ОТА-ОНАНИНГ ҚАДРИГА ЕТАЙЛИК
19.2.2016 6828

    Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилиб, инсон зурриёти дунё ва охиратда саодат аҳлидан бўлишига чорловчи таълимотларни мукаммал баён қилган: “Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик". (Наҳл сураси. 89 оят).
    Ҳар бир ота-она ўз фарзандини барча имкониятларини сарфлаб уларни тарбиялайди ва таълим беради. Айниқса оналар ёш гўдаклари вояга етгунга қадар кеча ва кундуз тинимсиз машаққат чекадилар. Демак, ҳар бир фарзанд буни яхши англаши керак.
    Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг йигирмадан зиёд оятида ота-она ҳурмати, уларга яхшилик қилиш ва розиликларини топиш муҳим амаллардан эканини баён қилган: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик...” (Анкабут сураси, 8-оят). Демак, фарзанд ота-онасига яхши муомалада, бўлиши уларнинг хизматида бўлишлари лозим бўлади. Жаноб Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ҳадисларида ота-онага яхшилик қилиш ҳақида шундай деганлар: "Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг розиликларига боғлиқ. Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг но­розилигига қараб бўлади", дейилади. (Табароний ри­вояти).

 

Фарзанд қуйидаги амалларни бажаришлиги зарур:

 

Аввало барча ишларда ота-онадан маслаҳат олишлари;

 

Яхши нарсаларни ўзидан аввал ота-онага тақдим этиши;

 

Ота-онанинг маслаҳат ва насиҳатларини жону дил билан қабул қилиши; (Луқмони ҳакимдан, сиз нега ҳадеб ўғилларингизга насиҳат қилаверасиз? деб сўрашганда, “Кексаларнинг насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилган кабидир”, деб жавоб бердилар).

 

Ота-онанинг рухсатисиз уларнинг хонасига кирмаслик;

 

Уларни олдида баланд овозда гапирмаслик ва “уфф” демаслик;

 

Ота-онадан олдин аввал таомга қўл узатмаслик;

 

Улар олдиларида оёқларини чўзмаслик, ёнбошламаслик, улардан юқорида ўтирмаслик;

 

Фарзанд ота-онанинг кўнгилларини топиб розилигини олиши шарт;

 

Ота-онанинг озиқ-овқати, кийим-кечаги ва соғлиғидан ўз вақтида хабар олиб туриш керак.

 

      Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-66-моддаларида: “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” (64-модда), “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” (66-модда), деб ёзилган.    

