кундалик масалалардан тортиб, нозик масалаларда ҳам маслакдош бўлиши шарт. 
    Хулоса қилиб шуни айтмоқчи эдикки, қиз бола худди нашрдан энди чиқиб, очилмаган ва ўқилмаган янги китобга ўхшайди. Унинг эгаси уни биринчи бор очиб ўқиган инсон бўлиши керак. Ана шундай китобни ва очиб ўқилавергандан варақлари эскириб, бир ҳолга келган китобни кўз олдимизга бир келтириб кўрайлик. Бутун умрга сизга ҳамроҳликка танлайдиган бўлсангиз, қай бирини танлаган бўлардингиз? Бу саволга ҳамма ўзи учун жавоб бериши мумкин. 

Тошкент ислом институти ва Хадичаи Кубро ислом билим юрти ўқитувчиси Саодат Валиева 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 69657
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

10275