“Ўткан кунлар”ни тушунмаган европалик китобхон
Гоҳо бадиий ижодда миллийлик ва умумбашарийлик деган тушунчалар орасида тафовут бор, деган гап қулоққа чалинади. Бу фикрда жон йўқ эмас. Гарчанд муқаддас Қуръони каримда Аллоҳ жами инсон қавмини бир ота-она – Одам Ато ва Момо Ҳавводан яратгани таъкидланган бўлса-да, турли миллат ва элатларнинг ўз дунёқараши, ўз ҳаёт тарзи бор. Қаламкаш, табиийки, биринчи навбатда ўз халқини тасвирлайди. Дейлик, Шарқ ёзувчисининг асаридаги қаҳрамоннинг хатти-ҳаракатлари Ғарб китобхонини, Ғарб ёзувчиси асаридаги қаҳрамон Шарқ китобхонини ишонтирмаслиги, ҳатто эриш туюлиши мумкин.
Бундан анча йил аввал денгиз бўйига дам олишга бордим. Россиянинг олис бурчагидан келган оила билан ҳамроҳ бўлиб қолдик. Зиёли, китобхон одамлар экан. Қўлимда “Ўткан кунлар” романининг русча нашри бор эди. Ўқишга бердим. Эр-хотин китобни тез ўқиб чиқишди. Ҳар иккови асардан қаттиқ таъсирланганини, айниқса, Кумушнинг ўлимини ўқиётганда изтиробга тушганини айтишди. Ўзларига маъқул келмаган жойлари борлигини ҳам яширишмади.
– Мен Кумушга тушунмадим, – деди аёл. – Эри ойлаб ташлаб кетса – индамаса. “Талоқ” хати ёзса, йиғлаб ўтираверса. Эри устига хотин олса ҳам “розиман”, деса... Шундай ёш, гўзал аёлга эркак зоти қуриб қолганмиди? Нимага исён кўтармайди?
Эркак ҳам эътирозини айтди:
– Майли, Кумуш феодализм қурбони бўла қолсин. Отабек-чи? Эркак киши ҳам шунчалик нотавон бўладими? Ота-онаси иккинчи марта уйланасан, деса севимли хотини бўлатуриб, Зайнабга уйланаверадими? “Қўлингдан келганини қилларинг, менга Кумушдан бошқаси керакмас”, демайдими?
Дам олишдан қайтиб келсам, ўша кезлари Лев Толстойнинг романи асосида яратилган “Анна Каренина” фильми қўйилаётган экан. Тасодифан бир деҳқон дўстим билан кинога тушиб қолдик. Кўриб чиққач, “Қалай”, деб сўрасам, дўстим жаҳл билан қўл силтади. “Киноси ёқмади, анави Анна дегани суюқоёқ хотин экан. Гулдек боласи бўлса, меҳрибон эри бўлса, бегона эркакнинг этагидан тутиб кетаверадими, яхши бўлди, поезд босиб кетди!”
Отабек билан Кумуш қисматини тушунмагани учун Европа китобхони айбдор эмас. Уларнинг тақдирини шундай тавсирлагани учун Қодирий ҳам айбдор эмас. Анна Каренина қисматини тушунмагани учун ўзбек китобхони айбдор эмас. Унинг тақдирини шундай тасвирлагани учун Толстой ҳам айбдор эмас.
Ёзувчи бошқа халқ вакилига “мос келиш-келмаслигидан” қатъи назар ўз халқининг бетакрор оламини тасвирлайди. Бироқ бу унинг асарида умумбашарий тушунчалар йўқ, деган маънони англатмайди. Истеъдодли ижодкор муҳаббат ва нафрат, садоқат ва хиёнат, меҳр ва қаҳр, ҳаёт ва мамот деган абадий муаммоларни қаламга олади. Фақат ҳар бири уларни ўз бўёғи, ўз тили, ўз оҳанги билан тасвирлайди.
Ўткир Ҳошимов ижодидан