     Ҳақ таоло биз фарзандларга ота-оналарни тез-тез зиёрат қилиш, улардан хабардор бўлиши ҳақларига дуо ва истиғфорлар айтиб туришга буюрган: “Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”(Исро сураси , 24 оят). Бошқа бир оятда эса: "Эй Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўмин­ларни мағфират қилгин!" дейди. (Иброҳим сураси, 41 оят). Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий ота-она ҳаққига нозил бўлган оятларнинг тафсирида айтадилар: "Ким ўз ота-онасини беш вақт намоздан сўнг дуо қилиб юрса, демак, у ота-онаси ҳақларини адо қилган бўлади".
     Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Пайғамба­римиздан алайҳиссалом ривоят қилади : "Қайси бир солиҳ фарзанд ўз ота-онасининг юзларига меҳру шафқат назари ила боқса, Ҳақ таоло у кишининг ҳар бир қилган назарига бир ҳаж қилганнинг савобини бергай. Шунда саҳобалар сўрадилар: "Ё Расулуллоҳ, бир кунда юз марта боқса ҳам, юз ҳажнинг савоби ёзилаверадими?" Ҳазрат: "Албатта, Аллоҳ таоло карами кенг, улуғ зотдир ва ажру савобларини яхши бандаларидан дариғ тутмагай", деб жавоб бердилар.
    Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Бир киши йиғлаб қолган ота-онасини ташлаб ҳижрат қилиш учун Набийнинг(соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдиларига келганида, Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Уларнинг олдига қайтгин ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, дедилар.
    Яна бир ҳадиси шарифда бир киши келиб жаноби Сарвари оламдан сўради: "Ота-онам вафот этдилар. Энди уларга нима қилсам, зиммамдаги ҳақларини адо этган бўламан?" Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ота-она вафот этгач, фарзандларнинг зимма­ларига вожиб ишлар, аввало, уларга жаноза намози ўқиш, вақти-вақти билан дуоюистиғфорлар айтиб туриш, қилиб кетган барча васиятларини ижро этиш, уларга яқин бўлган ёру дўст, қариндошларини иззату ҳурмат қилиш, ота-она тарафидан бўлган қавму қариндошларга силаи раҳм бажо келтириш, қабрларини зиёрат қилиб туриш, бировлардан қарз ёки омонат олган бўлишса, уларни эгаларига етказиш", деб айтган эканлар.
     Вафот этиб кетган ота-оналарнинг руҳлари шод бўладиган амалларнинг энг улуғи фар­занд­ларнинг солиҳ ва қобил бўлишларидир. Агар фарзанд ўзини ёмон йўллардан, гуноҳ ишлардан сақлаб, рушду ҳидоят, тоат-ибодатда юрадиган бўлса, бунинг савоби­дан ўзи ва зурриётларигина эмас, балки ўтиб кетган ота-оналар ҳам албатта баҳраманд бўлишади. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси муборакларида башорат бериб бундай деганлар: «Инсон вафот этиши билан номаи аъмолига гуноҳу савоб ёзилиши ҳам тўхтайди. Аммо уч иш бор, агар маййит ҳоли ҳаётлик вақтида улардан қайси бирини қилиб кетган бўлса, ундан ҳосил бўладиган са­воб­лардан маййитнинг номаи аъмолига ёзилиб тура­веради. Булар садақаи жория, фойдали илм ва солиҳ фарзанддир» (Муттафақун алайҳ).
     Фарзанд зиммасида, айниқса, онанинг ҳаққи улуғдир. Чунки она фарзандини тўққиз ой қорнида кўта­риб юради, туғилгач, бор меҳри, куч-қувватини бағиш­лаб, уни боқади, кечалари неча бор бедор бўлиб, таомлантиради, оқ ювиб, оқ тарайди, шодлигида севинади, ғамга ботса, баравар қайғуради, қўйинг-чи, бутун борлиғини фарзан­дига бах­шида қилади. Шундай бўлгач, фарзанд бир умр ҳам она ҳаққини адо қилаолмайди.
     Бир куни келиб кечагина навқиронлик ва бақув­ватликдан масрур юрган ота кексайиб, қадди дол бўлади. Фарзандлар отала­рига чиройли муомала қилишлари, қўлларидан келганича ёрдам беришлари керак бўлади.
     Аммо айрим ёшлар бугунги кунда оталарига қўпол, ёмон муомалада бўладиганлар, илтимосларини бажа­риш­ни "эсдан чиқариб" қўядиганлар ҳам бор. Уларнинг дилини оғритадиган, ўзининг ёмон хулқи билан эл орасида отасини қиладиган, ҳатто отага қўл кўтаришгача борадиган нобакор фарзандлар ҳам учраб туриши сир эмас. Энг ачинарлиси, баъзи ноқобил ўғил-қизлар бойлик ва имкониятлари бўлгани ҳолда, оталари кексайиб қолганларида уларни эъзозлаб парваришлаш ўрнига ё қаровсиз ташлаб қўйишади, ёки қариялар уйига жўнатишади. Айрим фарзандлар кек­сайган оталарининг дуоларини олиш ўрнига, аксин­ча, дийдорига зор қиладилар. Бу борада Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз сизларга ҳам яхшилик қилишади ...”.
     Солиҳ аждодларимиз оталарга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишда, уларни рози қилиб, фарзандлик бурчла­рини шараф билан ўташда авлодларга ибрат ва намуна бўлишган. Умар ибн Зар (р.ҳ) айтади: "Агар кундузи юрсам, ўғлим одоб юзасидан ортимда келар, кечаси эса менга бирон озор етишидан қўрқиб олдимда борар, мендан юқо­рида бўлмаслик учун ҳатто мен турган уй томига ҳам чиқмас эди".
     Имом Товус (р.ҳ)айтади: "Тўрт тоифа инсонларни ҳур­мат қилиш суннатдир: олимни, оқсоқолни, султонни ва отани. Кишининг ота исмини айтиб чақириши қўпол­ликдир». Азизлар, барча улуғ ёшдаги нуроний отахон ва онахонларимизни доимо дуоларини олишга, хизматларида қоим туришга харакат қилайлик.

 

Шайх Абдураззоқ ЮНУС,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

www.muslim.uz 

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216397
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553